Одам савдоси — аср муаммоси

Одам савдоси — аср муаммоси


Тарихга назар соладиган бўлсак, асрлар давомида бизнинг меҳнаткаш доно халқимиз ёвуз босқинчилар томонидан бир неча бор талон тарож қилиниб, ўта оғир синовларни бошидан ўтказганда ҳам ўз шаъни, қадр-қиммати ва ғурур-ифтихорини ҳамиша сақлаб қолган.

Конституциямизнинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланган экан, уни паймол қилишга ҳеч кимни ҳаққи йўқ ва йўл қўйилмайди.

Афсуски, баъзи кимсаларнинг харом хариш йўллар билан қиладиган тирикчилиги натижаси ўлароқ Одам савдоси каби жирканч иллат бизнинг ўлкамизни ҳам четлаб ўтмади.

Шу сабабли ҳам бу масала доимо нафақат давлат, жамоатчилик эътиборидаги энг муҳим масалалардан бирига айланган.

Одам савдосига қарши кураш ойлиги доирасида диққат марказида инсон ҳуқуқларининг энг жиддий бузилиши — замонавий қуллик бўлган одам савдоси масаласи турибди.

Одам савдоси — бу инсонларни, жумладан, эркаклар, аёллар ва болаларни мажбурий меҳнат, жинсий эксплуатация, тиланчилик, жиноятчиликка жалб қилиш, суррогат оналик ва мажбурий никоҳ каби ҳолатларга мажбурлаш шаклидир.

Ҳар йили дунё бўйлаб миллионлаб одамлар одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Бу ҳам камбағал, ҳам ривожланган мамлакатларда юз беради. Ҳеч ким бундай хавфдан суғурталанмаган. Энг хавф остидаги тоифалар — чет элда иш излаётганлар, оғир турмуш шароитида қолганлар, зўравонликка дуч келганлар ёки ижтимоий яккаланганлардир.

Ўзбекистон одам савдосига қарши курашда фаол чора-тадбирларни амалга ошираётган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ушбу жараёнда аҳолининг заиф қатламлари, айниқса аёллар, ёшлар, меҳнат муҳожирлари ва чет элдан қайтган шахсларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистонда одам савдосининг олдини олиш бўйича:

🔹 Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича Давлат дастури қабул қилинган

🔹 Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича Миллий комиссия фаолият юритади

🔹 Ҳар йили ахборот кампаниялари, профилактика ойликлари ва рейдлар ташкил этилади

Одам савдосига қарши курашнинг асосий йўли — профилактика:

✅ Ахборот бериш: хавфлар ва ҳимоя чораларини билиш — ўзингизни ва яқинларингизни ҳимоя қилишнинг энг яхши усули.

✅ Ҳуқуқий маърифат: ҳар қандай иш ёки миграция таклифларини танлашда ҳуқуқларингизни билиш ва шартларни синчиклаб текшириш зарур.

✅ Ёрдам сўраш: шубҳали ҳолатларда дарҳол мутахассисларга мурожаат қилиш лозим.

Одам савдоси қурбонларига қандай ёрдам кўрсатилади?

Ўзбекистон Республикасида одам савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатиш мақсадида махсус ташкилотлар фаолият юритади:

📌 Одам савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича Республика реабилитация маркази —

Марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида фаолият юритади.

Марказда қуйидаги хизматлар кўрсатилади:

– Тиббий ва психологик ёрдам

– Хавфсиз яшаш жойи билан таъминлаш

– Юридик маслаҳат ва ҳамроҳлик

– Ҳужжатларни тиклаш

– Ишга жойлаштириш ва жамиятга мослашишга кўмаклашиш

Марказда одам савдоси қурбонлари ва эҳтимолий қурбонлар 30 кунгача жойлаштирилади. Агар тиббий, ижтимоий ёки касбий реабилитация жараёнини давом эттириш зарур бўлса, ушбу муддат 3 ойгача узайтирилиши мумкин.

Қандай қилиб одам савдоси қурбонига айланмаслик мумкин?

✅ Чет элда иш топишда эҳтиёт бўлинг

✅ Посредник ва иш берувчи лицензиясини текширинг

✅ Ҳеч қачон ҳужжатларингизни учинчи шахсларга берманг

✅ Жуда «ёқимли» таклифларга ишонманг

✅ Ҳуқуқларингизни билинг ва ёрдам олиш усулларини ўрганинг

Агар сиз одам савдоси қурбони бўлган ёки бу ҳақда маълумотга эга бўлсангиз — ёрдам сўрашдан чўчиманг. Ёрдам бор. Сиз ёлғиз эмассиз.

Ушбу ойлик — ҳар бир инсоннинг эркинлик, хавфсизлик ва муносиб ҳаётга бўлган ҳуқуқи ҳақидаги муҳим эслатма бўлсин.

