Президент «Арда Хива» сайёҳлик мажмуасини очиб берди
Президент Шавкат Мирзиёев пайшанба куни Хоразм вилоятига ташрифи чоғида «Арда Хива» сайёҳлик мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати
хабар берди.
Марказ Ғовуккўл кўли бўйида 25 гектар майдонда қурилган. 150 гектарлик сув омбори атрофида яшил ҳудудлар ташкил этилмоқда.
Умумий сиғими 1000 ўринга мўлжалланган 17 меҳмонхона ва меҳмон уйи, аквапарк, мусиқали фаввора, 3 минг ўринли амфитеатр, шарқона бозор, халқ ҳунармандчилиги ва декоратив-амалий санъат кўргазмалари мавжуд.
«Кўҳна Урганч» тарихий музейида 11 та ҳунармандчилик уйи очилган. Икки километрлик канал бўйлаб сайёҳлар учун қайиқда сайр қилиш имконияти мавжуд. Мажмуа, шунингдек, 5 та кино ва концерт заллари, ресторанлар ва заргарлик марказини ўз ичига олади.
Мажмуа йилига 3 миллионгача ташриф буюрувчини қабул қилишга мўлжалланган ва камида 2000 кишини иш билан таъминлайди, дейилади хабарда. Барча объектлар учун ягона иситиш ва совутиш тизими яратилган.
«Хоразм дунё цивилизацияси ва маданиятига бебаҳо ҳисса қўшган Шарқ гавҳаридир. Бу кўҳна юрт жаҳонга донғи кетган не-не олиму фозиллар, саркарда ва султонлар, азиз авлиёлар, бетакрор шоир ва ҳофизлар ватанидир», — деди давлат раҳбари тантанали маросимда.
Вилоятда 260 дан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд. Хива шаҳридаги очиқ осмон остидаги музей-шаҳар Ичанқалъа ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. «Ишончим комил, «Арда Хива» Хоразмдаги туризм ривожида янги саҳифа очади, вилоятнинг иккинчи «ташриф қоғози»га айланади», — деди президент.