Шавкат Мирзиёев: «Олдимизда минтақамизни нафақат барқарор, балки фаровон қилиш учун тарихий имконият турибди»

Шавкат Мирзиёев: «Олдимизда минтақамизни нафақат барқарор, балки фаровон қилиш учун тарихий имконият турибди»

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни Самарқандда очиладиган «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммити олдидан Euronews телеканалига интервью берди. «Газета.uz» интервьюнинг тўлиқ матнини тақдим этади.

— Кейинги йилларда дунё шиддат билан ўзгармоқда: геосиёсий беқарорлик, иқтисодий хатарларнинг ўсиши, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар — буларнинг барчаси халқаро ҳамкорликнинг янги форматларини тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан қаралганда, Самарқанд шаҳридаги «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммити минтақаларимиз ўртасидаги муносабатларда бурилиш нуқтаси сифатида кўринмоқда. Нима учун айнан шу пайт ўзаро ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда?


— Минтақаларимизни чуқур тарихий илдизлар, бир-бирига мос манфаатлар ва яқин шерикликка объектив интилиш боғлаб туради. Бугунги кунда биз Европа Иттифоқи билан ҳамкорликнинг қарийб ўттиз йиллик самарали тажрибага асосланган аниқ кун тартибини шакллантирганмиз. Бизнинг Европа Иттифоқи билан шериклигимиз — бу икки томонлама ҳаракат, ундан иккала томон ҳам манфаат кўриши лозим.

«Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» формати — ноёб ҳамкорлик платформаси бўлиб, ўлчам ва институционал қамров жиҳатидан унга ўхшаши мавжуд эмас. 27 давлатни, жумладан «Катта еттилик»ка аъзо учта мамлакатни (Германия, Франция ва Италия) бирлаштирган Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан минтақалараро даражада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйган энг йирик интеграцион тузилма ҳисобланади. Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик иқтисодиёт ва инвестициядан тортиб барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва рақамли трансформациягача бўлган соҳаларнинг кенг мажмуасини қамраб олади ҳамда узоқ муддатли стратегик устувор йўналишларга асосланади.

Биз европалик ҳамкорларимиз билан мунтазам учрашиб келмоқдамиз. Минтақамизга етакчи давлатлар раҳбарларининг ташрифлари анча фаоллашди. Ўзбекистон Италия ва Франция билан стратегик шериклик ўрнатди. Германия ва Марказий Осиё мамлакатлари эса минтақавий стратегик шерикларга айланди.

Бугун Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари билан савдо ва инвестиция алоқаларини изчил ривожлантирмоқда. Охирги етти йилда Марказий Осиё мамлакатларининг ЕИ билан савдо айланмаси тўрт баробар ошиб, 54 миллиард еврони ташкил этди.

Биз Европа бизнесининг Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа мамлакатлар билан савдо ва инвестициявий ҳамкорлик қилиш имкониятларига қизиқиши кучайиб бораётганини мамнуният билан кузатмоқдамиз.

Минтақамизда кузатилаётган ижобий жараёнлар туфайли Марказий Осиё қудратли ва етакчи давлатларнинг Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи йўллар туташган геосиёсий чорраҳадаги ишончли ҳамкорига айлантирмоқда. Бу «Марказий Осиё плюс» форматларида ўз ифодасини топмоқда. Улар очиқ мулоқотни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиб, барча томонларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги учун қулай имконият яратмоқда.

Бундай шароитда Самарқанд саммитида Европа Иттифоқи ва минтақамиз давлатлари ўртасида стратегик шериклик йўлга қўйилиши минтақалараро ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқликнинг ривожланишида янги йўналишлар очади.

— Саммитни ўтказиш жойи сифатида Самарқанд шаҳри танланишининг сабаби ҳақида батафсил сўзлаб берсангиз. Самарқанд мулоқот ва имкониятлар нуқтаи назаридан қандай рамзий аҳамиятга эга?


— Самарқанд — асрлар давомида савдо, илм-фан ва дипломатия маркази бўлиб келган шаҳардир. Унинг улуғворлиги турли маданиятлар, халқлар ва ғояларни бирлаштира олганида. Бугун у яна Европа ва Марказий Осиё замонамизнинг асосий муаммоларини муҳокама қилиши мумкин бўлган мулоқот майдонига айланмоқда.

