8 йиллик тизимнинг бекор қилиниши: прокурор, ички ишлар ва солиқ энди секторлар билан шуғулланмайди

8 йиллик тизимнинг бекор қилиниши: прокурор, ички ишлар ва солиқ энди секторлар билан шуғулланмайди

Ўзбекистонда 8 йилдан сўнг прокуратура, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарларининг секторлар фаолияти билан шуғулланиши бекор қилинмоқда. Бу президентнинг 21 апрелдаги қарорида назарда тутилган.

Янги тартибга кўра, эндиликда секторлар доирасидаги вазифаларни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш бош вазир ўринбосарлари ва Маҳаллалар уюшмаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари зиммасига юклатилди.

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда секторларнинг янги тартиб асосида фаолият юритиши бўйича президент қарори лойиҳасини киритиш вазифаси топширилди.

Секторлар тизими ва танқид


2017 йилда Ўзбекистонда ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти йўлга қўйилди. Ўшанда вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар)ни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида улар «секторлар» деб аталадиган ҳудудларга бўлинган эди. Бу ҳудудларни ҳокимлар, прокурорлар, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарлари бошқарган. Улар аҳолининг долзарб муаммолари, жумладан, инфратузилма, бандлик, ижтимоий ҳимоя ва бошқа масалаларни ҳал этиши керак эди.

Яъни, прокурорлар, ички ишлар ва солиқ хизматлари раҳбарлари зиммасига уй-жой коммунал ва йўл хўжалиги, энергия, сув ва иссиқлик таъминоти, транспорт қатнови, архитектура, арзон уй-жойлар қуриш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, намунавий маҳалла ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини шакллантириш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муассасаларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш, деҳқон хўжаликлари, томорқа учун ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланиш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа фаолият турларини ривожлантириш, фермер хўжаликларига кўмаклашиш ва бошқа қатор соҳалардаги муаммоларни ҳал этиш учун масъул эди.

Президент Шавкат Мирзиёев март ойи бошида ушбу тизим йиллар давомида йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиб, вазиятни ўнглаш учун барча кучларни сафарбар этишга кўмаклашганини айтди.

Шу билан бирга, у сўнгги йилларда ҳудудлар салоҳияти бир неча карра ошганига қарамай, кейинги пайтда прокурор, ички ишлар ва солиқ раҳбарлари секторни баҳона қилиб, соҳасидаги ишларни сусайтириб юборганини танқид қилди.

Давлат раҳбари улар сектор ишларидан озод қилинаётганини маълум қилди. «Прокуратура, ички ишлар, солиқ раҳбарлари яхшилаб эшитиб олсин: сектор ишидан озод қилиш бу — эски даврга қайтиб, аҳоли ва тадбиркорларга ҳар қадамда тўсиқ, коррупцияга шароит яратиш, дегани эмас», — дея огоҳлантирди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, туманларда жиноятчиликнинг олдини олиш масъулияти ҳокимлар зиммасида бўлиб, улар бу борадаги барча ишларни мувофиқлаштиришлари шарт.

Мазкур тизим Конституция ёки қонунларда кўзда тутилмагани, шунингдек, мустақил бўлиши ва фақат қонунга бўйсуниши лозим бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мустақиллигини шубҳа остига қўйгани тармоқларда танқидга учради. Аслида, бу органлар мустақил бўлиши ва фақат қонунга бўйсуниши керак. Амалда эса ҳокимлар прокурорлар, ички ишлар ва солиқ хизмати вакилларига топшириқ бериш ҳуқуқига эга бўлган. Ҳатто айрим ҳолатларда президент маслаҳатчиси прокурорга ҳокимларни жавобгарликка тортишни топширгани кузатилган.

2020 йилда молиячи Отабек Бакиров Конституция ва қонунларда тўрт сектор тушунчаси мавжуд эмаслигини таъкидлаган эди.

«Секторлар бошқаруви ўзи бутун дунёда йўқ, агар бунақа усул самарали бўлганида ҳамма унга ўтиб кетган бўларди», — дея таъкидлаган у.

Бакировнинг эслатишича, Конституциянинг 11-моддасида давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши қайд этилган.

Биринчи сектордагилар — ҳокимлар — ижро этувчи ҳокимиятнинг бир қисми сифатида Конституциянинг 103-моддасига кўра, тегишлилигига қараб, вилоят, туманларнинг бошқаруви вазифаларини қисмда эмас, бус-бутун ҳудуд доирасида бажариши лозим.

Иккинчи сектордагилар — прокуратура вазифаларига қонун устуворлигини таъминлашга қайтарилиши керак. Чунки Конституциянинг 120-моддасига кўра, Ўзбекистон прокуратура органлари ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширадилар.

Учинчи сектордагилар ўз ишларига — ички ишларга қайтарилиши керак. Ички ишлар органларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборат.

Тўртинчи сектор — солиқчилар вазифаларида ёзиб қўйилганидек давлат солиқ сиёсатини амалга ошириш ҳамда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши юзасидан назоратни таъминлашга қайтса, улардан шу вазифа сўралса.

«Сектор бошқаруви бу хаос, назорат иллюзияси холос, ожиз бўлсада, мавжуд институтларниям обрўсизлантирадиган тартибсизлик. Хаос узра бошқарув йўқ, демак унда на масъулият ва на жавобгарлик бор. Институтлар энди жим турмаслиги лозим», — деган у.

Davletov.uz блоги муаллифи ўша йили S&P рейтинг агентлигининг Ўзбекистон бўйича ҳисоботида институционал муҳит мезони бўйича барча кўрсаткичларга энг ёмон баҳо берилганини таъкидлаган. Агентлик маълумотларига кўра, Ўзбекистонда қарор қабул қилиш жараёни ўта марказлашган, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати жуда заиф.

«Нега ўзаро тийиб туриш механизми керак? Халқ ва давлат ўртасида имзоланган бош ижтимоий шартнома негизида шундай ғоя бор: фуқаролар баъзи ҳуқуқ ва ваколатларини бериш ҳамда солиқ тўлаш орқали давлат уларга хизмат кўрсатади: ўқитади, соғлиғига қарайди, ташқи хавфдан қўриқлайди, бошқалар зўравонлигидан ҳимоя қилади. Давлат ижро органи кучайиб кетиб, халққа зуғум қилмаслиги, ижтимоий шартнома шартларини сифатли бажариши учун халқ ўз вакиллари орқали ҳукуматни шакллантиради ва унинг фаолиятини назорат қилади. Қанчалик жўн тушунча бўлмасин, давлатчиликнинг фундаменти шу», — дея тушунтириб берган у.

2024 йил ноябрь ойида нашр этилган сўнгги S&P ҳисоботи ушбу муаммони таъкидлашда давом этди.

«Гарчи биз ижобий ўзгаришларни қайд этсакда, қарорлар қабул қилиш жараёнининг юқори даражадаги марказлашуви, институтларнинг ҳисобдорлик механизмларининг эндигина шаклланиб бораётгани ҳамда чекланган тормоз ва мувозанат тизими боис иқтисодий сиёсат бўйича қабул қилинаётган қарорларни ҳануз башорат қилиш қийин бўлиб қолмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.