Африка — Ўзбекистон дипломатиясидаги янги йўналиш. Нега айнан ҳозир?

Африка — Ўзбекистон дипломатиясидаги янги йўналиш. Нега айнан ҳозир?

10 июль куни Нью Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Эритрея дипломатик муносабатлар ўрнатди. Ўзбекистоннинг Африка йўналишидаги фаоллиги сўнгги бир неча йил давомида кўзга ташланмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2023 йилдан бошлаб Тошкент ушбу қитъанинг 13 давлати билан дипломатик муносабатлар ўрнатган.

Gazeta экспертлардан Ўзбекистоннинг Африка минтақасига қизиқиш сабаблари, Тошкент Африка мамлакатлари билан қайси соҳаларда ҳамкорлик қилиши мумкинлиги, шунингдек, Марказий Осиё ва Африка ўртасидаги минтақалараро алоқаларни ўрнатиш истиқболлари ҳақида изоҳ сўради.

Алоуддин Комилов, Ўзбекистондаги Прогрессив ислоҳотлар маркази сиёсий таҳлилчиси


Ўзбекистоннинг Африка мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириши — Евроосиёда кучайиб бораётган геосиёсий бўлинишлар ва глобал иқтисодиётнинг қайта тузилиши шароитида мамлакат ташқи сиёсат йўналишини стратегик қайта кўриб чиқиш жараёни.

Тошкент ташқи сиёсатини диверсификация қилиш, янги бозорларга чиқиш ва глобал Жануб тармоқларига фаолроқ интеграциялашишга интиляпти.

Менимча, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги — африкача йўналиши шаклланмоқда, десак бўлади. Бу жараён Ўзбекистоннинг глобал Жануб платформаларидаги иштирокининг ўсиши, БРИКС+ форматидаги фаоллиги ва кўп томонлама ҳамкорликнинг муқобил форматларини ривожлантиришга интилиши билан мос келади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, гап фақат имижга қаратилган қадамлар ҳақида эмас, балки «юмшоқ куч» ва амалий иқтисодий ҳамкорликка асосланган онгли равишда диверсификация қилинган алоқалар ҳақида бормоқда.

Африка билан ўзаро ҳамкорликнинг энг истиқболли соҳалари ҳақида гапирганда, аввало, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини қайд этган бўлардим. Ўзбекистон қурғоқчилик шароитидаги деҳқончилик технологияларини таклиф қилиши, шунингдек, ўғитлар ва қишлоқ хўжалиги техникасига бўлган талабни қондириши мумкин.

Иккинчидан, фармацевтика ва тиббий таълим. Ўзбекистоннинг дженерик дори воситалари ишлаб чиқариш ва кадрлар тайёрлашни қамраб олган ривожланаётган тиббиёт-саноат мажмуаси Африка мамлакатлари эҳтиёжларига самарали жавоб бера олади.

Учинчидан, енгил саноат ва тўқимачилик. Пахтани қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналар ва махсус иқтисодий зоналар доирасида ишлаб чиқариш занжирларининг интеграциялашуви импортга бўлган боғлиқликни камайтириши ва ҳар икки томоннинг саноатини инклюзив ривожлантиришга кўмаклашиши мумкин.

Ушбу йўналишларнинг ҳар бири Ўзбекистоннинг солиштирма устунликларига таянади, африкалик шерикларга амалий фойда келтиради ва узоқ муддатли ривожланиш учун пойдевор бўлиши мумкин.

Менинг фикримча, расмий Тошкент Африка қитъасидаги уч давлат — Жанубий Африка Республикаси (ЖАР), Миср ва Жазоир билан муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиши лозим.

ЖАР қитъанинг энг индустриал ривожланган иқтисодиёти, БРИКС аъзоси ва инновациялар, молия ҳамда логистика бўйича муҳим марказ ҳисобланади. Бироқ, ҳозирда Ўзбекистоннинг ЖАРдаги иштироки жуда чекланган — элчихона мавжуд эмас, муҳим савдо алоқалари йўқ. Жанубий Африка бозорига чиқиш учун иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш ва хусусий сектор билан ишлаш талаб этилади.

Миср Ўзбекистон билан аллақачон ўрта даражада савдо алоқаларига эга, у Африка, Яқин Шарқ ва Европани боғловчи стратегик ҳаб вазифасини бажармоқда. У Тошкентнинг экспорт мақсадларига мос логистика ва молиявий йўналишларга кириш имконини беради.

Жазоир эса эҳтимол, Ўзбекистон манфаатлари учун ҳали фаол қўлланилмаётган, лекин потенциали юқори мамлакатлардан бири. Мағрибдаги бу газга бой давлат Марказий Осиёга қизиқиш билдирмоқда ҳамда таҳлилий марказлар орқали экспертлар даражасида барқарор алоқаларга эга.

Марказий Осиё ва Африка ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик истиқболларига келсак, «C5+Африка» ёки «C5+Африка Иттифоқи» форматлари концептуал жиҳатдан истиқболли кўринади. Чунки Марказий Осиё давлатлари ва Африка қитъасидаги бир қатор давлатлар ўртасида ўхшаш муаммолар мавжуд: денгизга чиқиш имкониятининг йўқлиги, иқлим ўзгариши оқибатларига таъсирчанлик, транспорт ва энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш зарурати.

Шу билан бирга, бундай форматларни амалга оширишда қатор чекловларга — аввало, институционал хусусиятдаги тўсиқларга дуч келинади. Африка Иттифоқининг Марказий Осиёда миқёси ва ваколатлари жиҳатидан унга тенг келадиган ҳамкори мавжуд эмас, шунингдек, икки минтақа ўртасидаги минтақалараро дипломатия анъаналари ҳозирча тизимли тус олмаган.

