Президент корхоналарда энергия сарфи самарадорлигини ошириш ва йўқотишларни камайтиришни буюрди

Президент корхоналарда энергия сарфи самарадорлигини ошириш ва йўқотишларни камайтиришни буюрди

Президент Шавкат Мирзиёев 26 март куни энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва улардан оқилона фойдаланиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг қайд этишича, энергия истеъмолининг энг катта улуши иқтисодиёт тармоқлари — айниқса, кўпчилиги аввалги даврларда қурилган, замонавий экологик талаблар ва энергия самарадорлиги меъёрларига жавоб бермайдиган саноат корхоналарига тўғри келади.

Бир қатор ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари узоқ вақт давомида электр энергияси ва газсиз қолиб кетган. Саноат корхоналарида истеъмол ва йўқотишлар кўп бўлган.

Шу боис сўнгги йилларда иқтисодиёт соҳалари энергия самарадорлик жиҳатидан янгиланмоқда. Йирик корхоналар ва энергетика тармоқлари кесимида алоҳида дастур амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.

2030 йилга бориб, мамлакат аҳолиси 41 миллионга етиши, иқтисодиёт 2 карра ўсиши кутилмоқда. Бу энергия ресурсларига бўлган талабни ҳозиргидан 1,5 карра оширади. Йиғилишда шунинг учун янги лойиҳаларни ишга тушириб, қувватни кўпайтириш билан бирга энергияни тежаш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, ўтган йилги тажрибани давом эттириб, жойларда энергияни тежаш имкониятлари олимлар иштирокида илмий асосда ўрганилмоқда. Хусусан, Самарқанд, Сирдарё ва Жиззахдаги ўрганишларда 870 миллион киловатт соат электр ва 420 миллион куб метр газни иқтисод қилишнинг янги имкониятлари аниқланди.

Масалан, бу вилоятлардаги кичик ва ўрта саноат корхоналарида 35 мингга яқин эскирган ускуналарни тежамкорига алмаштириб, йилига 385 миллион киловатт соат электр ва 50 миллион куб метр газ тежаш мумкин.

Туман ва маҳалларда энергияни иқтисод қилиш бўйича кўп имкониятлар аниқланган. Масалан, 300 та маҳаллада 100 мегаваттли кичик қуёш станциялари қуриб, шу йилнинг ўзида 45 миллион куб метр газ тежаш мумкин. Бундан ташқари, канал ва сойларда қуриладиган мингдан зиёд микро ГЭСлар ҳисобига қўшимча 175 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилади.

Кўчаларни ёритишга ҳам йилига 200 миллион киловатт электр сарфланяпти. Хабарга кўра, қуёш панелли чироқлар ўрнатилса, истеъмол 2 карра камаяди.

Шу каби имкониятлар ҳисобидан, бу йил 1,1 миллиард куб метр табиий газ ва 2,6 миллиард киловатт соат электрни иқтисод қилиш бўйича қўшимча режа олинди.

Президент корхоналарда энергия сарфи самарадорлигини ошириш ва йўқотишларни камайтиришни буюрди
Давлат раҳбари, биринчи навбатда, йирик саноат корхоналарида замонавий тежамкор ускуналар ўрнатиш, энергия исрофини камайтириш зарурлигини таъкидлади. Ҳукуматга бу соҳада янгича ижро ва назорат тизимида ишлаш топширилди.

Фарғона водийси ҳудудларида (Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари) аҳоли зичлиги юқорилигини ҳисобга олиб, уларни энергия ресурслари билан таъминлашда алоҳида ёндашувни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Келгусида бу тажрибани босқичма-босқич мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ этиш кўзда тутилган.

Январ ойида президент 2025 йилда иқтисодий ўсиш суръатини камида 6 фоиз даражасида сақлаб қолиш ва ЯИМ ҳажмини 125 млрд доллардан ошириш вазифасини қўйганди. Раҳбарларга энергия самарадорлиги ҳисобига харажатларни 15−20 фоизгача қисқартириш ва қўшилган қийматни кўпайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилган.

Февраль ойида саноат корхоналари учун маҳсулот бирлигига электр энергияси, газ ва нефт маҳсулотларини истеъмол қилиш стандартларини жорий этиш режалари маълум бўлди. Мактаблар, болалар боғчалари ва бошқа ижтимоий объектларга қуёш батареялари, сув иситгичлар ўрнатилади, эшик-деразалари янгиланади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.