Самарқанд Марказий, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳудудида истиқомат қилган халқларнинг кўп асрлик халқаро муносабатлари тарихида алоҳида ўринга эга. Олти асрдан ортиқ вақт илгари айни шу ердан Мовароуннаҳр ҳукмдори Амир Темур Европа монархлари билан эркин ва хавфсиз савдони таъминлаш мақсадида фаол алоқалар ўрнатган эди.

Бугунги кунда Самарқанд халқаро ҳаётдаги ўзига хос ўрнини тикламоқда ҳамда мамлакатимизнинг тарихий сиёсий ва дипломатик меросини асраб-авайлаб, уни янги, янада кенг мазмун билан бойитмоқда.

Тарихан шаклланган тушунчага кўра, Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади. «Самарқанд руҳи» деган ноёб феноменнинг мазмуни ҳам асли шунда мужассам бўлиб, у халқаро ҳамкорликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантириш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.

— Кейинги йилларда минтақада юз берган асосий ўзгаришларни қандай тавсифлаган бўлардингиз, Марказий Осиё бешлигида Ўзбекистон раислиги даврида қайси устувор йўналишларга эътибор қаратасиз?


— Аввало, шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Бу бир қатор омиллар билан боғлиқ. Биринчидан, бугунги дунё сиёсати харитасига назар ташласак, қуролли низолар, зиддиятлар ва зўравонлик авж олаётган ҳолатларнинг аксарияти айнан қўшни давлатлар ўртасида юз бераётганини кўрамиз. Бу ҳолат Яқин Шарқ, постсовет макони, Жанубий Осиё, Африка ва бошқа минтақалар учун ҳам хос.

Афсуски, Марказий Осиё ҳам бундай ҳолатлардан мустасно бўлмаган. Турли даврларда бу ерда қуролли тўқнашувлар содир бўлган, чегара масалалари, сув-энергетика муаммолари, транспорт ва алоқа соҳасидаги мураккабликлар, хавфсизликка оид таҳдидлар вазиятни оғирлаштирган. Бу эса узоқ давом эта олмасди. Ихтилофлар кучайди, келишмовчиликлар чуқурлашди ва юзага келаётган мураккаб вазият минтақанинг хавфсизлигига жиддий таҳдид сола бошлади.

Биз ана шундай реал ҳолатни англаб етиб, стратегик қарор қабул қилдик: Марказий Осиёда конструктив, яхши қўшничиликка асосланган ва ўзаро манфаатли муносабатларни босқичма-босқич барпо этиш. Бу ёндашувнинг замирида ўзаро ишонч ва ҳурмат, умумий манфаатларни ҳисобга олиш ва тан олиш ётади.

Сўнгги йилларда Марказий Осиё тубдан ўзгарди, янги қиёфа касб этди — конструктив мулоқот, ишонч ва ҳар томонлама ҳамкорлик майдонига айланди. Бу эса мамлакатларимиз етакчиларининг умумий сиёсий иродаси туфайли амалга ошди. Бугун биз бу жараённинг ортга қайтмаслиги ҳақида ишонч билан айта оламиз.

2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси билан чиққанида, биз оддий, бироқ муҳим ғоядан келиб чиққан эдик: агар биз ўзаро ишонч ва очиқ мулоқотни ўзимиз бошламасак, ҳеч қандай ташқи ҳамкорлар минтақамизда тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаб беролмайди. Бу жараён ўз самарасини кўрсатди. Бугун энг мураккаб масалаларни музокаралар орқали ҳал этмоқдамиз, қўшма ташаббусларни мувофиқлаштиряпмиз ва олдинга дадил қадам ташлаяпмиз.

Жорий йилда Тошкентда еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Бундай йиғилишларда биз нафақат кун тартибини муҳокама қиляпмиз, фикр алмашяпмиз, балки минтақа қиёфасини ўзгартирувчи аниқ қарорларни қабул қилмоқдамиз. Яқин орадаги ёрқин мисол — Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида давлат чегарасини делимитация қилиш масаласининг узил-кесил ҳал этилиши бўлди. Бу — томонларнинг йиллар давомидаги саъй-ҳаракатлари туфайли эришилган муваффақиятдир.

