Марказий Осиё ва ЕИ энергетика, хавфсизлик ва иқлим ўзгаришига қарши курашда ҳамкорликни давом эттиради

Марказий Осиё ва ЕИ энергетика, хавфсизлик ва иқлим ўзгаришига қарши курашда ҳамкорликни давом эттиради

Туркманистон пойтахти Ашхободда пайшанба куни Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирларининг 20-учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати. Унда Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари, Қозоғистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари, шунингдек, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас иштирок этди.

Иштирокчилар 3−4 апрель кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган Марказий Осиё — Европа Иттифоқи биринчи саммитига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилди. Саммит икки минтақанинг олий даражадаги алоқаларини чуқурлаштириш, стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга содиқлигини намойиш этиш ва «Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни жадаллаштириш йўлида муҳим қадам бўлиши» кутилмоқда.

Учрашув якунлари бўйича чиқарилган қўшма баёнотда айтилишича, иштирокчилар тинчлик, хавфсизлик, фундаментал ҳуқуқларни илгари суриш ва барқарор ривожланиш йўлида биргаликда ишлашга содиқлигини тасдиқлаган. Улар БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларини, хусусан, барча давлатларнинг халқаро тан олинган чегараларидаги мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишни қатъий қўллаб-қувватлашларини яна бир бор таъкидлади. Иштирокчилар, шунингдек, ушбу тамойилларга зид қадамлардан тийилишга келишиб олди.

Бундан ташқари, иштирокчилар БМТ низоми тамойиллари асосида Украинада кенг қамровли, адолатли ва мустаҳкам тинчликка тезроқ эришишга чақирди.

Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома, Кимёвий қуролларни яратиш, ишлаб чиқариш, тўплаш ва қўллашни тақиқлаш ҳамда уни йўқ қилиб ташлаш тўғрисидаги конвенцияга содиқлигини, шунингдек, Ядро синовларини ялпи тақиқлаш тўғрисидаги шартноманинг кучга киришини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Европа Иттифоқи ўзи жорий этган санкциялар ҳақида маълумот бериб, уларни четлаб ўтишнинг олдини олиш жуда муҳимлигини таъкидлади. Иштирокчилар икки мақсадда ишлатишга мўлжалланган Европа товарларининг реэкспортини истисно қилиш мақсадида ушбу масала бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларининг минтақада, жумладан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари орқали яхши қўшничилик, ўзаро англашув ва ишончни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Марказий Осиё мамлакатлари ТИВ вакиллари Европа Иттифоқининг минтақа барқарорлиги ва фаровонлигини, жумладан, Global Gateway стратегияси, Team Europe ташаббуси, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва Европа молия институтларининг индивидуал иштироки орқали қўллаб-қувватлашга содиқлигини олқишлади.

Марказий Осиё ва ЕИ энергетика, хавфсизлик ва иқлим ўзгаришига қарши курашда ҳамкорликни давом эттиради
Иштирокчилар, шунингдек, навбатдаги Марказий Осиё — Европа Иттифоқи иқтисодий форумини 2025 йилда Ўзбекистонда ўтказишни муҳокама қилди.

Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатларида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, жумладан, масъулиятли бизнес юритиш, корпоратив ижтимоий масъулият ва корпоратив барқарорлик тамойилларини илгари суриш бўйича ишларни кучайтиришга чақирди.

Иштирокчилар Жаҳон савдо ташкилотини ислоҳ қилиш, хусусан, низоларни ҳал қилиш тизимининг тўлиқ ишлашини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. ЕИ Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Бундан ташқари, иштирокчилар Европа Иттифоқи бозорига кириш имкониятини ошириш ва халқаро савдо алоқаларини кучайтириш ҳамда инсон ҳуқуқларига, жумладан, меҳнат ҳуқуқлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга риоя этилишини таъминлашга қаратилган Европа Иттифоқининг Тожикистон учун GSP ва Ўзбекистон ва Қирғизистон учун GSP+ имтиёзлар тизимининг ролини таъкидлади.

