Абдулла Абдуқодиров Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори в.б. этиб тайинланди

Абдулла Абдуқодиров Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори в.б. этиб тайинланди

Президентнинг 12 майдаги фармони билан Абдулла Абдуқодиров Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда агентлик хабар қилди.

Бунгача у 2022 йил декабридан агентлик директорининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди. Абдуқодиров иқтисод фанлари доктори бўлиб, иқтисодиёт соҳасида кўп йиллик тажрибага эга мутахассис ҳисобланади.

Абдулла Абдуқодиров 1961 йил 19 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. У 1982 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Фанлар академиясининг Иқтисодиёт институтида бошлаган ва 1987−1990 йилларда илмий ходим бўлиб ишлаган.

1990−1997 йилларда Молия вазирлигида бўлим бошлиғи ўринбосаридан биринчи вазир ўринбосаригача бўлган турли лавозимларда фаолият юритган. 1996−2004 йилларда Давлат активларини бошқариш қўмитаси раиси биринчи ўринбосари ҳамда Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директори бўлган.

2000−2004 йилларда ABN AMRO NV Netherlands банкнинг Ўзбекистондаги филиалида ғазначилик бошлиғи ва бошқарув раиси ўринбосари сифатида ишлаган. 2005−2013 йилларда Smart Heating Systems компанияси бош директори, 2008−2013 йилларда эса Infinbank кузатув кенгаши аъзоси бўлган. 2015−2022 йилларда Double A Solutions компаниясига раҳбарлик қилган, 2020−2022 йилларда эса инвестициялар ва ташқи савдо вазири маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган.

Агентликнинг аввалги директори Баходир Раҳматов эди. Стратегик ислоҳотлар агентлигининг собиқ саҳифасида у агентлик директори — президентнинг ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари сифатида кўрсатилган. Platina.uz маълумотига кўра, Раҳматов жорий йил февралда лавозимидан озод этилган.

Ўтган йил ноябрида Стратегик ислоҳотлар агентлиги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигига айлантирилганди. 1 ноябрдан мамлакатда «мақсад — ҳаракат — натижа» тамойили асосида стратегик режалаштириш тизимини жорий этиш режалаштирилган. Шунингдек, Мувофиқлаштирувчи кенгашга янги ваколатлар берилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.