«Исроил ва АҚШни Эроннинг ядровий дастури эмас, балки тараққиёти хавотирга солади» — элчихона вакили

«Исроил ва АҚШни Эроннинг ядровий дастури эмас, балки тараққиёти хавотирга солади» — элчихона вакили

Эрон ҳеч қачон ядро қуролини қўлга киритишга ҳаракат қилмаган, аммо мамлакат тиббиёт, илм-фан ва саноатнинг турли йўналишларида ядро энергетикасидан тинч мақсадларда фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади ҳамда ушбу ҳуқуқидан сира воз кечиш режаси йўқ. Бу ҳақда Эроннинг Ўзбекистондаги элчихонасида 24 июнь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар берди Gazeta мухбири.

Эроннинг муваққат ишлар вакили Ҳусайн Парварешнинг сўзларига кўра, Исроилнинг Эронга нисбатан ҳаракати, шубҳасиз, халқаро ҳуқуқ нормаларига, жумладан, БМТ низомининг 2-моддаси 4-бандига зид.

«Биз кейинги 10−15 кун давомида сионистик режимнинг бош вазири раҳбарлигида ҳамда бевосита АҚШ ва унинг иттифоқчилари қўллаб-қувватлови билан амалга оширилган жуда йирик тажовузнинг гувоҳи бўлдик. Ушбу агрессия Эрон ҳукумати АҚШ билан «Эрон ядро қуролига эга бўлиш учун ҳаракат қиляпти», дея қўйилаётган даъволарнинг ёлғонлигини исботлаш, Эроннинг тинч мақсадлардаги ядро энергетикасини ривожлантиришга бўлган ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамда АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Эронга қарши қўлланган бир томонлама санкцияларни бекор қилиш мақсадида Америка ҳукумати билан айнан музокараларга киришган ва бу давом этаётган пайтда юз берди. Эрон ҳукумати ҳам БМТ низомининг 51-моддаси («барча мустақил давлатлар ўзини ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқига эга»лиги)га асосан, ўз ҳарбий қудратидан фойдаланиб, ўзини ушбу тажовуздан ҳимоя қилишга киришди», — дейди у.

«Исроил ракеталари Эрон ҳудудини нишонга олиб, бомбардимон қилаётган пайтда ҳам Эрон ташқи ишлар вазири бошчилигидаги вакиллар Женевада Европанинг уч давлати билан бевосита Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича масъул шахси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг тегишли масъуллари иштирокида музокаралар олиб борди. Айнан ўша вақтда АҚШ ҳам Эронга ўзининг номардларча ҳужумини амалга оширди. Ушбу ҳужум доирасида Эроннинг учта шаҳрида жойлашган ядро энергетика иншоотларига зарбалар берилди. Эрон дипломатия ва уруш ўртасидаги аччиқ бир чизиқ ҳосиласини яна бир бор ўз танида ҳис қилиб кўрди», — дейди Парвареш.

Элчихона вакилига кўра, Эрон ҳеч қачон ядро қуролини қўлга киритишга ҳаракат қилмаган.

«Эрон Ислом Республикаси олий раҳбарининг „Бизнинг ҳукуматимиз ядро қуролига эга бўлиши мумкин эмас“, дея чиқарган фатвоси Эрон ташқи сиёсатининг ушбу йўналишдаги асосий дастури ҳисобланади. Лекин Эрон ядро қуролларини тарқатмаслик халқаро шартномасининг тўлақонли бир аъзоси сифатида тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, илм-фан, ишлаб чиқариш ва саноатнинг турли йўналишларида ушбу ядро энергетикасидан тинч мақсадларда фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади ҳамда ушбу ҳуқуқидан воз кечишни режалаштирмаяпти», — деди дипломат.

Унинг таъкидлашича, Исроил Эронга қарши ҳаракатларини террор йўли билан бошлади. «Исроил ушбу ҳужуми давомида ядро-физика соҳасида фаолият юритувчи олимлар, жанг майдонида тўғридан-тўғри иштирок этмаётган ҳарбий қўмондонларни ўлдирди. Бундан ташқари, ушбу ҳужумлар оқибатида ҳарбийликка алоқаси бўлмаган ижтимоий соҳа иншоотлари нишонга олиниб, кўплаб болалар, аёллар, умуман, ҳарбийликка алоқаси бўлмаган шахслар ўлдирилди», — дея қўшимча қилди у.

«Исроилликлар Эрон ядро қуролига эга бўлишга ҳаракат қилмаётганини жуда яхши билади. Лекин улар „Эрон ядро қуролини қўлга киритишга уриняпти“, деган баҳона орқали ўзларининг „Нилдан Фуротгача“ ғоясини амалга оширишга уринди. АҚШ президенти ҳам Эроннинг ҳарбий қудратини тўлиқ ҳисобга олмай мамлакатимизга ҳужум қилди. Ва, албатта, кейинчалик уларнинг ўзига ҳам маълум бўлдики, Эроннинг ҳарбий қудрати улар ўйлагандек заиф эмас. Агар тарихга қарасак, кейинги икки аср мобайнида Эрон бирор-бир давлатга ҳужум қилмаган, балки ҳамиша хорижий давлатлар ҳужуми қурбони бўлган. Биз мазкур можаро давомида Эрон халқининг мустаҳкам қўллаб-қувватлови билан Исроил ва АҚШни шокка туширувчи, карахт қилиб қўювчи жавобни бера олишга муваффақ бўлдик», — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, Эрон музокараларга музокаралар билан, урушга эса уруш билан жавоб беради ва ўзининг қонуний ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун бир миллиметр ҳам ортга чекинмайди.

