Президент Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган киберхавфсизлик стратегиясини тасдиқлади

Президент Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган киберхавфсизлик стратегиясини тасдиқлади

Шавкат Мирзиёев 10 март куни 2026−2030 йилларга мўлжалланган Киберхавфсизлик стратегиясини белгилаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжатда бир неча асосий йўналишлар белгилаб берилган:

  • муҳим ахборот ва давлат рақамли инфратузилмасини ҳимоя қилиш;
  • киберхавфларни тизимли камайтириш ҳамда фуқаролар, хусусий сектор ва давлатнинг рақамли хавфсизлик даражасини ошириш;
  • кибержиноятчиликка қарши курашиш;
  • соҳада рақамли инновациялар, сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш.

Киберхавфсизлик соҳасида технологик мустақилликка эришиш вазифаси алоҳида қайд этилган.

Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби раислигида Киберхавфсизликни таъминлаш ва кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирувчи миллий кенгаш ташкил этилмоқда. 1 июлга қадар вазирлик ва идораларнинг ишчи гуруҳлари рақамли ҳукумат ва банк-молия соҳасидаги ахборот тизимларининг киберхавфсизлик ҳолати бўйича баҳолашни кенгашга тақдим этади.

Ўз ахборот хавфсизлиги бўлинмаларига эга бўлмаган давлат органларига ушбу функцияларни ташқи пудратчиларга топширишга рухсат берилади. Бунда фақат Давлат хавфсизлик хизмати томонидан юритиладиган махсус реестрга киритилган компаниялар билан ишлаш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, ДХХ миллий ахборот тизимлари ва ресурсларининг замонавий киберҳужумларга чидамлилигини ошириш мақсадида мустақил экспертлар иштирокида заифликларни аниқлаш бўйича танловлар ўтказади.

Давлат идораларида киберхавфсизлик бўлимлари бўлади


1 апрелдан бошлаб Адлия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва Солиқ қўмитасида камида тўрт нафар ходимдан иборат киберхавфсизликни таъминлаш бўйича ихтисослаштирилган бўлинмалар ташкил этилади.

Киберхавфсизлик тузилмалари, шунингдек, қуйидаги давлат органларининг амалдаги штат бирликлари доирасида шакллантирилиши керак:

  • Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси;
  • Миграция агентлиги;
  • Энергия самарадорлиги миллий агентлиги;
  • ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш департаменти;
  • Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги;
  • Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги;
  • Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги;
  • Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги;
  • Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси;
  • Ёшлар ишлари агентлиги;
  • «Ўзбекгидроэнерго».

Давлат органлари раҳбарларининг киберҳимоя чораларини амалга ошириш бўйича шахсий жавобгарлиги кучайтирилмоқда. Шу билан бирга, киберхавфсизлик соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни қаттиқлаштириш кўзда тутилмоқда.

1 апрелдан бошлаб давлат органлари киберхавфсизлик учун маблағларни бюджет ва ўзларининг бюджетдан ташқари жамғармалари доирасида йўналтиришлари шарт.

Инфратузилма


Киберхавфсизлик ҳодисаларини мониторинг қилиш ва уларга чора кўриш миллий тизими (SOC) ташкил этилмоқда. Давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва ресурсларида, шунингдек, муҳим ахборот инфратузилмаси объектларида заифликлар ва камчиликларни аниқлаш тизимлари жорий этилади.

Янги киберхатарлар ҳамда заифликлар бўйича тезкор маълумот алмашинуви йўлга қўйилади ва бу ҳақда киберхавфсизлик соҳаси иштирокчиларини хабардор қилиш тизими яратилади.

Кибержиноятчиликка қарши кураш


Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кибержиноятларни олдини олиш, аниқлаш ва фош этиш бўйича ишларини кучайтириш режалаштирилган. Стратегияга мувофиқ, киберҳужумларга чора кўриш билан шуғулланувчи тезкор гуруҳларнинг тайёргарлик даражаси доимий равишда ошириб борилиши керак.

Куч ишлатар тузилмаларнинг олий таълим муассасалари киберкриминалистларни тайёрлайди. Бундай жиноятларни самаралироқ тергов қилиш учун тезкор-қидирув ва тергов фаолиятининг замонавий усулларини фаол жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида рақамли криминалистика ривожлантирилади, жумладан, ихтисослаштирилган лабораториялар ташкил этилади, рақамли далилларни йиғиш ва таҳлил қилиш йўлга қўйилади, шунингдек, тергов қилиш услублари ва технологиялари ишлаб чиқилади ҳамда жорий этилади.

Ички ишлар вазирлиги тузилмасида тезкор фаолиятни ахборот-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун киберлаборатория ташкил этилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари кибермакондаги фирибгарликларнинг олдини олиши ва фуқароларни кибержиноятлар ҳақида хабардор қилиб бориши шарт. Кибержиноятлар бўйича ариза ва хабарларни топшириш жараёнини, шу жумладан онлайн-хизматлар ва махсус платформалар орқали соддалаштириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, давлат органлари ходимлари учун мунтазам тренинглар ҳамда аҳоли учун ахборот кампаниялари ўтказилиши кўзда тутилган. Унда ОАВ ва таълим материаллари орқали киберхавфсизликнинг асосий қоидалари тушунтирилади.

Ушбу соҳадаги қонунчилик ҳам қайта кўриб чиқилади: ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилади, кибермакондаги янги турдаги ҳуқуқбузарликлар учун эса алоҳида нормалар жорий этилади.

Алоҳида бўлим телефон ва интернет фирибгарлигига қарши курашишга қаратилган. Фирибгарлик сайтларини автоматик равишда аниқлайдиган антифишинг платформасини яратиш режалаштирилган. Шунингдек, шубҳали қўнғироқларни аниқлаш ва блоклаш ёки улар ҳақида огоҳлантириш механизмлари кўзда тутилган.

Алоқа операторлари учун шубҳали ва исталмаган қўнғироқларни, жумладан, спам ва реклама қўнғироқларини блоклаш ёки фильтрлаш бўйича мажбуриятлар юкланиши мумкин.

Кибермаданиятга ўқитиш


Мактабларнинг юқори синфларида тарбия соатлари доирасида кибермаданият бўйича машғулотлар жорий этилади.

2026 йил якунига қадар киберхавфсизлик асослари бўйича курслар мавжуд бўлган онлайн платформаларни ишлаб чиқиш, шунингдек, талабалар ва мактаб ўқувчилари учун ижтимоий роликлар тайёрлаш режалаштирилган.

Ҳудудларда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида киберхавфсизлик клублари ташкил этилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.