«Жаҳондаги ҳозирги ғоят мураккаб вазиятда оила ва маҳаллаларда, бутун мамлакатимизда осойишталик, файзу барака муҳитини сақлаш, ёшларимизни ёт ва бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш ўта долзарб вазифамиз бўлиб қолмоқда», — деб таъкидлади у.
«Биз бу борада катта ҳаётий тажрибага эга бўлган муҳтарам отахон ва онахонларимиз, жонкуяр ака-ука ва опа-сингилларимиз, ҳурматли зиёли ва уламоларимизга, маҳалла фаоллари ҳамда ташаббускор ёшларимизга таянамиз», — деди президент.
«Ушбу шукуҳли онларда барчамизни мана шундай файзли ва саодатли кунларга етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз», — дейилади табрикда.
Шавкат Мирзиёев жорий йилда Рамазон ойи арафасида эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларни даволатиш учун 1 триллион сўм маблағ ажратилганини — бу охирги 35 йил ичида илк бор бундай катта ҳажмда амалга оширилганини эслатиб ўтди. Эҳтиёжманд оилалар, «Мурувват» ва «Саховат» уйларида яшовчилар ҳамда хориждаги ватандошлар учун эса 30 мингдан ортиқ ифторлик тадбирлари ўтказилди.
«Бундай олийжаноб ишлар муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятига уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, инсон қадрини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларимизнинг улкан амалий натижалари сифатида барчамизни хурсанд қилади», — деди давлат раҳбари.
«Бугунги кунда янги Ўзбекистон ўз тараққиётининг янада муҳим босқичига қадам қўймоқда. Кенг кўламли янгиланиш жараёнлари туфайли ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида ўсиш ва юксалиш суръатлари ортиб бормоқда. Диний-маърифий соҳани ривожлантириш, ислом цивилизациясининг бой меросини чуқур ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилиш борасида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда», — деб таъкидлади президент.
У пойтахтда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанд вилоятида эса Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг очилишини халқ учун муносиб туҳфа деб атади. Самарқандда, шунингдек, Имом Мотуридий мажмуасини реконструкция қилиш ишлари давом этмоқда.
Яқин кунларда Тошкентда Халқаро бағрикенглик ва динлараро мулоқот маркази иш бошлайди. «Ушбу марказ ватанимизнинг миллатлар ва динлараро мулоқот ва ҳамкорлик, тинчлик ва дўстлик диёри сифатидаги нуфузини оширишга хизмат қилади, деб ишонаман», — деди Шавкат Мирзиёев.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.