Қайд этилишича, Термиз шаҳрида вақтинча яшаб келаётган тожикистонлик 44 ёшли шахс такси ҳайдовчисининг Cobalt автомашинасини олиб қочган. Гап шундаки, у маст ҳолатда шериги билан таксига минган. Йўл-йўлакай спиртли ичимликлар истеъмол қилишда давом этган. У жанжалларга ҳайдовчини ҳам аралаштирган ва ҳайдовчининг автомашинадан тушганидан фойдаланган ҳолда у Cobalt’ни олиб қочган.
Шундан сўнг ҳайдовчи Spark русумли автомашинада унинг изидан ҳаракатланиб борганда, у олиб қочган автомашинаси билан ёнма-ён ҳаракатланиб кетаётган Spark автомашинасига ҳам шикаст етказиб, автомашинани олиб қочишда давом этган. Олиб борилган тезкор-қидирув чора-тадбирлари жараёнида машина Термиз туманининг Айритом маҳалласи ҳудудида бошқарилиб борилаётгани аниқланган.
Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлик бошқармаси ходимлари томонидан уни тўсиб ушлаш тадбири давомида фуқаро Cobalt’ни яна олиб қочмоқчи бўлган. Ортга ҳайдаб, йўл четида турган Cobalt автомашинасини ҳам уриб юбориб, унга шикаст етказиб, машинани олиб қочишда давом этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судида бўлиб ўтган судда эркакка Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми билан кодекснинг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 3 автомашинага етказилган зарар ҳам тўлиқ қопланган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.