21 сентябрь куни сессия доирасида Саида Мирзиёева БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди. 22 сентябрдан сессия доирасида Юқори даражадаги ҳафталик очилади.
«Ўзбекистон ва БМТ биргаликда ривожлантириб келаётган барча муҳим ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилдик», — деб ёзди у ўзининг Telegram каналида.
«Халқаро муносабатлар тизими учун мураккаб бўлган ҳозирги даврда глобал миқёсда етакчилик салоҳиятини намоён этаётгани ҳамда хавфсизликнинг барча асосий жабҳаларида мамлакатимизни қўллаб-қувватлаётгани учун жаноб Гутерришга самимий миннатдорлик билдираман», — дея қўшимча қилди ПА раҳбари.

Бу йил 130 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари дунёга ўз мурожаатларини йўллаш учун Юқори даражадаги ҳафталикда иштирок этади. Умумий мунозаралар сешанба, 22 сентябрдан шанба, 26 сентябргача ҳамда душанба, 28 сентябрь куни бўлиб ўтади.
Жорий йилги мавзу — «Ишончни қайта тиклаш, ўзгаришларни бошқариш: Ҳар бир инсон манфаати учун ишлайдиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти».
Ўтган йили БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессияси мунозараларида президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаган эди.
2023 йилнинг март ойида ўша пайтда ПА Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири бўлган Саида Мирзиёева БМТнинг сув ресурслари бўйича конференциясида сўзга чиққан. У «Орол маданияти саммити» лойиҳасини тақдим этган ҳамда мамлакатнинг сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги муаммолари ва эришган ютуқлари билан ўртоқлашган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.