Ёдгорликнинг икки ён томонидаги ёзувлар — ўзбек ва инглиз тилларида битилган. Россия ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, ёдгорлик ёнида ҳалок бўлган аскарларга аталган хотира сўзлари фақат инглиз тилига таржима қилинган, холос. Ёзувда шундай дейилган: «You are always in our heart, my dear» (Сен доим қалбимиздасан, жигарим).
«Инглизлар сизга қандай келиб қолишди? Қарасам, инглизча ёзув», — деб сўради у экскурсоводга юзланиб.
«Бу ерда барча тилларда бор, умуман олганда. Туризм шаҳри», — деб жавоб берди у. «Русчани кўрмаяпман», — деб жавоб берди вазир.
Суҳбатда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов иштирок этди.
Россия ТИВ матбуот хизмати гул қўйиш маросимидан бир қатор фотосуратларни эълон қилди. Суратларда вазирга фахрий қоровул ротаси ҳарбий хизматчилари ҳамроҳлик қилмоқда. Улар ёдгорлик томон бир сават қизил атиргул кўтариб келаётганди.
Сергей Лавров икки кунлик расмий ташриф билан Самарқандга келди. Унинг дастуридан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув, шунингдек, Бахтиёр Саидов билан батафсил музокаралар ўрин олган. Томонлар икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, Евроосиё интеграцияси ва Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигини нишонлашга биргаликда тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.