Савдо алоқаларини рағбатлантириш учун чегараолди савдо ҳудудлари ташкил этилмоқда, қўшма инвестиция жамғармалари ишга тушириляпти, йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Марказий Осиё глобал транспорт занжирларининг муҳим бўғинига айланмоқда. Биз Транскаспий ва Трансафғон транспорт йўлакларини фаол ривожлантиряпмиз — бу мамлакатларимизнинг жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Шу тарзда, Марказий Осиё энди тарихнинг четида эмас, балки ўз стратегик кун тартибини шакллантираётган, жадал ривожланаётган минтақага айланмоқда. Сиёсий ирода, юқори даражадаги ўзаро ишонч ва қўшма иқтисодий ташаббуслар минтақада барқарор ривожланиш учун янги имкониятлар яратди.

Марказий Осиё бешлигида Ўзбекистоннинг раислиги даврида биз қуйидаги учта устувор йўналишга алоҳида эътибор қаратамиз: минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ва экологик барқарорликни таъминлаш.

Олдимизда интақамизни нафақат барқарор, балки фаровон қилиш учун тарихий имконият турибди. Ишонч билан айта оламанки, биз бу салоҳиятни биргаликда рўёбга чиқаришга қодирмиз.

— Ўзбекистонда амалга оширилаётган қандай ислоҳотлар Европа Иттифоқи билан иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда ва Марказий Осиё билан алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш учун ЕИ томонидан қандай чоралар кўрилиши мумкин?


— Ўзбекистонда изчиллик билан қулай бизнес муҳитини яратмоқдамиз, бозор институтларини ривожлантирмоқдамиз ва инвестициявий муҳитни яхшилаяпмиз. Муҳим қадамлардан бири хорижий инвесторлар учун «ягона дарча» тизими жорий этилгани, валюта бозори либераллаштирилгани, бизнес учун солиқ юки камайтирилгани бўлди.

Натижада мамлакатимиз ва Европа Иттифоқи ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликда ижобий суръат кузатилмоқда. 2024 йилда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 6,4 миллиард долларга етди, бу ўтган йилга нисбатан 5,2 фоизга кўпдир. Мамлакатимизда Европа капитали иштирокидаги 1 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, инвестиция лойиҳалари ҳажми эса 30 миллиард еврога етган. Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши савдо-инвестиция алоқаларини янада чуқурлаштириш учун янги имкониятлар очишига ишонамиз.

Биз ЕИ бозорига юқори сифатли, экологик тоза ва Европа стандартларига жавоб берадиган маҳсулотларни кўпроқ етказиб беришга тайёрмиз. Бугунги кунда самарали транспорт-логистика йўлакларини ривожлантириш аҳамияти ортиб бормоқда ва Марказий Осиё Европа билан Осиё ўртасидаги шунчаки «кўприк» эмас, балки глобал иқтисодий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланиши мумкин.

Шу маънода, биз Европа Иттифоқининг «Глобал дарвоза» стратегиясини минтақадаги асосий транспорт лойиҳалари билан уйғунлаштиришни, Транскаспий транспорт йўлагини илгари суриш бўйича «Ҳаракатлар режаси»ни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Бу инвестициялар ортиши, инфратузилма ривожи ва инновацион технологияларни жорий этишга янги суръат бағишлайди.

Иқтисодий боғлиқликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш учун савдо тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, Марказий Осиё маҳсулотларининг Европа бозорига кириш имкониятини яхшилаш, техник стандартлар ва сертификатларни уйғунлаштириш зарур. Шу билан бирга, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, рақамли иқтисодиёт ва инновацион ҳамкорликни ривожлантириш жараёнига Европа бизнесини фаол жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Биз, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки ва бошқа халқаро молия институтлари орқали молиявий кўмак механизмларини фаоллаштиришни қўллаб-қувватлаймиз. Европалик ҳамкорлар иштирокида кичик ва ўрта бизнес ривожи учун қулай шароитлар яратилиши минтақа иқтисодий барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

— Марказий Осиё — энергия ресурсларига бой ва қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эга бўлган кам сонли минтақалардан бири ҳисобланади. Қайта тикланувчи манбалардан фойдаланиш бўйича кейинги тенденциялар ҳисобга олинса, минтақангиз Европанинг энергетик барқарорлигини таъминлашда қандай ўрин тутиши мумкин?


