Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған, ТДТ бош котиби Кубаничбек Омуралиев ҳам қатнашди.

Шавкат Мирзиёев туркий дунё интеграцияси қардош халқлар тақдирига дахлдор узоқ муддатли стратегик масалага айланаётганини таъкидлади.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда ТДТ барқарор ривожланиш суръатларини намойиш этаётган нуфузли тузилмага айланди. 2025 йилда аъзо давлатларнинг умумий иқтисодий салоҳияти 2,4 триллион доллардан ошган, ўсиш суръати эса глобал кўрсаткичдан икки баробар юқори бўлган.
Ўтган йили Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан савдо айланмаси 14 фоизга ошган. Шу билан бирга, Туркий инвестиция жамғармаси операцион фаолиятини бошлагани, Марказий банклар кенгаши ва «яшил» молиялаштириш бўйича Туркий кенгаш ишга туширилгани қайд этилди.
Президент сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, квант ҳисоблаш технологиялари ва ягона рақамли маконни яратиш орқали иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини белгилаш зарурлиги таъкидланди.

«Ўлкаларимизда яшаб ижод қилган улуғ боболаримиз — Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек алгоритм, математика, астрономия ва физика фанлари равнақига беқиёс ҳисса қўшиб, шу тариқа ҳозирги сунъий интеллект ривожи учун асос яратганлар. Биз аждодларимизнинг ана шундай бебаҳо меросига таяниб, бугун Туркий дунёнинг янги рақамли тараққиёт даврини барпо этяпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, минтақавий маълумотлар алмашинувини таъминловчи «Рақамли туркий коридор концепцияси»ни ишлаб чиқиш ҳамда Тошкентда ТДТ давлатлари Технологиялар форумини ўтказиш таклиф қилинди.
Президент ўз нутқида Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига ҳам тўхталиб, марказ ТУРКСОЙ ва Туркий академия билан биргаликда тарихий-маданий манбаларни ягона «катта маълумотлар» платформасига жамлаши мумкинлигини айтди.
Саммитда Яссавий тариқатининг бағрикенглик ва маърифатпарварлик ғояларини ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш, стартап лойиҳаларини молиялаштириш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда амалга оширилаётган «5 миллион сунъий интеллект етакчилари» дастурини эслаб ўтди ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан ташкил этилаётган Қўшма венчур жамғармасига бошқа аъзо давлатларни ҳам қўшилишга чақирди.
Транспорт ва логистика соҳасида E-Permit электрон рухсатномалар тизими тўлиқ ишга туширилгани қайд этилди. Шунингдек, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлини ўрта коридор билан боғлаш ва божхона маълумотлари алмашинувини рақамлаштириш бўйича вазифалар белгиланди.
Иқлим ўзгаришига қарши кураш доирасида 2027 йилни туркий дунёда «Табиатни асраш йили» деб эълон қилиш, сунъий йўлдош маълумотлари асосида иқлим хатарларини мониторинг қилиш тизимини яратиш ва сув ресурсларини бошқаришда сунъий интеллектдан фойдаланиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, терроризм, экстремизм ва кибертаҳдидларга қарши курашиш мақсадида киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича Туркий альянс тузиш ташаббуси илгари сурилди.

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.