Янги автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш учун онлайн ариза йўллаш имконияти синов тартибида ишга туширилди. Бунда сайёр хизмат ҳам мавжуд.
Ҳозирча бу имконият Тошкент шаҳридаги «Файзобод» рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш (РЎ ва ИО) бўлимида синовдан ўтказилмоқда. Тест муваффақиятли якунланса, тизим аввал Тошкент шаҳри бўйлаб, кейинчалик қолган ҳудудларда жорий этилиши режалаштирилган.
Талабгор аризани шакллантиришда хизматни қайси кўринишда олишини белгилайди:
1. Аризачи РЎ ва ИО бўлимига борган ҳолда рўйхатдан ўтказиш;
2. Сайёр хизмат — ЙҲХХ ходимининг ўзи белгиланган манзилга келади (қўшимча тўлов асосида).
Хизмат кўрсатиш учун белгиланган тўловлар қуйидагича:
Рўйхатдан ўтказиш: ЯҲМнинг 6,84 баробари;
(Электромобил, мотоцикллар, тиркамалар — 1,5 баробар);
Давлат рақами: ЯҲМнинг 3,5 баробари;
Қайд этиш гувоҳномаси (техпаспорт): ЯҲМнинг 0,7 баробари;
Техник кўрик: ЯҲМнинг 0,1 баробари.
Сайёр хизмат учун (10 км.гача):
— 1 кунда келса: ЯҲМнинг 4 баробари;
— 3 кунда: ЯҲМнинг 3 баробари;
— 5 кунда: ЯҲМнинг 2 баробари.
10 км.дан ортиқ масофа учун ҳар км.га ЯҲМнинг 0,05 баробари қўшиб борилади.
Ариза my.gov.uz орқали юборилганида, талабгорга давлат рақам белгиси ва тўлов учун инвойс тақдим этилади.
Тўлов амалга оширилгач, “Файзобод” РЎ ва ИОга бориб, аризадаги давлат рақам белгисини айтилади, ЙҲХХ инспектори транспорт воситасини кўрикдан ўтказади ва давлат рақами ҳамда техпаспортни тақдим этади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.