Маълум қилинишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 572,6 минг гектар боғ ва токзор мавжуд бўлиб, улар йилига 1 миллиард долларлик экспортни таъминламоқда. Соҳа 882 минг нафар аҳоли учун даромад манбаига айланган.
Йиғилишда мавжуд боғ ва токзорлар ҳолати таҳлил қилиниб, 61 минг гектар эскирган ва 18 минг гектар яроқсиз боғларни янгилаш зарурлиги қайд этилди. Айрим ҳудудларда бундай майдонлардан гектарига атиги 5 тонна ҳосил олинаётгани, йиллик даромад эса 10 миллион сўмга ҳам етмаётгани айтилди.
Хусусан, Наманган вилоятининг Поп туманида 1200 гектар эски ва яроқсиз боғлар мавжуд. Таъкидланишича, улар ўрнида экспортбоп навлар экилиб, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш бўйича агрологистика марказлари ташкил этилса, ҳосилдорлик ва даромадни бир неча баробар ошириш мумкин. Тумандаги 84 гектарлик экспортбоп гилос боғи мисолида ёш кўчатлардан гектарига 7 тонна ҳосил олиниб, маҳсулотнинг ҳар килограмми 8 доллардан экспорт қилинаётгани қайд этилди.
Шу муносабат билан эски ва яроқсиз боғлар билан ишлаш бўйича янги тартиб жорий этиш таклиф қилинди. Унга кўра, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш, саноатлашган боғлар барпо этиш ёки ерларни ҳайдаладиган майдонлар тоифасига ўтказиш бўйича хулоса беради.
Шунингдек, 12 ой давомида саноатлашган боғ ташкил этилмаган майдонлар учун ер ва сув солиғи ставкасини ошириш, бу ҳолат яна бир йил давом этса, сувдан фойдаланишни чеклаш таклиф қилинди.
Президент ердан самарали фойдаланиш устидан назоратни рақамлаштириш зарурлигини таъкидлаб, эскирган ва янги саноатлашган боғларни космик тасвирлар орқали мониторинг қилиш бўйича ахборот тизимини ишга туширишни топширди.
Йиғилишда томорқа ва деҳқон хўжаликларидаги эски боғларни янгилаш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Бунда маҳалла банкири орқали аҳолига 50 донагача кўчат ёки 2 миллион сўмгача қарз бериш, деҳқон хўжаликларига эса 150 миллион сўмгача кредит ажратиш таклиф қилинди.
2026−2028 йилларда мамлакатда 168 минг гектар саноатлашган боғ ва токзорлар ташкил этиш режалаштирилган. Бу орқали 2 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниши ва 258 мингта иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Лойиҳаларни молиялаштириш ва амалий қўллаб-қувватлаш учун 9 та тижорат банки ҳудудларга бириктирилади. Улар тадбиркорларга саноатлашган боғларни тайёр ҳолда топшириш билан бирга, икки йил давомида агротехник, молиявий ва ташкилий жиҳатдан ҳамроҳлик қилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.