Элчихона расмийсининг таъкидлашича, Европа давлатларининг ушбу можарога нисбатан тутган позицияси ўта мантиқсиз, уларнинг Эрондан ўзини тийиб туришини сўраши ва буни эслатиши жуда ҳам кулгилидир.

«Мана шундай шароитда тегишли халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳамда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА)нинг қабристондаги сукутдек жим туриши халқаро механизмларнинг қанчалик заифлиги ва уларнинг деярли фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолганини кўрсатди. Тинч мақсадлардаги ядро энергетикаси бўйича бевосита масъул ташкилотлар бўла туриб, Эрондаги тинч мақсадлардаги ядро энергетикаси бўлмиш учта объектга берилган зарба қаршисида ҳам бирор бир баёнот беришга ожизлик қилишди. Аммо улар фақат сукут сақламади, балки бунинг аксини қилди. Масалан, МАГАТЭ охирги 15 кун давомида ўзининг турли ҳисоботлари, асосланмаган, аниқ далиллари келтирилмаган турли баёнотлари билан Исроил ва АҚШнинг Эрондаги объектларга тажовузи учун замин яратди», — дейди Парвареш.

«АҚШ ва Исроилни Эроннинг ядровий иншоотлари эмас, балки бир неча ўн йиллар давомида қўлланган кескин халқаро санкцияларга қарамай, Эрон Ислом Республикаси турли соҳаларда, жумладан илм-фан, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа турли йўналишларда катта ютуқларга эришгани хавотирга солади, бу нарса уларни сира тинч қўймаяпти. Бу икки давлатнинг асосий ташвиши Эроннинг ядровий дастури эмас, мамлакатимизнинг тараққиётидир», — дея қўшимча қилди у.

Парварешнинг қайд этишича, АҚШ президенти нафақат халқаро ҳуқуқ нормалари ва Эронга, балки Трамп учун овоз берган Америка халқининг ўзига ҳам хиёнат қилди.

«Ёдингизда бўлса, Трамп сайловлар пайти асосан тинчлик ўрнатиш ғоялари билан сайловчиларни ўзига жалб қилган эди. Яъни, сайловчилар у тинчлик келтиради деб унга овоз берган эди. Бироқ у президентликка киришибоқ тинчлик ўрнатишга эмас, янги уруш ўчоқларини очишга ҳаракат қилди. Трамп сайловолди кампанияси пайтида Украина-Россия урушини тезроқ тугатишга, Ғазодаги қирғинни тўхтатишга ва, албатта, Эрон ядровий дастури билан боғлиқ муаммони бартараф этишга ваъда берган эди. Лекин у президент бўлгач, ҳар учала масала бўйича нималар бўлганига ўзингиз эътибор беринг. Украина-Россия уруши баттар авж олди, Ғазо баттар қирғин қилинди ва Эрон ядровий дастури билан бўлган вазиятни ҳам кўриб турибсиз», — деди Ҳусайн Парвареш.

Унинг сўзларига кўра, Эрон дуч келган муаммо фақатгина Эронники эмас, у бутун халқаро ҳамжамиятнинг муаммосидир, чунки Исроил режими нафақат Эрон ҳуқуқларини, умуман, халқаро ҳуқуқ ва мезонларни бузиб, бу йўналишда фаолият кўрсатувчи барча халқаро ташкилотларнинг обрў-эътиборини инобатга олмай ҳаракат қилмоқда.

«Халқаро ҳамжамият кейинчалик Исроил ва АҚШнинг ушбу бир томонлама ҳаракатлари шундай можаролар доирасини янада кенгайтирмаслиги, бу можаролар домига янгидан янги давлатларни тортмаслиги, ҳуқуқлар беписандлик билан бузилмаслиги учун биргаликда ҳаракат қилиши ва бундай ҳаракатларни қоралаши лозим, деб ҳисоблайман», — дейди дипломат.

У Исроил ва Американинг Эронга қарши ҳаракатларига нисбатан қатъий жавоб қайтарилгани ва бунга бутун дунё гувоҳ бўлганини таъкидлаб ўтди.

«Ушбу жавобимиз чоғида шу нарса кўриндики, бугунги кунда Эроннинг қудрати замонавий қуролларнинг маълум бир тури билан чекланмай, унга қарши амалга оширилган ҳар қандай босқинга нисбатан аралаш — бир неча таркибли қуроллар ва чоралар билан ўзини мудофаа қилишга етади», — деди Парвареш.

Эслатиб ўтамиз, 24 июнь куни АҚШ президенти Исроил ва Эрон ўртасида ўт очишни тўхтатиш битими кучга кирганини маълум қилганди. Икки томон ҳам буни тасдиқлаган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.