Унинг сўзларига кўра, Ҳисоб палатаси ташқи қарзлар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларга нисбатан халқаро аудит стандартларини қўллашни бошлаган. Осиё тараққиёт банки томонидан Ўзбекистонга 240 миллион доллар миқдорида кредит ажратилган қишлоқ жойларда цемент-бетон йўллар қуриш лойиҳаси шулар жумласидан.
Президент аудитни бундай лойиҳаларни тайёрлашнинг дастлабки босқичидаёқ, яъни уларнинг техник-иқтисодий асосларини ўрганишдан бошлаш кераклигини айтди.
Шунингдек, аудит бўйича Хитой, Венгрия ва Туркия тажрибаси ўрганилди, 20 нафар ходим KPMG халқаро аудиторлик компаниясида ўқитилмоқда.
2025 йилда Ўзбекистон ҳудудларига президент фармон ва қарорлари ҳамда инвестиция дастурлари асосида йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун қарийб 43 триллион сўм маблағ ажратилди. Ҳисоб палатасига ушбу маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан назоратни кучайтириш топширилди.
«Бу маблағларни мақсадли ишлатиш, халқ бундан рози бўляптими, йўқми, деган саволлар қўйилди ва буни ҳар ойда ҳурматли президентимизга ҳисобот бериб бориш тизими ташкил этилди», — дея таъкидлади ташкилот раҳбарининг биринчи ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, Ҳисоб палатасига юклатилган асосий вазифалардан бири ташқи қарзлар ва қарз маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни чуқур таҳлил қилишдир.
«Президент сўнгги саккиз йилда давлат харажатлари 6 баробарга ошганини таъкидлади. Шу муносабат билан бу харажатларни Ҳисоб палатасининг „Масофавий аудит“ автоматлаштирилган ахборот тизими орқали назорат қилиш тизимларини кучайтириш бўйича алоҳида топшириқ берилди», — деди Абдуллаев.
Бу тизимга 35 та вазирлик ва идора, 10 та давлат банки, давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган 23 та йирик корхона уланган.
Бундан ташқари, ўтган йил охирида давлат бюджетидан маблағ олувчи ташкилотларнинг харажатлари мониторинги бошланди. «2025 йилдан бошлаб 22та вазирлик, жумладан, Ички ишлар, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари фаолиятини молиявий назорат қилиш бўйича қўшимча топшириқлар берилди», — деди Меҳриддин Абдуллаев.
Шунингдек, у «янги вазифалардан келиб чиқиб, давлат маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, шунингдек, уларнинг аҳолига ижобий таъсири нуқтаи назаридан амалдаги барча дастурлар қайта хатловдан ўтказилаётганини» маълум қилди.
Шу муносабат билан Ҳисоб палатасининг ахборот тизимларида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланган шахсларни таҳлил қилиш учун сунъий интеллектни қўллашга эътибор қаратилди.
Шавкат Мирзиёев вазирлик ва идораларда ички назорат ва ички аудит тизимини кучайтириш бўйича ҳам топшириқлар берди. Таклифлар орасида «Ўзбеккосмос» агентлигининг асосий дастурлар доирасидаги имкониятларидан фаол фойдаланиш ҳам бор.
Унинг сўзларига кўра, кимё саноати ва сув хўжалигини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президент каналларни бетонлаш жараёнида ва бошқа йўналишларда «Ўзбеккосмос», «Ўзбекгидроэнерго», Сув хўжалиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари имкониятларидан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди.
Абдуллаев, шунингдек, 16 июнь куни президент ўз топшириқлари ижросини назорат қилишнинг янги механизмини яратиш бўйича топшириқлар берганини таъкидлади:
«Фармон лойиҳалари тайёрланди. Ҳудудларда 14 та ишчи гуруҳ ташкил этиш, ijro.gov.uz платформасини вазирлик ва идораларнинг бошқа тизимлари билан интеграция қилиш режалаштирилган.
Унинг қўшимча қилишича, «Халқ назорати» платформасини ишга тушириш бўйича ҳам топшириқ берилган.
«Президент шахсан ўзи имзолаган ҳар бир ҳужжат ижроси Ҳисоб палатаси томонидан қатъий назоратга олиниши, қабул қилинган чора-тадбирлар кўрсатилган ҳолда ҳар ойда Президент администрациясига тегишли ахборот киритиб борилиши бўйича топшириқ берди», — дея таъкидлади Меҳриддин Абдуллаев.
Ҳисоб палатаси аввалроқ 2025 йилнинг биринчи ярмида 5,6 триллион сўмлик самарасиз харажатларнинг олди олингани ва 4 триллион сўмлик қоидабузарликлар аниқланганини маълум қилганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.