Шунга қарамай, агар етарлича мувофиқлаштирилса ва барқарор молиялаштириш таъминланса, бундай формат Жануб-Жануб ҳамкорлигининг истиқболли моделига айланиши мумкин. Шу нуқтаи назардан олганда, «C5 + Африка Иттифоқи» ишчи платформасини вазирлар даражасида ишга тушириш мақсадга мувофиқ кўринади.

Саъй-ҳаракатларни қишлоқ хўжалиги, таълим ва савдо каби амалий йўналишларга жамлаш мақсадга мувофиқ. Бу институционал яқинлашув, мулоқотни мустаҳкамлаш ва ҳар икки минтақавий гуруҳнинг халқаро форматлардаги кўринишини оширишга ёрдам беради.

Қўшимча равишда, қитъанинг асосий давлатлари билан ихтисослашган ҳамкорлик платформаларини яратиш имкониятини кўриб чиқиш лозим, масалан, «C5 + Миср» ёки «C5 + ЖАР». Бундай форматлар янада аниқ мақсадга қаратилган, прагматик ва самарали ҳамкорлик шаклларини йўлга қўйиш имконини беради.

Мансурова Нозимабону, Марказий Осиё Халқаро институти бош илмий ходими


Сўнгги икки йилда Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам Африка йўналишига нисбатан сезиларли қизиқиш намоён этмоқда — ҳамкор давлатлар сони қарийб уч баробарга оширилди. Бу эса мамлакат ташқи сиёсатининг табиий ривожланишини акс эттиради.

Илк босқичларда асосий эътибор яқин қўшнилар, йирик халқаро ўйинчилар ва асосий ташкилотлар билан муносабатларни йўлга қўйишга қаратилган эди. Яъни, Ўзбекистон суверенитети ва жаҳон майдонидаги ролини мустаҳкамлаш учун ҳаётий аҳамиятга эга йўналишлар.

Вақт ўтиши билан мамлакатнинг дипломатик хизмати институционал жиҳатдан мустаҳкамланди, ташқи сиёсий тажриба орттирилди ва янги истиқболли йўналишларга чиқиш имкони пайдо бўлди. Шу жиҳатдан, Африка йўналиши кўп йўналишли сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинади ва Африканинг ортиб бораётган сиёсий-иқтисодий аҳамиятини ҳисобга олади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг Африкага қаратилган сиёсатида Миср алоҳида ўрин эгаллайди — икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқалар 1992 йилда ўрнатилган. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар анъанавий равишда илиқ ва дўстона тусга эга. Буни, жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилда расмий ташриф билан борган ягона Африка мамлакати Миср бўлиб қолaётганидан ҳам кўриш мумкин.

Орадан беш йил ўтиб, 2023 йилда Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг Тошкентга жавоб ташрифи амалга оширилди. Шунингдек, етакчилар Қозондаги БРИКС саммити доирасида музокаралар ўтказди. Миср Африка йўналишида Ўзбекистоннинг асосий ҳамкори бўлиб қолмоқда ва у билан энг фаол сиёсий ва иқтисодий алоқалар ўрнатилган.

Африка мамлакатлари билан дипломатик муносабатлар ўрнатилиши бутун қитъа билан ҳамкорликни кенгайтириш учун асос яратади. Африка — 1,5 миллиарддан ортиқ аҳолига эга истиқболли бозор. Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилишга интилаётган Ўзбекистон учун, ушбу ташкилот таркибига 46 та Африка давлати кириши алоҳида аҳамият касб этади. Жанубий Африка Республикаси G20 да қитъани ифодалайди. Ушбу омиллар Африканинг ортиб бораётган сиёсий ва иқтисодий аҳамиятидан далолат беради ва уни ҳамкорлик учун янада жозибадор қилади.

Икки минтақа ўртасидаги ҳамкорликка келсак, бир қарашда «Марказий Осиё + Африка» формати ҳақида гапиришга ҳали эртадек туюлиши мумкин. Ҳозирча Марказий Осиё давлатлари ҳам, Африка мамлакатлари ҳам барқарор иқтисодий алоқаларга ёки икки томонлама ҳамкорлик учун йўлга қўйилган аниқ механизмларга эга эмас. Шу сабабли, ҳамкорликни институционаллаштириш босқичига ўтишни оқлайдиган асослар ҳозирча йўқ. Ҳозирда томонлар ўзаро мулоқотни йўлга қўйиш, бир-бирининг манфаатларини аниқлаш ва мос келиш нуқталарини излаш жараёнидадир.

Бироқ, айнан мана шундай формат орқали муносабатлар ўрнатиш жараёнини тезлаштириш ва соддалаштириш мумкин. «МО + Африка» шаклидаги учрашувлар барча томонлар учун вақт ва ресурсларни тежаш, шунингдек, Марказий Осиё ҳамкорлик ўрната оладиган Африка мамлакатлари доирасини кенгайтириш имконини беради. Бу бутун қитъа билан ягона умумий майдонда мулоқотни йўлга қўйиш имкониятини яратади.

Албатта, ҳозирча мамлакатлар етакчиларининг учрашувлари ҳақида гап бормаяпти, чунки бу учун ҳамкорликнинг мустаҳкамроқ базаси керак. Бироқ, экспертлар маслаҳатлашувлари ёки ташқи ишлар вазирлари учрашувларидан бошлаш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу ерда ҳамкорлик йўналишларини келишиб олиш, тажриба алмашиш ва умумий кун тартибини шакллантириш мумкин. Бундай қадам Ўзбекистон ва бутун минтақа давлатларининг ташқи сиёсатини ривожлантириш, шунингдек, янги минтақалараро алоқаларни босқичма-босқич шакллантиришга қўшилган муҳим ҳисса бўлар эди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.