Ўзбекистонда иссиқхонада маҳсулот етиштириш ва уни сотишнинг янги механизми ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда иссиқхонада маҳсулот етиштириш ва уни сотишнинг янги механизми ишлаб чиқилди

Шунингдек, иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналар учун 7 йилдан 14 йилгача имтиёзли кредит берилади.

Кеча, 2 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда юртимизда 3 мингдан ортиқ иссиқхона бор. Уларнинг жами майдони 6 минг 300 гектардан зиёд бўлиб, шундан 4 минг 300 гектари сўнгги беш йилда ташкил этилган. Озиқ-овқатларнинг узлуксизлигини ва экспортини таъминлаётган кўп маҳсулотлар шу мажмуаларда етиштирилмоқда.

Президент топшириғига кўра, соҳадаги муаммолар ўрганилди ва тадбиркорларнинг таклифлари эшитилди. Улар асосида, иссиқхонада маҳсулот етиштириш ва уни сотишнинг янги механизми ишлаб чиқилди.

Унга кўра, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги иссиқхоналарга уруғ, кўчат, минерал ўғит ва бошқа моддий ресурсларни етказиб беради, маҳсулотни сотиб олиб, экспорт қилади. Карантин ва ўсимликлар ҳимояси агентлиги кўчатларни парваришлаш бўйича хизматлар кўрсатади.

Шу билан бирга, молиявий енгилликлар ҳам белгиланмоқда. Жумладан, иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналар учун халқаро молия институтлари ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратилган кредитларни қайтариш муддати 7 йилдан 14 йилга ҳамда имтиёзли даври 3 йилдан 5 йилга узайтирилиши назарда тутилмоқда.Кредитларни қайтариш муддатлари ҳосилни йиғиб олиш ва сотиш муддатларига мослаштирилади.

Шунингдек, иссиқхона хўжаликларига табиий газ бўйича тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун пеня суммаси 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 апрелгача, истисно тариқасида, ҳисобланмайди.

Экспортбоп маҳсулот етиштиришни рағбатлантириш мақсадида хорижий валютадаги банк кредитларини йиллик 4 фоиз ставкада ажратиш мўлжалланмоқда. Саноат типидаги замонавий иссиқхона ва логистика марказларини ташкил этиш учун яхлит майдонлар очиқ аукцион савдоларига чиқарилиши белгиланмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.