Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги ифторликда иштирок этди
Қуръони каримдан тиловат қилиниб, Ўзбекистонда фаровонлик, меҳр-оқибат барқарор бўлишини сўраб, дуолар ўқилди.
Тадбир аввалида давлат раҳбари халқимизни ва жамики мусулмон умматини муборак Рамазон ойи билан яна бир бор табриклади.
Хусусан, ўтган йилнинг ўзида кўмакка муҳтож инсонларга 16 триллион сўмлик моддий ёрдам ва нафақалар берилган. Кам таъминланган оилаларга мансуб 51 минг нафар бола боғчага жойлаштирилган, уларнинг 176 минг нафар аъзосига тиббий кўмак кўрсатилиб, 182 минг нафари ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган.
“Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали 94 мингга яқин кам таъминланган оилаларга даволаниш, озиқ-овқат, кийим-кечак, коммунал тўловлар билан боғлиқ 130 миллиард сўмлик харажатлар қоплаб берилган.
“Аёллар дафтари” доирасида 3,5 миллион нафар хотин-қизга 5 триллион 700 миллиард сўмлик ёрдам ажратилган. “Ёшлар дафтари” жорий этилганидан буён 1 миллион 300 минг нафар эҳтиёжмандга 1 триллион 700 миллиард сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилган.
Бундан ташқари, юртимиз ҳожиларининг ташаббуси билан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга 6 миллиард 300 миллион сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилган.
Давлат раҳбари ўз нутқида дунёдаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтди. Аксарият зиддият ва можаролар айнан ислом дунёсида содир бўлаётгани афсус билан қайд этилди.
Айни кунларда “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” шиори остида юртимиздаги 9 минг 500 га яқин маҳаллада кам таъминланган оилаларда ифторлик дастурхонлари ёзилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди. Бундай хайрли ишлар инсон қадрини улуғлаш, пок мақсадли барча юртдошларимизни янада бирлаштиришга хизмат қилади.
Ниятлар ижобат бўладиган муборак Рамазон ойида, Қадр кечаси арафасида туриб, эзгу тилаклар айтилди.
Қуръони каримдан тиловат қилинди. Аллоҳ таолодан бутун дунёда тинчлик, юртимизда фаровонлик, меҳр-оқибат барқарор бўлишини сўраб, дуолар ўқилди.
Республиканинг барча ҳудудларида ўтган ифторлик тадбирларида нуронийлар, зиёлилар, турли дин ва конфессиялар вакиллари, ногиронлиги бор ва эҳтиёжманд кишилар, жами 60 мингга яқин иштирокчи қатнашди.