Умрани ноқонуний ташкил этган сайёҳлик фирмалари қарийб 1,5 миллиард сўм жаримага тортилди

Умрани ноқонуний ташкил этган сайёҳлик фирмалари қарийб 1,5 миллиард сўм жаримага тортилди

Текширувлар натижасида икки ой ичида 19 та сайёҳлик фирмасининг ҳар бирига 75 миллион сўмдан жарима солинди, 31 та фирибгарлик бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра тадбирлари ноқонуний ташкил этилишининг олдини олиш мақсадида текширувлар ўтказилди. Сўнгги икки ой ичида тегишли лицензияга эга бўлмаган 19 та сайёҳлик фирмаси жаримага тортилди, дея хабар берди Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати.

Ушбу компанияларнинг ҳар бири 75 млн сўмдан жаримага тортилди. Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун 5 та компания бўйича материаллар Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўриб чиқиш учун топширилди.

Бундан ташқари, умра хизматларини лицензиясиз кўрсатаётган 31 та сайёҳлик компаниясига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Қўмита Умра зиёратини ташкил этиш ҳуқуқига фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Ҳаж-умра маркази ва 12 та ваколатли сайёҳлик компаниялари эга эканлигини эслатиб ўтди: Ihlos travel 1, Yuksak travel Air, Muhtasham travel, Musaffo turizm xizmati, Risola travel lux, Xorazm umra jamiyati, Hikmat Umra Travel, Real Dreams, Travel with family, Sofa Marva tour, B Management ва Safar time exclusive.

Саёҳатни банд қилишдан олдин фуқароларга турфирма Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий лицензиясига эга эканлигига ишонч ҳосил қилиш тавсия этилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.