АҚШ тажовузининг тўхтатилиши оташкесимнинг энг муҳим натижаси бўлди. Шунингдек, АҚШнинг бир қатор ваъдаларини бузишига қарамасдан, унинг Эрон, минтақадаги режалари ҳамда Ҳурмуз бўғозини қайта очиш борасидаги мақсадларида муваффақиятсизликка учрагани аниқ кўринмоқда.
АҚШнинг зўравонликка асосланган сиёсати ва Венесуэла мисолидаги каби намойишкорона ҳаракатлари Эронга нисбатан иш бермади. Эроннинг ҳушёр халқи жараёнларни кузатмоқда, мамлакат қуролли кучлари миллий манфаатларни қатъият билан ҳимоя қилмоқда ва янги раҳбарият бошчилигида бошқарув тизими барқарор равишда ишламоқда.
Шу билан бирга, халқаро ҳамжамият мазкур хавфли ва тажовузкорона сиёсатга қарши муносабат билдириши зарур.
Эрон АҚШга ишонч билдириш ўрнига текшириб кўриш тамойилига таянади, чунки АҚШнинг Эрон ядро дастури тўғрисидаги келишувдан 2018 йилда бир томонлама чиқиши сингари салбий тажриба ишончсизликни янада кучайтиради. «Қадамга — қадам» тамойили Эрон томонининг кун тартибида бўлиб, бу оташкесимнинг муваффақиятли бўлишини таъминлайди.
АҚШ музокараларда барқарор позицияга эга эмас ва ҳатто мустақил қарор қабул қилиш қобилиятини ҳам йўқотган. Шу билан бирга, сионистик режим лоббисининг Оқ уй қарорларига таъсири ҳам яққол кўринади. Шубҳасиз, узоқ муддатли келишувга фақатгина Оқ уй қарорларининг сионистик режим таъсиридан мустақил бўлиши орқали эришиш мумкин.
Эрон Ислом Республикаси, АҚШга нисбатан чуқур ишончсизлик мавжуд бўлишига қарамасдан, холис ният ва юқори масъулият билан, Покистон воситачилигида дипломатик жараёнга киришди. Доктор Қолибоф бошчилигида юқори даражали делегациянинг Покистонга юборилиши Эроннинг миллий манфаатларини таъминлаш йўлида дипломатияни қатъият билан илгари суришга бўлган жиддиятини кўрсатди.
Бироқ АҚШ бошиданоқ ўзининг доимий ваъдаларни бузиш одатидан воз кечмади ва ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармади. Ливанда ўт очишни тўхтатиш режими ўрнатилиши ва Эроннинг музлатилган активларининг бир қисмини озод қилиш оташкесимнинг бир қисми эди, аммо АҚШ бу мажбуриятларни бажаришдан бош тортди.
Ўз навбатида, Эрон босими остида Ливанда оташкесим ўрнатилиши ва Эроннинг Ҳурмуз бўғозини келишувга мувофиқ очиши белгиланди. Аммо АҚШ яна ваъдаларига амал қилмай, денгиз блокадасини бошлади, бу эса кескинликнинг янада кучайишига олиб келди.
Холис ният ва қатъият ҳар қандай дипломатик жараённинг асосий шартидир. АҚШнинг сўз ва амаллари эса ушбу тамойилга зид эканини кўрсатмоқда. АҚШ санкцияларга «қарам» эканини намоён қилди ва ҳозирга қадар уларни бекор қилиш учун етарли ирода ва тайёргарлик кўрсатмади.
Эроннинг бу борадаги яққол далили сифатида, ижобий дипломатик жараён давом этаётган бир пайтда санкцияларнинг кучайтирилганини келтириш мумкин.
Гарчи ушбу ҳаракатлар натижасида тўғридан тўғри тўқнашувлар маълум даражада камайган бўлса-да, Эрон Ислом Республикасида оташкесимнинг бузилиши оқибатларига қарши чора-тадбирлар барча соҳаларда амалга оширилмоқда.
Эрон ва халқаро ҳамжамиятнинг АҚШга нисбатан ишончсизлиги, АҚШ расмийларининг сўз ва амаллари ўртасидаги доимий зиддият, тинчлик жараёнига жиддий ёндашувнинг етишмаслиги ҳамда Эроннинг АҚШнинг ваъдага вафо қилмаслиги, ёмон муносабати ва ноқонуний хатти-ҳаракатлари бўйича ўтмишда ҳосил қилган кўплаб салбий тажрибалари асосий муаммолардан ҳисобланади.
АҚШ ва сионистик режим томонидан агрессиянинг тўлиқ тўхтатилиши, санкцияларнинг амалий ва текшириш мумкин бўлган тарзда бекор қилиниши, АҚШнинг келишувлардан қайта чиқмаслиги бўйича ҳуқуқий кафолатлар, Эроннинг тинч мақсадларда уранни бойитиш ҳуқуқини тан олиш, «максимал босим» сиёсатини камайтириш ва музлатилган молиявий маблағларни озод қилиш каби талаблар барқарор келишув ва минтақада тинчлик ўрнатилиши учун асос бўла олади.
Эрон Яқин Шарқ хавфсизлигини ташқи кучлар томонидан «киритиладиган» эмас, балки ички, маҳаллий асосда шаклланадиган тизим деб ҳисоблайди. Минтақадан ташқари кучларнинг ҳарбий иштироки доимий беқарорликнинг асосий сабабидир.
Эрон нуқтаи назарида Ироқ, Афғонистон ва Суриядаги урушлар ташқи аралашув оқибатидаги беқарорлик намуналари ҳисобланади. Эрон минтақа давлатлари иштирокида жамоавий хавфсизлик тизимини шакллантиришни қўллаб-қувватлайди. Эрон наздидаги барқарор тинчлик, сионистик режим томонидан АҚШнинг минтақадаги билвосита урушларини камайтиришдадир. АҚШ сионистик режимнинг уруш ва беқарорлик келтириб чиқарувчи ҳаракатларига чек қўйиши керак.
Gazeta АҚШ ва Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихоналарига ҳам худди шундай саволлар юборди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.