Шавкат Мирзиёев жамият бирдамлигига мисол сифатида «Хитой мўжизаси»ни тилга олди

Шавкат Мирзиёев жамият бирдамлигига мисол сифатида «Хитой мўжизаси»ни тилга олди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни Тошкент шаҳри фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда тобора ортиб бораётган глобал хавф-хатарлар шароитида мамлакат учун жипсликни сақлаш, тинчлик қадрига етиш ва ислоҳотларни жадаллаштириш ниҳоятда муҳим эканини билдирди.

«Дунёда тебраниш бўляпти, таҳликали, жуда кўп воқеалар бўляпти. Хавф-хатар кўпайиб кетяпти. Биз шу хавф-хатарнинг олдини олиш учун ўзлигимизни билишимиз керак. „Кеча ким эдик, бугун ким?“ деган ибора пайдо бўляпти. Мана шуни ҳеч қачон унутмай, қадрига етишимиз керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, амалга оширилган ўзгаришларнинг қадри, энг аввало, меҳнат қилиш ва одамларнинг ислоҳотлар самарасидан рози бўлиши орқали намоён бўлади.

«Қадрига қачон етамиз? Меҳнат қилсак, халқни рози қилсак. Албатта, бугун мана Олмазор туманини кўриб, бўлган ўзгаришларни кўриб, қилса бўлар экан [дейсан киши], сизларга ҳам ёқяптими бу?» — деди давлат раҳбари.

Президент, шунингдек, ички ислоҳотларни мамлакатнинг ташқи сиёсати билан боғлади.

«Мана, ўзларинг кўряпсизларки, ташқи сиёсатимизда ҳам энг катта мақсад-муддао — дўст топиб, ислоҳотларимизга ҳамкор излаяпмиз. Ҳамкор деганимиз — инонтириш, ишонтириш, фақат натижага ишлашимизга ҳаётнинг ўзи мажбур қиляпти», — деди Мирзиёев.

Давлат раҳбари сўнгги уч-тўрт йил ичида турли йўналишлар бўйича 2500 нафарга яқин ёшлар чет элга ўқишга юборилганини маълум қилди.

Шунингдек, у Малайзияда таълим олиш учун катта стипендия ютиб олган, бироқ Ўзбекистонда қолишга қарор қилган бир талаба қиз билан бўлган суҳбатини ҳам сўзлаб берди.

««Мен топ — 20 таликка кириб, Малайзиянинг энг катта стипендиясини қўлга киритдим. Аммо бу ерда биз учун бераётган имкониятларингизни эшитиб, Ўзбекистонда ўқишга қарор қилдим. Ота-онам ҳам шунга рози бўлди», — деди қизнинг сўзларини келтирган президент.

Шавкат Мирзиёев буни мамлакат ичида имкониятларнинг кенгайгани, жумладан, Президент ва ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда янги университетларнинг ташкил этилгани билан боғлади.

«Агар биз ўз пайтида Президент мактаби, ихтисослашган мактаб қилмаганимизда, бу натижалар бўлармиди?» — деб сўради у.

Президентнинг таъкидлашича, ислоҳотлар бошланган пайтда олий таълим билан қамров 9 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 44 фоизгача етган. Олий ўқув юртлари сони эса 207 тагача кўпайган.

«Мана шу оғир шароитда 44 фоиз [қамров], 207 та олийгоҳ ўзидан ўзи бўлгани йўқ. Бунинг тагида битта нарса ётибди — йўлимиз тўғри», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Тақдиримизни фақат ва фақат муаллим, таълим ва билим ҳал қилади»


Президент таълимни мамлакатнинг кейинги тараққиёти учун ҳал қилувчи омил деб билишини таъкидлади.

«Мен битта гапни айтишдан чарчамайман. Тақдиримизни фақат ва фақат муаллим, таълим ва билим ҳал қилади. Ҳамма соҳада. Агар таълимни жойига қўймасак, бирон нарсага эришолмаймиз», — деди у.

Унинг қайд этишича, ислоҳотлар суръати муттасил ошиб бориши керак.

«Бугун мақсадим, бир кун бўлса ҳам ғанимат. Бугун кечагидан кўра кўпроқ ишлашимиз керак. Кечаги режамиз бугунга тўғри келмайди. Бундай ислоҳотларни амалга ошириш учун бизга нима керак? Бирдамлик керак, ҳамжиҳатлик керак, тинчлик керак. Ана шу тинчликнинг қадрига етишимиз керак», — деди Мирзиёев.

Сўзининг якунида Шавкат Мирзиёев Тошкент бутун мамлакат учун ўрнак бўлиши кераклигини таъкидлаб, Хитойни мисол қилиб келтирди:

«Биласизларми, нимага Хитой мўжизаси пайдо бўлди? 1,4 миллиард аҳоли. Бутун эл билан белни маҳкам боғлаб, нуронийси ҳам, оқсоқоли ҳам, ёшлари ҳам, аёллари ҳам — ҳамма бир томонга қараб мўжиза қилди».

Йиғилишда давлат раҳбари Тошкент шаҳрининг 12 та тумани ҳокимлари 1 октябрга қадар йирик савдо мажмуалари ва молллар учун ер майдонлари, инвесторлар ва молиялаштириш манбаларини аниқлаши шартлигини билдирди. Бунга параллель равишда, «Қичқириқ» тажрибаси асосида 400 та маҳаллани ободонлаштириш ва бунга 10 триллион сўм йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Республика ва шаҳар даражасидаги мансабдорлар ҳар ҳафта Тошкент туманларига чиқиб, инвесторлар билан учрашади. Юқори даражада ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ўша куннинг ўзида Президент администрациясига юборилиши лозим. Ушбу янги тартиб йил охиригача алоҳида назорат остида амал қилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.