Мурожаатларнинг 509 таси ижобий ҳал этилиб, 708 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Энг кўп аризалар Тошкент шаҳри (470 та), Сурхондарё (254) ва Тошкент вилояти (236 та) га тўғри келган.

Болалар омбудсмани идораси мурожаатларни таҳлил қилиш ва мониторинг натижаларига кўра, боланинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилган ҳолатлар юзасидан 3 та огоҳлантириш, 6 та тақдимнома, 25 та хулоса ҳамда суд қарорларига нисбатан протест киритиш бўйича 3 та илтимоснома киритган.
Мурожаатларни ўрганиш натижасида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича 19 та жиноят иши ва 26 та маъмурий иш қўзғатилган. Шунингдек, жиноят иши қўзғатишдан бош тортиш ҳақидаги 20 та қарор бекор қилиниб, қўшимча дастлабки тергов текширувини ўтказиш учун юборилган.
Болалар омбудсмани таъкидлашича, интернетда ўтказилган мониторинг натижасида аниқланган бола ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари бўйича 23 та жиноят иши ва 28 та маъмурий иш қўзғатилган.

Болага нисбатан қонунчиликни бузган икки нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.
«Ўтган йили судлар томонидан болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича 937 нафар шахсга нисбатан 666 та жиноят иши кўриб чиқилди. Бу профилактик чоралар етарли эмаслиги ва қонунчиликда айрим бўшлиқлар мавжудлигини кўрсатади. Айниқса, шундан 72 та жиноят иши ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга тегишли экани жиддий хавотир уйғотади», — деди Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова.

Болалар омбудсмани маълумотларига кўра, 2025 йилда судлар томонидан 3301 нафар вояга етмаган шахсга нисбатан қўзғатилган 2584 та жиноят иши кўриб чиқилган бўлиб, бу жами жиноятларнинг 4,09 фоизини ташкил этган. Шунингдек, 1917 нафар мактаб ўқувчиси томонидан 1783 та жиноят содир этилгани қайд этилган.
Болаларни тарбиялаш бўйича ўз зиммасидаги вазифаларни бажармаганлиги учун 224,9 минг нафар ота-она маъмурий жавобгарликка тортилган.
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова таъкидлашича, оилавий муҳит, тарбия ва назорат масалаларини эътибордан четда қолдириш мумкин эмас. Унинг сўзларига кўра, давлат органлари ҳамда маҳалла тизими томонидан мувофиқлаштирилган ва манзилли профилактик ишлар кучайтирилиши зарур.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.