Республикамизда кузатилаётган аномал совуқ кунларда аҳоли ва истеъмолчиларни нефть маҳсулотлари билан таъминлаш барқарорлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида бўлди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси бугунги кундаги ҳаво ҳарорати ўзгаришларини инобатга олган ҳолда корхонанинг асосий таркибий бўлинмаларида амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганди.
Бугун 25 градус совуқ ҳавода цехларнинг ишчилари учун яратилган шароитлар билан танишиб чиқилди, суҳбат давомида уларга меҳнат шароитларини яратиш борасидаги муаммоли масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, совуқ кунларда масъул шахсларнинг навбатчилиги бўйича чоралар кучайтирилиши бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Завод фаолияти йўналишлари бўйича лойиҳаларнинг тақдимот планшетлари ҳам намойиш этилди.
Шу куннинг ўзида, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи мутахассисларининг ишчи учрашуви бўлиб ўтди, унда заводнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Республикамиз аҳолисини нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида Бухоро НҚИЗ раҳбариятига саноат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, энергия самарадорлигини ошириш ва энергия ресурсларидан фойдаланишни оптималлаштириш, хавфсиз ишлаб чиқаришни ташкил этиш, ишлаб чиқаришни оптималлаштириш бўйича комплекс ёндашувни шакллантириш ва корхонанинг асосий фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, об-ҳаво шароитининг ёмонлашуви билан боғлиқ дунёда юзага келган вазиятни инобатга олган ҳолда корхона ходимлари учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, жумладан, бепул иссиқ овқат билан таъминлаш зарурлигини таъкидланди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.