Бу масала Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигида марказ вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Томонлар денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатларнинг транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш, уларни халқаро транспорт коридорларига янада фаол интеграция қилиш, савдо харажатларини камайтириш ва минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқди.
ITTLLDC фаолиятининг устувор йўналишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Улар қаторига транспорт ва транзит йўналишларини ривожлантириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, рақамли трансформация ҳамда давлат ва бошқа институтлар самарадорлигини ошириш киради.
Бу масалалар Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга. Мамлакатнинг денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиши йўқлиги ташиш харажатларини оширади. Шунингдек, ташқи савдони қўшни давлатларнинг транспорт инфратузилмаси ва транзит сиёсатига боғлиқ қилиб қўяди.
Шу боис муқобил транспорт коридорларини ривожлантириш ва ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш мамлакатнинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Учрашувда ITTLLDCнинг Ўзбекистондаги етакчи таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари — «Тараққиёт стратегияси» маркази, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар транспорт логистикаси, савдо-иқтисодий ривожланиш ва таҳлилий тадқиқотлар соҳаларида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
ITTLLDC таркибига штаб-квартираси Улан-Баторда жойлашган Монголия, шунингдек, Афғонистон, Арманистон, Бутан, Буркина-Фасо, Эфиопия, Қозоғистон, Қирғизистон, Лаос, Непал, Парагвай, Тожикистон ва денгизга чиқиш имконияти бўлмаган бошқа ривожланаётган давлатлар киради.
Шундай қилиб, ITTLLDCда иштирок этиш, албатта, Ўзбекистонга денгизга чиқиш имконини бермайди. Бироқ марказ мамлакат учун тажриба алмашиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва муҳим иқтисодий муаммоларга ечим ишлаб чиқиш учун қўшимча майдон яратиши мумкин.
Гап, аввало, денгиз савдо йўлларидан узоқ жойлашган давлатлар олдида турган асосий вазифа — товарларни тезроқ, арзонроқ ва битта-иккита транзит йўналишига камроқ боғлиқ ҳолда етказиб бериш масаласи ҳақида бормоқда.
В. Новиков
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.