Олимларимиз коронавирусга қарши тўртта вакцина устида ишлаяпти — Абдулла Арипов

Олимларимиз коронавирусга қарши тўртта вакцина устида ишлаяпти — Абдулла Арипов

Бош вазир Абдулла Арипов ўзбекистонлик олимлар коронавирусга қарши тўртта вакцина яратиш устида ишлаётганини маълум қилди. «Дунёдаги ҳеч қайси вакцинадан нусха олинмаган, алоҳида ўзининг структураси белгиланган вакцина турлари ишлаб чиқиляпти», — деди у.

Ўзбекистонлик олимлар коронавирусга қарши вакцина яратиш бўйича тадқиқотлар ўтказмоқда. Бош вазири Абдулла Арипов бу ҳақда чоршанба куни бўлиб ўтган Республика махсус комиссиясининг йиғилишида маълум қилди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

У маҳаллий вакциналар яратиш бўйича президент топшириқ берганини айтиб, ҳозирда олимлар самарали иш олиб бораётганини таъкидлади.

«Бизни олимларимиз тўртта вакцина устида ишлаяпти. Дунёдаги ҳеч қайси вакцинадан нусха олинмаган, алоҳида ўзининг структураси белгиланган вакцина турлари [ишлаб чиқиляпти]. Шунинг учун мен олимларимизга ҳам бу масалада муваффақият тилайман», — деди Абдулла Арипов.

Ҳукумат раҳбарининг қайд этишича, ҳозирда вакциналарни синовдан ўтказиш маълум бир босқичларга етиб келган.

«Газета.uz»да реклама

Бош вазир шунингдек, Ўзбекистонда сут билан вакцина қилиш ҳақидаги янгиликларга одамлар масхараомуз муносабат билдираётгани ва бу хато эканлигини айтди.

Аввалроқ, bioRxiv журналида ўзбекистонлик олимлар сигир ва эчкиларни ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмлаш орқали ковидга қарши нейтраллаштирувчи антикорлари бўлган сут ишлаб чиққани ҳақида мақола чоп этилганди.

«Кулманглар бу бор нарса. Бир хил одамлар умуман укол ололмайди, фобияси бўлади. Шунинг учун ҳам сут орқали вакцинани бериш, ҳар хил полиз маҳсулотлари, хаттоки, ҳамиртурушга вакцинани молекуляр даражада жойлаштириш омиллари бўйича тадқиқотлар олиб борилаяпти», — дея таъкидлади Арипов.

У сут орқали эмлаш табиий ҳолатлиги, «сигир сути вакциналарга (фойдали микроэлементлар назарда тутилмоқда — таҳр.) бой бўлган маҳсулот» ҳисобланишини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда шунингдек, 1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда очиқ ҳавода ва жамоат жойларида ниқоб тақиш талаби бекор қилиниши айтилди. Шу билан бирга, жамоат транспорти, савдо марказлари, бозорлар, масжидлар, кинотеатрлар ва бошқа биноларда ниқоб тақиш тавсия этилди.

Бундан ташқари, умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларнинг иш вақти бўйича чекловлар ҳамда умумий овқатланиш корхоналари ва жамоат транспорти сиғимининг 50 фоизигача бўлган жойларни қисқартириш талаблари бекор қилинди.

Иш берувчилар ходимларни коронавирусга қарши, шу жумладан кучайтирувчи бустер дозани камида 90% даражасида эмлашни таъминлаши шарт.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.