Учрашув иштирокчилари, шунингдек, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги барқарор ўзаро боғлиқлик бўйича Global Gateway стратегияси доирасида савдо, транспорт, сув ресурслари, энергетика, иқлим ўзгариши, рақамлаштириш ва муҳим хомашё каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришни давом эттириш, шунингдек, шахслараро алоқаларни, жумладан, таълим, тадқиқотлар ва барқарор туризмни ривожлантириш зарурлигини қайд этди.

Учрашув иштирокчилари Европа ва халқаро молия институтларининг Транскаспий транспорт йўлагини Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги транспорт алоқасини сезиларли даражада яхшилайдиган мультимодал, рақобатбардош, барқарор, олдиндан айтса бўладиган, «ақлли» ва самарали тармоқ сифатида ривожлантириш учун 10 миллиард евро ажратишга тайёрлигини олқишлади.

ТИВ раҳбарлари Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларда муҳим хомашёнинг аҳамияти ортиб бораётганини таъкидлади. Улар минтақада маҳаллий қўшилган қиймат занжирларини мустаҳкамлаш, уларни Европа ва халқаро меҳнат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш стандартларига мувофиқлаштиришда Европа Иттифоқининг муҳим кўмагини эътироф этди.

Иштирокчилар минтақаларнинг рақамли ўзаро боғлиқлигини кенгайтириш иқтисодиёт ва жамиятларнинг инклюзив ва барқарор ривожланиши учун муҳим эканига келишиб олди. Марказий Осиёда рақамли ўзаро боғлиқлик бўйича Team Europe минтақавий ташаббусининг барча таркибий қисмлари 2024 йилда қабул қилинган бўлиб, бу уни 2025 йилда амалга оширишни бошлаш имконини беради. Иштирокчилар дастурни муваффақиятли бажариш учун биргаликда ишлашга тайёр эканини билдирди.

Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари қонун устуворлиги, демократия, ҳисобдорлик, гендер тенглиги ва инсоннинг умумий ҳуқуқлари, жумладан, меҳнат ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини илгари суриш муҳимлигини таъкидла. Улар ОАВ, ифода эркинлиги, йиғилишлар ва уюшмалар эркинлигини ҳимоя қилиш, унинг ҳар қандай кўринишида камситишга йўл қўймаслик муҳимлигини муҳокама қилдилар ва эслатди.

Бу, учрашув коммюникесида қайд этилганидек, хотин-қизлар ҳуқуқларига тўлиқ ва тенг риоя этилишини таъминлаш, дин ва эътиқод эркинлиги, шунингдек, этник ва бошқа озчиликларга мансуб шахслар, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа заиф гуруҳларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўз ичига олади.

Иштирокчилар жамиятнинг дезинформацияга, ижтимоий гуруҳлар ва миллатларга нисбатан нафрат уйғотишга чидамлилигини мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида фикр алмашди. Улар фикр эркинлиги ва уни ифода этишга оид миллий қонунчиликни халқаро мажбуриятларга мувофиқлаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари уюшган жиноятчилик, экстремизм, радикаллашув, терроризм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси, одам савдоси, ноқонуний миграция, кибертаҳдидлар, жумладан, кибержиноятчилик ва дезинформацияга қарши курашиш, шунингдек, кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий хавф-хатарлар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда ҳамкорлик қилиш ва янги ёндашувларни ишлаб чиқишга содиқ қолишларини таъкидлади.

Марказий Осиё ва ЕИ энергетика, хавфсизлик ва иқлим ўзгаришига қарши курашда ҳамкорликни давом эттиради
Минтақавий хавфсизлик масалалари, жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Улар Афғонистондаги узоқ муддатли барқарорлик турли сиёсий, этник ва диний гуруҳлар, жумладан, аёллар иштирокидаги тинч ва инклюзив сиёсий жараённи талаб қилишини таъкидлади.

