Кўп қаватли уйдан хонадон сотиб олиш учун пулини топширган ёки тайёр уй-жойи бузилиб, ўрнига товон тариқасида квартира олмоқчи бўлган минглаб оилалар йиллар давомида қурилиш тугашини кутиб турибди. Уларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, турли мутасадди ташкилотларга юборган мурожаатлари натижасиз қолмоқда.
Амалдаги ҳолат ва уни келтириб чиқарган омиллар хусусида
Фақат Самарқанднинг ўзида, вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармасидан олган маълумотга қараганда, 400 тага яқин кўп қаватли уйда турли камчиликлар мавжудлиги аниқланган, жумладан, қурилиши 7-10 йил давом этаётган турар жой бинолари мавжуд. Ваҳоланки, қонунчилигимиз бўйича, қурилиш кўпи билан икки йилда тугалланиши лозим.
Нега бундай ўзибўларчилик йиллар мобайнида давом этмоқда? Нега ўрта ёки кўп қаватли уйни ўз вақтида қуриб эгасига топширмаган қурувчига нисбатан қонуний чора кўрилмайди? Нима учун минглаб юртдошларимизнинг давлат идораларига қилаётган мурожаатлари, шикоятлари инобатга олинмаяпти?
Вилоятда қурилишни бошқариш ва назорат қилишга мутасадди бўлган давлат идоралари раҳбарлари билан нега бундай вазиятда жим турибсизлар, қонуний чора кўрмайсизлар деб сўрашим билан уларнинг фиғони осмону фалакка чиққанлигига кўп марталаб гувоҳ бўлганман. Уқтирилишича, Тошкентдаги энг нуфузли, ҳатто номланишини тилга олиш ваҳимали бўлган идоралардан бошлаб вилоят ва шаҳар мутасадди ташкилотларидан қўнғироқлар, “шу биттагина одамимизни сиғдирмайсизми, ишлаб юрибтида, қўйинг энди” деган мазмунда “мулойимгина” таклиф шаклидаги босимлар оддий бир ҳолатга айланган экан. Агар қонун талаблари бузилишига қарши ўз вақтида қатъийлик билан кураш олиб борилганида, аҳвол бу даражагача тушмас эди. Бу – исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат.
Давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида мунтазам жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, адолат билан иш юритиш борасида ҳақли талабни ўртага ташлайди, қонун талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳар бир ҳолат юзасидан аниқ ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш кераклигини таъкидлайди. Мана бу сўзларга эътибор қаратинг: “Биз барпо этаётган ҳуқуқий давлатда адолатсизликнинг ҳеч қандай шаклда устун бўлишига йўл қўймаслигимиз зарур. Бу ҳокимиятнинг барча тармоқлари, энг аввало, давлат бошқаруви органларининг, ва айниқса, хуқуқни муҳофаза қилиш органларининг биринчи даражали вазифасидир. Биз халқимизнинг, бугунги замоннинг ана шу муҳим талаби сўзсиз бажарилишини таъминлашимиз шарт”.
Яхши томонга ўзгариш бўладими?
Самарқанд вилоятида кейинги ойларда бу борада бироз силжиш кутилаётгандек бўлмоқда. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев қурилиш соҳасидаги камчиликларни танқид қилиб чиққанлиги ва бу йўналишда тартиб ўрнатиш борасида ҳаракат бошланганлиги самарқандликларни, айниқса, йиллар давомида уй-жойи бузилиб, ижарама-ижара юрганларни қувонтирди, уларда кеч бўлса ҳам адолат қарор топишига умид уйғотди.
Вилоят мутасаддилари билан ўтказилган йиғилишда А.Бобоев жумладан шундай деган эди: “Ўзбошимчалик билан ҳамма жойда кўп қаватли уйлар қурилган. Кўпининг рухсати йўқ. Ҳаммамиз кўриб турибмиз, билиб турибмиз, кимлардир бунга шерик… Фақат уй-жой қилинган, пул қилинган, сотилган. Ким жавоб беради бунга?.. Эгалланган ерни, худди отасидан қолган мулкка ўхшаб, 5 йил, 7 йил, 10 йил қуряпти. Эй, баракатопгур, бу халқнинг мулки. Уни эгаллаб олиб, котлаван қазиб кутиб ўтириш керак эмас…”.