АҚШ Давлат департаменти Одам савдоси тўғрисидаги 2021 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни иккинчи тоифага (Tier 2) киритган эди. Жаҳон статисткасида Ўзбекистон ҳукумати одам савдосини бартараф этиш бўйича минимал стандартларни тўлиқ адо этмаётганлиги ҳақидаги қарашлар бор бўлган бўлса-да, сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан бу борада жиддий чора-тадбирлар амалга оширилди. Мамлакатимиз COVID — 19 пандемиясининг одам савдосига қарши курашиш бўйича имкониятларига таъсирини ҳисобга олган ҳолда, ўтган ҳисобот даврига нисбатан саъй-ҳаракатларининг умумий ўсишини намоён этди. Ва, айни ана шу саъй-ҳаракат учун ҳам Ўзбекистон иккинчи тоифага киритилганлиги АҚШ ҳукумати ҳисоботида қайд этилган. Ҳисоботга кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ 93 та иш бўйича 566 та тергов олиб борилиб, жинсий эксплуатация бўйича 51 та, болалар эксплуатацияси бўйича 39 та ва мажбурий меҳнат бўйича 3 та жиноий иш қўзғатилган. Ушбу ишларда 129 киши гумонланувчига айланган. 93 та қўзғатилган ишнинг 23 таси чет элда содир этилган жиноятлар билан боғлиқ.

2021 йилда эса одам савдоси айблари билан 100 киши жиноий жавобгарликка тортилган, шулардан 50 нафари жинсий эксплуатация, 6 нафари мажбурий меҳнат ва 44 нафари «вояга етмаганларни сотиш» айбловлари билан. Суд томонидан одам савдоси билан шуғулланган 100 нафар шахснинг 33 нафари озодликдан маҳрум қилиш, 35 нафари уй қамоғига, 1 нафари ахлоқ тузатиш ишлари ва 20 нафари шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган, 7 нафари амнистия асосида чиқарилган.

Дунё таҳлилчилари ҳам сўнгги йилларда одамфурушлар ўзбекистонлик жабрдийдаларни мамлакатда ҳам, чет элларда ҳам эксплуатация қилгани, айрим чет эллик фуқаролар одам савдосидан Ўзбекистон ҳам зарар кўриши мумкинлигини қайд этишган. Дарҳақиқат, бугунги кунда одам савдоси билан боғлиқ бўлган жиноятлар бутун дунё халқларини жиддий ташвиш ва хавотирга солмоқда. Ачинарли томони шундаки, бу жиноятга қўл урганларнинг ҳам, жабрланувчиларнинг ҳам мақсад ва муддаолари муштарак. Демоқчимизки, ҳар икки томонда ҳам енгил-елпи йўллар билан осон пул топиш илинжи кучлилиги бу жиноятнинг содир этилишига туртки бўлмоқда. Дарвоқе, одам савдоси жинояти инсониятга қанчалик катта хавфу хатар туғдираётган бўлса, бутун дунё мамлакатларининг деярли барчасида бу жиноятга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами ҳам кенгайиб бораяпти.

Мамлакатимизда ҳам мустақиллик йилларида бу борада қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Жиноят Кодексида одам савдоси билан шуғулланганларга жиноий жавобгарлик белгиланди. Шу билан бирга мамлакатимиз томонидан бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Негаки, одам савдоси ҳудуд ва чегара билмайдиган жиноятдир.

Давлатимиз 2003 йил 12 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахси томонидан ишлатилишига қарши курашиш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди. Бундан ташқари, Парламентимиз томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан 2000 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция ҳамда одам савдоси, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш протоколлари ҳам ратификация қилинди.

Шунингдек, 2008 йилнинг 17 апрелида “ Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, бундан азият чекканларни ҳимоялашнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Давлатимиз раҳбарининг 2008 йилнинг 8 июлида қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинганлиги эса бу борада амалга оширилаётган ишларни сифат босқичига кўтарди. Юқорида санаб ўтилган қонун нормалари амалга татбиқ этилди. Республика Идоралараро комиссия тузилди. Мазкур комиссиянинг тадбирлар режаси асосида жойларда учрашув ва тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Тасдиқланган режа дастурлар асосида тарғибот гурухлари томонидан аҳоли ўртасида олиб борилган кенг қамровли тарғибот тадбирларида айниқса, ёшларнинг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий онг ва маданиятини ошириш муҳим омилга айланди.

Ҳаттоки, ёшлар валантёрлари ҳам ташкиллаштирилиб, мактаб, коллеж ва олийгоҳларда саҳнавий кўринишлар намойиши, роликлар, таъсирли видеофильмлар асосида олиб борилган тарғиботлар ўзининг ижобий натижасини кўрсатди.

Тадбирларда инсонга фақатгина кулфат келтирувчи бу жиноят содир этилиши оқибатида жабр ва ситам кўрганлар қисмати жонли тарзда ифодалаб берилди. Савол-жавоб, баҳс-мунозарага бой бўлган тадбирларда сўзга чиққанлар одам савдоси авж олишига асосан ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмайдиган фуқароларнинг ўзлари сабабчи бўлаётганини, ўз қавмини сотаётган одамфурушларга жазо муқаррарлигини таъкидланади.

Таъкидлаш керакки, бу каби тадбирларни мунтазам ташкил этиб, халқимизнинг айниқса, ёшларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг одам савдогарлари тузоғига тушиб қолмаслигининг олдини олишга хизмат қилади. Шу билан биргаликда Одам савдосидан жабрланган хотин-қизларнинг муаммолари ўз вақтида аниқланиб, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва уларнинг оилаларига тиббий, руҳий, психологик, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Олиб борилаётган ушбу ишлар замирида ўсиб келаётган келажак авлоднинг ватанга бўлган муҳаббати, қонунларга нисбатан итоаткорлиги, илм-маърифатга қизиқиши билан бир қаторда, аср муаммосига айланган жиноятларга қарши иммунитетни шакллантириш ётади.

Зулайхо Камалходжаева

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутаҳассиси

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.