Қаллибек Камалов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланади

Қаллибек Камалов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланади

2026 йилда Қаллибек Камалов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонланади. Бу Вазирлар маҳкамасининг 16 март куни қабул қилинган қарорида [ВМҚ 103-сон] белгиланди.

Қарор билан юбилей тадбирларини ташкил этиш учун ташкилий қўмита тузилиб, унга тадбирларни юқори савияда ўтказиш ва дастур ижросини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди.

Дастур доирасида 2026 йил 18 март куни Нукус шаҳридаги «Оқ қуш» мажмуасида ифторлик ташкил этиш, «9 май — Хотира ва қадрлаш куни» муносабати билан «Уч авлод учрашуви» ва илмий-амалий конференция ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, давлат арбобининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм ҳамда китоб-альбом тайёрланади, у яшаган хонадонга ёдгорлик лавҳаси ўрнатилади, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилади.

Тегишли харажатлар республика бюджети, шунингдек, Кинематография агентлиги ва Ўзбекистон Бадиий академияси учун ажратилган маблағлар доирасида қопланади.

Эслатиб ўтамиз, Қаллибек Камалов 11 февраль куни вафот этганди.

Қаллибек Камалов ким?


Қаллибек Камалов 1926 йил 18 мартда туғилган. 1947 йилда Қорақалпоғистон ўқитувчилар институтини тамомлаган. Олий ўқув юртини тугатгунга қадар ўқитувчи бўлиб ишлаган, кейин комсомол ишига юборилган.

Турли йилларда Қорақалпоғистон АССР Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Нукус шаҳар ижроия қўмитаси раиси, коммунал хўжалиги вазири, республика автомобиль транспорти ва автомобиль йўллари вазири бўлган.

1958−1959 йилларда Ўзбекистон Компартияси Қорақалпоғистон қўмитаси котиби, 1959−1963 йилларда Қорақалпоғистон АССР Вазирлар Кенгаши раиси, 1963−1984 йилларда Ўзбекистон Компартияси Қорақалпоғистон қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган.

1984−1986 йилларда СССРнинг Констанса (Руминия) шаҳридаги бош консули бўлган.

1987 йилда «пахта иши» бўйича қамоққа олинган. 1989 йил охирида у 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди ва Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвони ва кўплаб мукофотлардан маҳрум қилинди. Кейинчалик у иш бўйича бошқа маҳкумлар каби афв этилди.

Қаллибек Камаловнинг укаси Тимур Камалов 1997—2002 йилларда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси (республикадаги энг юқори лавозим) раиси бўлган. Худди шу лавозимда 2020 йил октябридан 2022 йил ёзигача Қаллибек Камаловнинг ўғли Мурат Камалов ишлаган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.