Яна ўша азалий савол: нима қилмоқ керак? Муаммодан яхши хабардор бўлганларнинг фикрича, тепадан босим қилаётганлар ҳақида вилоят ҳокимига маълумот берилса ва бу маълумот Бош вазир ёки Президентга етказилсагина ижобий ўзгаришга умид қилиш мумкин. Мана, азизлар, қандай даҳшатли вазиятга тушиб қолдик! Коррупцияга қарши курашамиз деганлар, турли йиғилишу тадбирлар ўтказиб, халқнинг миллардлаб маблағини сарфлаётганлар нима билан банд?
Аниқ мисоллар, ўжар ва қайсар фактлар олида тил ожиз…
Қурилиш соҳасидаги ўзибўларчилик, қонунни менсимаслик, мутасадди ташкилотлар бефарқлиги, ожизлигию риёкорлигини яққол кўрсатувчи аниқ мисоллар қалашиб ётибди. Улардан биттасини, ўзим яхши хабардор бўлган ҳолатни мисол тариқасида келтирмоқчиман.
2018 йилда иш хонасидаги сейфидан 1 млн доллардан кўпроқ пул чиққан, қамалган собиқ вилоят ҳокими даврида Самарқанд халқаро аэропортига олиб борувчи йўл устидаги (қурилиш ҳужжатларида бу кўча Ибн Сино номи билан аталган, аслида у Академик Воҳид Абдуллаев кўчасидир. Кадастр ва айрим бошқа идоралардаги саводсизлар туфайли бу хатолик томир отди) якка тартибда қурилган уй-жойлар бузилиб, ўрнига 3 қаватдан 9 қаватгача бўлган турар жойлар қуришга киришилган эди. Ўн йиллар дамомида яшаб келаётган уй-жойлари бузилган оилалар ўз мулкларини виждонсиз қурувчиларга тутқазиб, ўзлари шунча вақтдан бери сарсону саргардон.
Боғимайдон МФЙ ҳудудида 14 та хонадон турар жойидан айрилган эди. “Биз ўз жойимизни ҳеч кимга бермоқчи эмасдик. Аммо шаҳар ҳокимлиги, прокуратура, икчи ишлар органанидан келган вакиллар бизни чиқиб кетишга мажбур қилишди. Улар қурувчи билан бирга бизга қоп-қоп ваъда беришган эди. Аммо қурилиш ишлари чўзилгандан сўнг, улар ҳам бизнинг шикоятларимизга эътиборсиз бўлиб қолишди”, – дейди 75 ёшли Тоҳир Ҳожи Қодиров.
Дастлаб қурилиш шаҳар ҳокимининг 24.04.2018 йилдаги 732-Қ қарори асосида “Samarkand Business Like” МЧЖга топширилган эди. Аммо собиқ вилоят ҳокими устидан жиноят иш очилгандан сўнг, ушбу қурилиш корхонаси раҳбари ҳам терговга тортилди. Янги қарор асосида қурилиш билан Шерзод Исломов раҳбарлигидаги “Sam Ros Stroy Lux” МЧЖ шуғулланадиган бўлди. Шунга ҳам 6 йил бўлди. Қурилишни тугаллаб, керакли инфартузилмани ишга солиб, хонадонни сотиб олганларга қулай шароит яратиш ҳақида ҳеч ким ўйламаяпти.
