Ўзбекистон ва Қирғизистон «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланишга келишиб олди

Ўзбекистон ва Қирғизистон «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланишга келишиб олди

Ўзбекистон ҳукумати ва Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси ўртасида «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги битим лойиҳасининг асосий шартлари тасдиқланди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

24 апрель куни Тошкент шаҳрида бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон ВМ раиси ўринбосари — Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Тошиев раислигида ўзбек-қирғиз давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича делегацияларнинг навбатдаги қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида, шунингдек, Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараси лойиҳа чизиғининг чегаранинг охирги тартибга солинмаган участкасидан ўтиши тўғрисидаги баённома ҳам тасдиқланди.

Томонлар «Чашма» булоғи икки халқнинг умумий бойлиги эканини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон фуқароларининг ушбу булоқдан эркин ва тўсиқсиз фойдаланиши, ўзбек томони булоқда шаклланадиган сув ҳажмининг учдан икки қисмидан фойдаланишини таъминлаш ҳамда манбанинг сув ресурслари ҳажми ва сифатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни ўзбек томони билан мувофиқлаштириш тўғрисида келишувларга эришилди.

Шунингдек, томонлар дўстлик ва яхши қўшничилик руҳида икки мамлакат фуқароларининг «Чашма» булоғидан тўлақонли фойдаланишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай чора-тадбирларга йўл қўймасликка келишиб олди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланишга келишиб олди
Томонлар қисқа муддат ичида битим ҳамда давлат чегараси участкаси тўғрисида шартномани мувофиқлаштириш ва имзолашга келишиб олди. Тез орада икки мамлакат ваколатли органлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар учрашуви ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 31 май куни Фарғона вилояти Сўх тумани Чашма қишлоғидаги Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида жойлашган Чашма булоғи олдида икки мамлакат фуқаролари ўртасида зиддият келиб чиққанди. Абдулла Арипов шу йил 1 июнь куни воқеа юз берган жойга ташриф буюрган ва аҳоли билан учрашган. Шунингдек, у Қирғизистон расмийлари билан учрашиб, ҳодиса юзасидан музокара олиб борган.

Можаро оқибатида 187 нафар ўзбекистонлик касалхонага ётқизилган, Ўзбекистон томонда учта хонадон ёниб кетган. Қирғизистоннинг Боткен вилоятида эса уй ва омборхона ёнган, шунингдек, 25 киши жароҳат олган.

2021 йил март ойида «Сўх воқеалари»да иштирок этган 22 нафар шахсга суд ҳукми ўқилган. Уларнинг барчаси Жиноят кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) бўйича айбдор деб топилиб, 5, 4 ва 2 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳамда озодликни чеклаш жазолари тайинланган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.