Термиз шаҳридаги халқаро транспорт-логистика хаби БМТ Глобал таъминот тармоғига қўшилди

Термиз шаҳридаги халқаро транспорт-логистика хаби БМТ Глобал таъминот тармоғига қўшилди

Хаб Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармасининг саккизинчи халқаро омборига айланди.

Термиз шаҳридаги Халқаро кўп функцияли транспорт ва логистика хабига Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси (БМТ ҚБОКБ) Глобал таъминот тармоғи омбори мақоми берилиши муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди, «Дунё» АА.

ТИВ маълумотига кўра, тадбирда Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили ўринбосари Индрике Ратватте, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Сабине Махл, ҚБОКБ минтақавий вакили Думитру Липкану, ҚБОКБнинг Афғонистон бўлими раҳбари Арафат Жамол, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, божхона ва чегара хизматлари раҳбарияти ва бошқалар иштирок этди.

Хаб Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2022 йилда БМТ, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан Афғонистон ва бошқа давлатларга гуманитар ёрдамни марказлаштирилган ҳамда манзилли етказиб беришни таъминлаш мақсадида «TERMEZ CARGO CENTRE» МЧЖ негизида ташкил этилган.

ҚБОКБ глобал тармоғига Аммон (Иордания), Дубай (БАА), Найроби (Кения), Аккра (Гана), Дуала (Камерун), Копенгаген (Дания) ва Панама Сити (Панама) шаҳарларида жойлашган еттита омбор мажмуаси киради. Ҳар йили ушбу инфратузилма инсонпарварлик инқирозларига тезкорлик билан жавоб бериш учун 500 миллион доллардан ортиқ қийматдаги ҳаётни қўллаб-қувватловчи асосий маҳсулотларни (чодирлар, кўрпа-тўшаклар, ошхона жиҳозлари, дори-дармонлар ва бошқалар) қайта ишлайди.

Қийин халқаро муҳитни ва қўллаб-қувватлашга муҳтож одамлар сони ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, БМТ ва унинг агентликлари аҳолининг заиф қатламларига ёрдам бериш учун асосий ресурсларни етарли даражада таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Термиз шаҳрининг Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасида жойлашган стратегик жойлашуви, бу ерда яратилган транспорт-энергетика инфратузилмаси, шунингдек, малакали кадрлар мавжудлиги уни глобал тармоққа интеграция қилиш қарорида асосий омил бўлди.

Шу тариқа Термиз маркази ҚБОКБнинг саккизинчи халқаро омборига айланди ва унинг инсонпарварлик ёрдамини жаҳон миқёсида тезкор тарқатишдаги аҳамияти ва самарадорлигини тасдиқлади.

«Биз »Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик« тамойили асосида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз», – деди Индрике Ратватте.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Сабине Махл тадбир республиканинг кўп томонлама ҳамкорлик тамойилларига содиқлигини кўрсатишини ва унинг халқаро гуманитар ташаббусларнинг фаол иштирокчиси сифатидаги ролини кучайтиришини таъкидлади. Унинг айтишича, Ўзбекистон томони яратаётган имкониятлар туфайли фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган миллионлаб инсонлар амалий ёрдам олади.

БМТ ҚБОКБнинг Марказий Осиё бўйича вакили вазифасини бажарувчи Думитру Липкану ташкилот Термиз марказининг халқаро даражадаги гуманитар операциялар учун стратегик афзалликларига бир неча бор ишонч ҳосил қилганини таъкидлади.

«Марказни глобал тармоғимизга интеграция қилиш унинг инфратузилмаси ва логистика имкониятларидан уйларини тарк этишга мажбур бўлган одамларни қўллаб-қувватлаш учун янада самарали фойдаланиш имконини беради», деди Думитру Липкану.

БМТ ҚБОКБнинг Афғонистондаги вакили Арафат Жамолнинг сўзларига кўра, Термиз логистика маркази орқали ҚБОКБнинг фавқулодда вазиятларда таъминотни бошқариш тизимини кенгайтиришдан Афғонистон катта фойда кўради.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.