Тадбир Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Стратегик ривожланиш агентлиги томонидан Озарбайжоннинг Низомий Ганжавий халқаро маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Иштирокчилар Марказий Осиё, Кавказ ва Европа ўртасида иқтисодиёт, транспорт, энергетика ва гуманитар алоқалар каби соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Логистика ва денгиз йўлларига чиқиш, иқлим муаммолари ва ўзаро ҳамкорликнинг янги шаклларини излаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Gazeta бугунги кундаги Марказий Осиё ва минтақанинг замонавий халқаро муносабатлар тизимида тутган ўрни юзасидан иштирокчиларнинг фикрлари билан қизиқди.
«Агар сиз менга бу саволни 10 йил олдин берганингизда, мен, катта эҳтимол билан, „Йўқ“, деб жавоб берган бўлардим. Ўша вақтлар минтақа давлатлари бир-бири билан деярли савдо қилмаган ва ўзаро кам ҳамкорлик қилган. Ҳозир вазият ўзгарди: АҚШ билан C5+1 формати ривожланмоқда, Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик кучайяпти, минтақа давлатларининг ўзи бир-бири билан яқинроқ ҳамкорлик қила бошлади», — дейди у.
Унинг сўзларига кўра, ўзгаришлар кундалик ҳаётда ҳам кўзга ташланади. «Мен Тожикистонда уч йил ишладим ва ўшанда мамлакатлар ўртасида эркин ҳаракатланиш деярли имконсиз эди. Ҳозир эса бу воқеликка айланди. Бу олдинга ташланган улкан қадам», — дея таъкидлади Сюзан Эллиот.
Австриянинг собиқ (2000−2004 йиллардаги) ташқи ишлар вазири ва ташқи алоқалар, қўшничилик сиёсати ва савдо бўйича собиқ еврокомиссар (2004−2010 йиллар) Бенита Ферреро-Вальднернинг фикрича, Марказий Осиёни ҳозирча Европа Иттифоқи каби ягона тузилма, деб бўлмайди.
«Бундай формат ҳақида гапиришга ҳали эрта. Европа Иттифоқида уни ўзига хос иттифоқ даражасига олиб чиққан миллий даражадан юқори турувчи институтлар мавжуд. Лекин 2016 йилдан бошлаб [Марказий Осиёда] жиддий силжиш кузатиляпти: мамлакатлар фаолроқ ҳамкорлик қила бошлади. Бу иқтисодиёт, савдо, транспорт алоқалари, технологиялар, сунъий интеллектни ривожлантириш, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун жуда муҳим», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, сув ресурслари ва Орол денгизи тақдири масаласи биргаликда ҳаракат қилиш зарурлигининг асосий намунаси бўлиб қолмоқда.
«Кўп йиллар олдин бу ерга келганимда, Австриянинг OECD (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти — таҳр.) раислиги доирасида минтақавий ҳамкорликни бошлашга ҳаракат қилганмиз. Ўшанда бунинг имкони бўлмаган. Ҳозир эса имкони бор. Ва бу олдинга ташланган жуда катта қадам», — дея қайд этди Ферреро-Вальднер ҳам.
Латвиянинг собиқ (2007−2011 йиллардаги) президенти Валдис Затлерс Марказий Осиё давлатлари жаҳон миқёсида рақобатбардош бўлиши учун миллий ва минтақавий манфаатларни тўғри уйғунлаштириши муҳимлигини таъкидлади.
«Миллий манфаатлар ҳар доим биринчи ўринда туради. Иккинчиси — минтақавий манфаатлар. Лекин мулоқот ва мувофиқлаштиришларсиз глобал иқтисодиётда рақобатлаша оладиган бирлашмани яратиш имконсиз. Бунинг учун Европа, Хитой ёки бошқа иштирокчилар билан алоқалар керак. Марказий Осиё Евросиё қитъасининг марказида жойлашган ва бу нафақат манфаатли вазият, балки масъулият ҳамдир», — деб ҳисоблайди у.
Затлерснинг таъкидлашича, сўнгги 20 йил ичида Ўзбекистондаги ўзгаришлар, айниқса, четдан қараганда яққол кўзга ташланяпти.
«Сиз бу ерда яшаб, буни сезмаслигингиз мумкин, лекин ҳар 10 йилда келадиган мендек одамлар учун ўзгаришлар жуда катта. Бу сиз учун ҳам, бутун дунё учун ҳам яхши янгилик», — дейди у.
Грузиянинг собиқ (2010−2012 йиллардаги) бош вазир ўринбосари Екатерина Ткешелашвили фикрича, Марказий Осиё минтақаси ташқи сиёсатда ўз стратегик ролини англаётган ва шакллантира бошлаган «уйғониш» даврини бошдан кечирмоқда.
Унинг сўзларига кўра, ягона минтақавий овоз аллақачон янграй бошлаган, бироқ у қўшма саъй-ҳаракатлар, жумладан, Европа давлатлари кўмагида янада мустаҳкамланишни талаб қилади. Бунда гап жаҳоннинг асосий пойтахтлари ва инвесторлари орасида Марказий Осиёнинг янги сиёсий ва иқтисодий воқелигини акс эттирувчи тасаввурни яратиш устида бормоқда.