— Марказий Осиё нафақат энергия ресурсларини барқарор етказиб беришни таъминлай оладиган, балки углеродни қисқартириш бўйича глобал жараёнга ҳам катта ҳисса қўша оладиган ишончли ҳамкорга айланиши мумкин.

Марказий Осиё мамлакатлари иштирокида амалга оширилаётган Каспий ва Қора денгиз орқали Европага «яшил стратегик йўлак» барпо этиш лойиҳасида ҳамкорлик учун улкан салоҳият мавжуд. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши ўзаро манфаатли энергетик боғлиқликнинг мустаҳкам асосини яратади.

Қайта тикланувчи энергетика соҳасида ҳамкорлик қилиш учун муҳим институционал платформа сифатида Тоза энергетика бўйича Марказий Осиё — ЕИ шериклигини ташкил этиш мумкин. Бу водород ва аммиак каби «яшил» ёқилғи, шунингдек, биоёқилғи ишлаб чиқариш ва қазилма ёқилғи ўрнига улардан кенг фойдаланиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради.

Айни пайтда Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа давлатлар қайта тикланувчи энергетика салоҳиятини фаол кенгайтирмоқда. «Яшил» энергетика ва иқлим соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш Марказий Осиёда «углерод кредитлари» бозорини ривожлантиришга хизмат қилади. Бу механизм корхоналарга экологик тоза технологияларга инвестициялар жалб қилиш имконини беради, шунингдек, углерод квоталари савдоси соҳасида халқаро ҳамкорлик платформасига айланади.

Масалан, фаолият юритаётган 14 та янги қуёш ва шамол электр станцияларига қўшимча равишда умумий қуввати 24 минг мегаватт бўлган 50 дан ортиқ шундай лойиҳани амалга ошириш ниятимиз бор.

Яқин беш йилда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказишни режалаштирганмиз. Бу иссиқхона газлари чиқишини қарийб 16 миллион тоннага қисқартириш имконини беради ва Ўзбекистон Париж келишуви доирасида иссиқхона газлари чиқиндисини 35 фоизга камайтириш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг муддатидан олдин бажарилишига имкон беради.

Яна бир муҳим йўналиш энергетика тизимларини модернизация қилиш бўлиб, бу уларнинг самарадорлигини оширади ва углерод изини камайтиришга хизмат қилади.

— Бўлажак саммитда хавфсизлик масалалари муҳокама қилиниши истиқболларини қандай баҳолайсиз? Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг қайси соҳалари Сиз учун алоҳида аҳамиятга эга?


— Биз халқаро муносабатлар тизимининг чуқур трансформациясига гувоҳ бўляпмиз. Дунёда шундай кенг кўламли ўзгаришлар рўй бермоқдаки, уларнинг оқибатларини ҳозирча аниқ башорат қилиш мушкул.

Ҳудудий хавфсизликни таъминлаш Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳар доим устувор йўналиш бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Шу сабабли, 2023 йилда биз Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида бу соҳадаги ҳамкорликнинг янги кун тартибини экспертлар муҳокамасига олиб чиқиш вазифасини қўйдик.

Биз яхши тушунамизки, бизнинг минтақамиз ҳам, Европа Иттифоқи ҳам хавфсизлик соҳасида, жумладан, терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчиликка, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш масалаларида умумий таҳдид ва хатарларга дуч келмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Европа Иттифоқи билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ўзаро муносабатларимизнинг асосий йўналишларидан биридир.

Бугунги воқеликларни инобатга олган ҳолда, фақат мавжуд дастурлар доирасидаги ҳамкорликни давом эттириш билан чекланиб қолмай, киберхавфлар ва экстремизмга қарши курашишга қаратилган янги ташаббусларни ишлаб чиқиш ҳам муҳим деб ҳисоблаймиз.

— Афғонистон Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Кўплаб давлатлар муваққат ҳукумат билан ҳамкорлик қилиш ҳамда бу мамлакатни минтақавий ва халқаро ҳамкорлик жараёнларига жалб этишдан ўзини тийиб турган бир пайтда Ўзбекистон жанубий қўшниси билан фаол алоқаларни давом эттирмоқда. Ўзбекистоннинг Афғонистонга бундай ёндашувининг сабаблари нимада, бу масалада давлатларимиз ўртасида жадал ҳамкорликни давом эттириш истиқболлари қандай?


— Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан ёндашуви ҳар доим прагматик ва узоқ муддатли стратегик тамойилларга асосланиб келган. Биз ҳеч қачон қўшнимиздан юз ўгирмаганмиз, у билан алоқаларни узмаганмиз. Биз қўшни давлатлар, жумладан, унинг яқин ва энг муҳим ҳамкори сифатида Ўзбекистон билан конструктив ҳамкорлик қилмасдан Афғонистонни ривожлантириш имконсиз, деган фикрга доим ишониб келганмиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Афғонистонга нисбатан олиб бораётган сиёсатимизни қўллаб-қувватламаганларнинг кўпчилиги бугун унинг тўғрилиги, муқобили йўқлигига тан олишга мажбур бўлишмоқда. Афғонистондаги аввалги тузум бир қатор сабабларга кўра ҳокимиятни сақлаб қололмаслигига амин эдик. Бу сабаблар қаторида аввалги ҳокимиятнинг мамлакат ҳудудини тўлиқ назорат қилишга қобилсизлиги, мухолифат билан мулоқотга тайёр бўлмагани, инклюзив ҳукуматни шакллантиришга интилмагани ва давлат бошқарувининг барча даражаларида коррупция авж олганини келтириш мумкин.

Ҳозирги раҳбарият Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга, ўз ресурсларини аэропортлар, ички темир йўл тармоқлари, сув-энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга ва кўкнор майдонларини қисқартиришга йўналтиришга муваффақ бўлди. БМТ маълумотларига кўра, «Толибон» 2023 йилда гиёҳванд моддалар савдосини тақиқлаганидан сўнг, Афғонистонда кўкнор етиштириладиган ерлар 95 фоизга камайган. Афғонистонда кўкнордан холи келажак барпо этиш мақсадида қишлоқ аҳолисига ёрдам кўрсатилмоқда, қишлоқ хўжалигининг муқобил йўналишлари ривожлантириляпти.

Бугунги шароитда биз Афғонистонга стратегик имкониятлар нуқтаи назаридан қараш зарур деб биламиз. Ушбу мамлакатни халқаро иқтисодий жараёнларга жалб этиш, хусусан, унинг ҳудудида инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш жуда муҳим.

Шу маънода, биз Афғонистонга нафақат мавжуд инқироздан чиқиш, балки узоқ муддатли ривожланиш имконини берадиган ижобий кун тартиби ва ташаббусларни илгари суриш учун Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ишлашга тайёрмиз. Ҳозирда биринчи галдаги вазифа — Афғонистонга таълим соҳасида ёрдам беришни давом эттириш, деб ҳисоблаймиз.

Ишончим комил, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва мамлакатни тиклаш Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатларининг умумий манфаатларига жавоб беради.

— Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи қандай қилиб иқлим хавфларига биргаликда қарши туриши мумкин, бу соҳадаги ҳамкорлик учун қандай имкониятлар мавжуд?


— Иқлим ўзгариши — бу энди инкор этиб бўлмайдиган хатар. Марказий Осиё қурғоқчилик, музликлар эриши ва сув танқислиги билан юзма-юз келаётган бўлса, Европа аномал иссиқлик, ёнғинлар ва экотизимлар ўзгариши билан тўқнаш келмоқда.

Марказий Осиё иқлим ўзгаришига нисбатан энг сезгир ҳудудлардан бири сифатида ўз масъулиятини тўлиқ англайди ва Европа билан узоқ муддатли ечимлар устида ҳамкорлик қилишга тайёр.

Биз учун сўзсиз устувор йўналиш — бу Марказий Осиёда «яшил» кун тартибини илгари суришдир.

Самарқанд саммити доирасида биз «яшил» ривожланиш бўйича минтақавий концепция лойиҳасини тақдим этишни режалаштирганмиз. Унда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва «яшил» технологияларни жорий этиш соҳасида самарали минтақавий ҳамкорликнинг мустаҳкам асосини яратиш кўзда тутилган.

Биз «ЕИ — Марказий Осиё яшил шериклиги» дастурини ривожлантиришни таклиф этамиз. Унинг доирасида қайта тикланадиган энергия манбалари, экотизимларни тиклаш ва иқлимни рақамли мониторинг қилиш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришда кучларимизни бирлаштиришимиз мумкин.

