Юсупов Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёевнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш билан боғлиқ жиноятни содир этганликда айбланиб, қидирувда бўлган. 2025 йил апрель ойида у Озарбайжон ҳудудида аниқланган ва қўлга олинган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланди.
Шу тариқа, Озарбайжон Бош прокуратураси Ўзбекистон Бош прокуратурасининг ўзбекистонлик эркакни жиноий жавобгарликка тортиш учун экстрадиция қилиш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантирган.
2002 йил 7 октябрдаги «Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида»ги конвенцияга асосан уни экстрадиция қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Айбланувчи Адлия вазирлиги Жазони ижро этиш хизматининг махсус бўлинмаси кузатуви остида Ўзбекистоннинг ваколатли органига топширилди.
2021 йил март ойида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси президентни телекоммуникация тармоқлари ёки интернетдан фойдаланган ҳолда омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш учун жавобгарликни белгиловчи норма билан тўлдирилган (3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади).
2023 йил октябрь ойида суд Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида яшовчи 19 ёшли йигитни Instagram`да Шавкат Мирзиёевга нисбатан ҳақоратли фикр ёзгани учун 2 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилганди. Судья, шунингдек, судланувчининг ушбу ижтимоий тармоқдаги аккаунтини блоклашга қарор қилган. Ўшанда Gazeta мазкур модда бўйича 10 га яқин суд қарорини ўрганиб чиққан ва бу кўп ойлардан буён президентни ҳақорат қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилган биринчи суд қарори эканини аниқлаган.
Шунингдек, 2024 йил март ойида суд Эрондан қайтган 27 ёшли наманганлик фуқарони Facebook`да президент Шавкат Мирзиёевга нисбатан туҳмат ва ҳақоратли изоҳлар ёзгани учун 5 йилга озодликдан маҳрум қилганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.