Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Пекинда қишки Олимпия ўйинларининг очилиши доирасида бир қатор давлатлар раҳбарлари билан учрашди.
«Ташриф билан Пекинда бўлиб турган президент Шавкат Мирзиёев қишки Олимпия ўйинларининг очилишига бағишланган тадбирлар доирасида қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан мулоқот қилди», — деб ёзди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Суратларда Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси қолаверса, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва бошқалар билан мулоқот ўтказган.
Маросим бадиий дастури ХХР Раиси Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган «Инсониятнинг умумий тақдири ҳамжамияти» концепциясини ўзида мужассам этган бўлиб, Хитой халқининг қадимий тарихи ва бой маданияти, жаҳон иқтисодиёти пешқадами сифатида эришаётган улкан муваффақият ва ютуқлари, халқаро олимпия ҳаракатининг руҳи ва қадриятларини акс эттирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.