Сув ресурсларини тежаш соҳасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим деб ҳисоблаймиз.

Бу борада Европа Иттифоқи билан ирригация инфратузилмасини модернизация қилишдан тортиб музликларни биргаликда кузатиш ва илғор сув тежовчи технологияларни жорий этишгача бўлган йўналишларда ҳамкорлик учун катта имкониятларни кўряпмиз.

ЕИ билан ҳамкорликни кенгайтиришдан, хусусан давлат-хусусий шериклик соҳасида Европа тажрибасидан фойдаланишдан умидимиз катта.

Устувор йўналишлардан яна бири — экотизимлар ва биохилма-хилликни тиклашдир.

Таназзулга учраган ерларни, шу жумладан Оролбўйи ҳудудини кўкаламзорлаштириш бўйича кенг кўламли дастур — «Марказий Осиёнинг яшил белбоғи» лойиҳасини аллақачон бошлаганмиз.

Бу борада Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш учун улкан салоҳият мавжуд.

Биз экологик соҳада таълим тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотлар ўтказишга ҳам устувор эътибор қаратяпмиз. Ўтган йили минтақамизда биринчи «Яшил» университетни очдик, бу таълим маскани қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва инновацияларни жорий этиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилиши мумкин.

— Бўлажак олий даражадаги учрашувдан нималар кутяпсиз? Саммит якунида қандай натижаларга эришилишини истардингиз?


— Бўлажак саммит ҳақиқатан ҳам тарихий аҳамият касб этади, чунки биринчи марта Марказий Осиёнинг бешта мамлакати ва Европа Иттифоқи етакчилари бир жойда тўпланади.

Биз бу саммит Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда янги саҳифа бўлишини кутамиз. Кейинги йилларда ҳамкорлигимиз сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Сиёсий мулоқот янада чуқурлашади, ҳамкорлигимизга янада тизимли тус берадиган, уни узоқ муддатли мақсадларга йўналтирадиган янги механизмлар ишлаб чиқилади, деб умид қиламиз. Минтақалараро ҳамкорлик, айниқса, иқтисодиёт, савдо, энергетика ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш саммит кун тартибидаги муҳим масалалардан бири бўлади.

Самарқанд декларациясининг имзоланиши саммитнинг асосий натижаларидан бири бўлиши керак. Бу ҳужжат томонларнинг стратегик шериклик ўрнатишга бўлган умумий интилишини акс эттиради. Декларация нафaқат эришилган келишувларни мустаҳкамлайди, балки минтақаларимиз ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш учун асос яратади.

Биз инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, инновациялар ва рақамли ечимларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ келишувларга эришишдан умидвормиз.

Албатта, кўплаб саволларга саммит якунида жавоб топилади. Бироқ ҳозирдан айтиш мумкинки, бу учрашув Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида барқарор, ўзаро манфаатли шерикликни барпо этиш йўлидаги муҳим қадамга айланади. Бу шериклик умумий манфаатлар, ишонч ва биргаликдаги тараққиётга интилишга асосланган бўлади.

— Сизда Европа етакчилари ва фуқароларига битта муҳим фикрни етказиш имконияти бўлганда, нима деган бўлар эдингиз?


— Бугунги имкониятдан фойдаланиб, европалик ҳамкорларимизга мурожаат қилмоқчиман.

Марказий Осиё мулоқот ва ҳамкорликни кенгайтиришга очиқ. Биз барқарор ривожланиш ва халқларимизнинг фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган, ўзаро манфаат ва ишончга асосланган конструктив ҳамкорлик тарафдоримиз.

Биз Европа Иттифоқининг минтақа очиқлигини таъминлаш, унинг равнақи ва субъектлигини мустаҳкамлашга қаратилган интилишларимизни қўллаб-қувватлаётганини юксак қадрлаймиз. Айниқса, Европа Иттифоқи Марказий Осиёни барқарор ва жадал ривожланаётган, барча манфаатдор томонлар билан очиқ ва тенг ҳуқуқли шерикликка тайёр бўлган минтақага айлантиришдек мақсадимизда биз билан ҳамфикр экани жуда муҳимдир.

Бўлажак саммит муносабатларимизда муҳим босқич бўлади. Самарқанддаги учрашув натижалари ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш учун янги истиқболлар очишига ишонамиз.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.