ИИВ раҳбариятидаги жиноят иши: Президент давлат харидларидаги 186 млрд сўмлик ўзлаштириш ҳақида гапирди

ИИВ раҳбариятидаги жиноят иши: Президент давлат харидларидаги 186 млрд сўмлик ўзлаштириш ҳақида гапирди

Ўзбекистонда 53 триллион сўмлик талон-торож ва молиявий камчиликлар фош этилди, коррупция схемаларидан етказилган зарар 4,2 триллион сўмни ташкил этди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

«Билиб қўйинглар, давлатнинг ҳар бир сўми бўйича таъсирчан назорат ўрнатилади. Жавобгарлик муқаррар, жазо қаттиқ бўлади!», — деб таъкидлади у.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, яқинда Президент администрацияси ва давлат идораларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тизими йўлга қўйилди. Қисқа муддатда буджетга тушум, талон-торож, молиявий камчиликлар бўйича 53 триллион сўм ва ташқи савдо операцияда 8 миллиард доллардан ортиқ қарздорлик аниқлангани ўта аянчли ҳолат экани қайд этилди.

Коррупциявий схемалар бўйича 4,2 триллион сўм зарар аниқланиб, 1,3 триллион сўми ундирилди, 55 нафар шахс қамоққа олинди.

Мисол тариқасида президент ички ишлар вазирлиги тизимидаги вазиятни келтирди, унда давлат харидлари давомида 186 млрд сўм бюджет маблағларининг ўзлаштирилгани аниқланган.

ИИВ раҳбариятидаги жиноят иши: Президент давлат харидларидаги 186 млрд сўмлик ўзлаштириш ҳақида гапирди
У ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари ва Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсуновга қарши жиноий иш қўзғатилганини тасдиқлади.

Давлат раҳбари давлат идоралари ва корхоналарида хавфсизлик учун масъуллар фаолиятини ҳам танқидий қайта кўриб чиқиш вақти келганини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев ҳуқуқ-тартибот тизимида хизмат ўташ чегараси полковниклар учун 55 ёш, генераллар учун 60 ёш бўлсада, ҳозир бу ёшдан ошган 300 дан ортиқ ходим раҳбарлик лавозимида ишлаётганини кўрсатиб ўтди.

Ваҳоланки, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида раҳбар кадрларнинг барчасининг ёши 50 ёшдан кичик.

«Бизга юқори касбий компетенсияларга эга, талабчан ёш раҳбарлар корпуси керак», — деди президент.

У раҳбарликка ёш кадрларни қўйиш, пенсия ёшидагиларнинг тажрибасидан мураббий ва ўқитувчи сифатида фойдаланиш ёки маҳаллада ёшларга устозлик қиладиган тизим яратиш муҳимлигини қайд этди.

Шу йиғилишда Шавкат Мирзиёев жиноятларни фош қилиш ва олдини олиш ўрнига Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султонхўжаев, Тошкент шаҳар прокурори в.б. Анвар Ўрмонов фақат микроавтобусда шаҳар айланиш билан бандлиги ҳақида гапирди. Шу туфайли Султонхўжаев ва Ўрмоновга ҳайфсан берилиб, олти ойлик синов муддати тайинланиши белгиланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.