Қурилишдаги мавжуд камчиликларни санаб ўтишнинг ўзи бир китоб бўлади. Фақат улардан айримларини келтириш билан чекланамиз:
Давлат комиссияси томонидан қабул қилиб олинмаган турар жой биносининг хонадонлари ижарага берилган. Бу ерда ўқув маркази, ош маркази, сартарошхона ва бошқа объектлар фаолият юритмоқда. Шунингдек, 10 га яқин оила турар жойи бўлмаганлиги сабабли мажбур бўлиб, табиий газга уланмаган, қатор камчиликларга эга бинода яшмоқда;
Лифт шахтаси стандартларга мос келмаган ҳолда гипсокардон билан ўраб олинган ва негадир лифт биринчи қаватдан эмас, иккинчи қаватдан бошлаб ўрнатилган;
Қурилишда турли хилдаги назорат ўрнатилиган бўлмоғи зарур. Жумладан, буюртмачининг техник назорати, лойиҳа ташкилотининг муаллифлик назорати, пудрат ташкилотининг ички назорати қандай олиб борилган? Давлат архитектура-қурилиш назорати (ДАҚН) амалга оширилганми ўзи? Уй-жой қурилиши 2019 йилда бошланганлигига қарамасдан, объект 2023 йилнинг кузида ДАҚН томонидан рўйхатга олинган. Ваҳоланки, иш бошланиши билан, босқичма-босқич назорат олиб борилиши керак эди.
Умуман олганда, “Sam Ros Stroy Lux” МЧЖ олиб бораётган қурилишларда назорат йўлга қўйилганлиги масаласи билан мутасадди ташкилотлар жиддий шуғулланиши кераклиги кундек равшан бўлиб турибди.
Шунча камчилик, 6 йил чўзилган ва охири кўринмайдиган қурилиш… Аммо ҳеч ким, ҳеч бир мутасадди, қонун устуворлиги ҳақида оғиз кўпиртириб гапираётганлар бу тартибсизликка, азият чекканларнинг мурожаатларига эътибор қаратмайди. Қурувчининг орқасида бор кимса ҳақида айрим шикоятчилар керакли жойга хабар берамиз дейишмоқда. Аммо уларни эшитадиган ким бор?
Аммо аэропортгача бўлган йўл бўйида қурилаётган кўплаб бошқа биноларда ҳам аҳвол бундан яхши эмас. Уларнинг ҳам додларига ҳеч ким эътибор қаратмаяпти. Масалан, Жўйичуқур маҳалласидан Қобилжон Низомовнинг ҳам бу борада шикоят билан бормаган идораси қолмади. У 2018 йилда “Faridun Olam Nur” МЧЖ билан шартнома тузиб, қурилиш компанияси ваъдаларига ишониб ўз мулкини топширган. “Дом” қачон қурилиб битказилишини ҳеч ким билмайди.
Яна кўплаб бошқа мисоллар келтириш мумкин эди. Масалан, Тойлоқ туманидан Сирож Пўлатов “Sam Ros Stroy Lux” МЧЖга иккита квартира учун пул тўлаб, 2019 йилдан буён қурилиш тугашини кутиб турганини, самарқандлик Давлат Пўлатов катта маблағини қурувчидан ололмаётганлигини билдириб, шикоят қилди. Уй-жойи бузилган ва шикоятлари натижа бермаганлар – Темур Сатторов, Суҳроб Ҳамроқулов, Ўткур Сулаймонов, Фаррух Сулаймонов, Фарҳод Бақо-зода, Тоҳир Қодировлар дардига ким малҳам бўлади?
Қурувчиларнинг бу каби ўзибўларчилиги ҳақида мисоллар кўп. Аниқ чора кўрилмаса, жойидан, пулидан ажралган аҳоли вакиллари норозилиги кучайиб бораверади. Бу кимга керак? Балки вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев жойига чиқиб, Боғимайдон ва Жўйичуқур маҳаллаларида қурувчилар туфайли азият чекаётган аҳоли билан гаплашади ҳамда улар оғзидан бор ҳақиқатни эшитиб, шу вақтгача муаммога кўз юмиб келаётганларни жавобгарликка тортилиши ва адолатни қарор топиши сари муҳим қадам ташлар?
А.Бобоев қурилишлардаги ўзибўларчилик ҳақида гапира туриб, қуйидагиларни уқтирган эди: “Ҳар бир қурувчи ва ўша қурилиш ташкилотларини назорат қилувчи раҳбарлар вужуди билан қулоқ солиб эшитсин. Қурган иморатингни ҳам, йиққан маблағингни ҳам ўзинг билан олиб кетолмайсан. Аммо қилган яхши амалинг қолади”.
Жуда тўғри, ҳақ гап!
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.