Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Жиззахдаги АЭС қурилиши масаласини муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Жиззахдаги АЭС қурилиши масаласини муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев 24 март куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, унда Ўзбекистон — Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 10 фоизга ўсиб, 13 миллиард долларга етгани, 2026 йил бошидан эса яна 32 фоизга кўпайгани маълум қилинди.

Суҳбатда Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳасини илгари суришга эътибор қаратилган.

Томонлар «ИННОПРОМ Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасининг навбатдагисини 2026 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказишга фаол тайёргарлик кўраётгани таъкидланди.

Давлат раҳбарлари, шунингдек, Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Украинадаги вазият юзасидан фикр алмашди. Бўлажак тадбирлар режаси ҳам муҳокама қилинди.

Россия президенти матбуот хизматининг ёзишича, президентлар атом энергетикаси, саноат ишлаб чиқариши ва транспорт соҳаларида қатор йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилган.

«Хусусан, бугун Ўзбекистонда Россия дизайнидаги АЭС қурилиш майдонида бетон ишларини бошлаш маросими бўлиб ўтгани, 16 март куни эса Россиянинг етакчи машинасозлик корхоналари томонидан ускуналар етказиб берилган Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилгани мамнуният билан қайд этилди», — дейилади Кремль хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 24 март куни «Ўзатом» ва «Росатом» ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни ҳамда АЭС қурилиши шартномасига доир келишув имзолади. Лойиҳа янги конфигурацияда — йирик ва кичик энергия блокларининг уйғунлиги асосида амалга оширилади, Жиззах вилоятидаги майдончада эса бетонлаш ишлари бошланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.