Барқарор тинчликни таъминлаш учун улар Афғонистоннинг барча фуқаролари, айниқса, аёллар ва қизлар, шунингдек, болалар, этник ва диний гуруҳлар ва озчиликлар вакилларининг универсал инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини илгари суриш ва ҳурмат қилишга чақирди. Иштирокчилар аёллар ва қизларнинг халқаро стандартларга жавоб берадиган таълимдан тўлиқ ва тенг фойдаланиши, Афғонистоннинг ижтимоий ҳаётида, шу жумладан, гуманитар фаолиятда иштирок этиши зарурлигини таъкидлади.

Иштирокчилар Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни барқарорлаштириш ва афғон халқига манзилли ёрдам кўрсатишда трансчегаравий савдонинг аҳамиятини қайд этди.

Шу маънода, улар Олмаота шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича минтақавий маркази ташкил этилганини олқишлади. Иштирокчилар, шунингдек, Термиздаги минтақавий транспорт-логистика хабини БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Глобал таъминот тармоғи омборига қўшиш тўғрисидаги қарорни олқишлади.

Иштирокчилар уч томонлама глобал инқироз — иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши келтириб чиқараётган глобал таҳдиддан жиддий хавотир билдирди ва зудлик билан тезкор чоралар кўриш зарурлигини эътироф этди. Улар Париж иқлим келишувига миллий ҳисса қўшиш устида ишлаш муҳимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, иштирокчилар халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиёнинг уч мамлакатидаги етти уран чиқиндилари сақланаётган объектларда уран «мероси»нинг оқибатларини бартараф этишга бўлган интилишини мамнуният билан кутиб олди. Улар Ўзбекистон ва Қирғизистонда эришилган ютуқларни эътироф этишди ҳамда Тожикистондаги дастурни якунлаш учун биргаликда донор маблағларини излаш бўйича келишиб олди.

Улар Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда уран чиқиндиларининг маҳаллий ҳамжамиятлар ва атроф-муҳитга салбий таъсирини бартараф этиш, шунингдек, ушбу объектлар атрофидаги ижтимоий-иқтисодий шароитларни яхшилашга қаратилган Европа Иттифоқининг минтақавий дастури натижаларини юқори баҳолади.

Иштирокчилар иқлим ўзгариши таъсирида Марказий Осиё сув захираларига босим ортиб бораётган шароитда сув ресурслари бўйича минтақавий ҳамкорликни давом эттиришга чақирди. Улар ЕИнинг минтақавий сув ҳамкорлигини, жумладан, Оролни қутқариш халқаро жамғармасини ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлаётганини юксак баҳолади. ТИВ раҳбарлари трансчегаравий сув ҳамкорлиги минтақа ривожи учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, халқаро ҳамкорликнинг ижобий динамикасини сақлаб қолишга келишиб олди.

Шунингдек, улар иссиқхона газлари чиқиндиларини, жумладан, Глобал метан пакти орқали камайтириш зарурлигини таъкидлади ва адолатли энергия алмашинувини қўллаб-қувватлаш учун қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш ва энергия самарадорлигини оширишга чақирди.

Иштирокчилар биохилма-хиллик йўқолишининг олдини олиш бўйича миллий ва халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашларини билдирди. Улар биохилма-хиллик бўйича миллий стратегияларни тақдим этиш, шунингдек, биохилма-хилликни молиялаштиришни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

Улар ерларнинг деградацияси, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни ҳам қўллаб-қувватлади. Иштирокчилар, шунингдек, Team Europe ташаббусининг сув, энергетика ва иқлим ўзгариши бўйича фаолиятини юқори баҳолади.

Иштирокчилар Марказий Осиёда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг асоси сифатида таълим, касбий таълим ва кўникмаларни ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликни олқишлади, DARYA (Марказий Осиёда ёшлар учун мулоқот ва ҳаракатлар) дастурининг техник ва касбий таълим ҳамда ўқитиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича фаолиятини юқори баҳолади, шунингдек, Erasmus+ дастурининг салоҳиятини эътироф этди.

Бундан ташқари, иштирокчилар икки минтақа ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда фаол иштирок этаётган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё дипломатлари учун сиёсий семинар шаклида Европа Иттифоқининг қўшма таълим ташаббусини ишлаб чиқишни маъқуллади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.