«Бу энди шунчаки ғоя эмас, балки реал воқеликка кўчаётган жараён: ташқи сиёсий ёндашувларни яқинлаштиришдан тортиб стратегик иттифоқларни шакллантириш, минтақанинг турли мамлакатларида амалга оширилаётган ислоҳотларгача. Улар орасида энергетика тармоқлари ва транспорт йўлаклари соҳасидаги лойиҳалар, божхонани рақамлаштириш, иқлим ва экология масалалари бўлиб, булар бир-бири билан боғлиқ, параллел амалга ошириляпти», — дейди Ткешелашвили.
У дунёда тобора кўпроқ минтақалар кўп векторли сиёсат юритишга интилаётганини таъкидлади — бу қарама-қаршиликка эмас, балки йирик ўйинчилар билан ўзаро ҳамкорликнинг турли шаклларига асосланган сиёсатдир.
«Бу ерда энг қийини — ўзининг алоҳида субъект сифатидаги ўрнини сақлаб қолиш, минтақа ҳақидаги тасаввурни мустақил равишда шакллантириш ва унинг келажагини белгилаш ҳуқуқини сақлаб қолишдир», — дейди у.
«75 миллионга яқин аҳолига эга бўлган бу минтақа муҳим ресурсларга эга ва транзит маркази вазифасини бажаради. Каспий орқали ўтадиган ўрта транспорт йўлаги беқарор йўналишларни четлаб ўтиб, Европа ва Осиё ўртасида янги йўллар очади», — дейди у.
Фишернинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи учун минтақа билан ҳамкорлик энергия манбаларини диверсификация қилиш, муҳим хомашё ресурсларидан фойдаланиш имконияти ва савдо алоқаларини кенгайтиришни англатади. Ўз навбатида, Марказий Осиё Европа тарафидан инвестициялар, бозорлар ва технологияларга қизиқиш билдирмоқда, бу эса Россия ва Хитойга қарамликни камайтиришга ёрдам беради.
Екатерина Ткешелашвилининг сўзларига кўра, минтақа йирик кучларнинг — на воситачилар орқали, на тўғридан-тўғри — рақобат майдони бўлиш истагида эмаслигини яққол кўрсатмоқда. Аксинча, Марказий Осиё барча йўналишларда — Шарқдан Ғарбга, Шимолдан Жанубга ва Евроосиёнинг қоқ «марказида» ўзининг иқтисодий, ресурс ва тарихий салоҳиятидан фойдаланиб, конструктив ҳамкорлик майдонига айланишга интилмоқда.
У минтақанинг ноёб инсон капиталини алоҳида қайд этиб ўтди, унинг сўзларига кўра, «кўплаб ривожланган иқтисодиётлар бу ҳақда фақат орзу қилиши мумкин». Қисқа муддатли истиқболда таълим ва иш ўринларини яратиш билан боғлиқ муаммолар сақланиб қоляпти, бироқ бу салоҳиятни биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан самарали рўёбга чиқариш имкони бор.
«Марказий Осиё кўп қутбли дунёда қарама-қаршилик эмас, балки ҳамкорликка асосланган муносабатлар қандай бўлиши мумкинлигига мисол бўла олади. Унинг аҳамияти иқтисодиёт билан кифояланиб қолмайди — гап бошқа жойларда қарама-қаршиликка дуч келиши мумкин бўлган манфаатларни мувофиқлаштириш учун майдон яратиш устида бормоқда», — дея хулоса қилади Екатерина Ткешелашвили.
Сюзан Эллиот Ўзбекистон жаҳон майдонида салмоқли ўйинчига айланганини таъкидлади. Бу, унинг фикрича, мамлакатдаги фаол ислоҳотлар, аҳоли сонининг ўсиши ва рақамли иқтисодиётга эътибор билан изоҳланади.
«Масалан, пахта саноатини олайлик: илгари фақат хом пахта экспорт қилинарди, энди эса ундан мато ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу жуда муҳим», — дея таъкидлайди эксперт.
Эллиот Ўзбекистон президенти БМТ Бош ассамблеяси сессияларида иштирок этишига ёки бошқа давлатлар, жумладан, АҚШ раҳбарлари билан учрашишига умид билдирди, чунки бу ҳам Европа, ҳам АҚШ билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконини беради.
«Минтақанинг геосиёсий жойлашувини ҳисобга олган ҳолда мувозанатли дипломатия олиб бориш муҳим: бир томонда — Россия, бошқа томонда — Хитой, Туркия, АҚШ ва Жанубий Осиё, Ҳиндистон манфаатлари бор. Мувозанатли сиёсат — бу тўғри йўл ва менинг фикримча, сиз буни муваффақиятли амалга оширяпсиз», — дейди у.
Валдис Затлерс Марказий Осиё замонавий дунёда «тинчлик ороли» бўлиб қолаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, минтақада ҳарбий таҳдид ёки беқарорлик ҳисси йўқ, шунинг учун бу ерда яшаш қулай.
«Биз келажакни қуришимиз, тинч мақсадлар ва биргаликда тинч-тотув яшаш тажрибасига эга минтақалар билан геосиёсий алоқаларни шакллантиришимиз лозим», — дея қайд этди у.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.