Мазкур йиғилиш Ўзбекистоннинг Ислом конференцияси Туризм вазирларининг 12-сессиясига раислиги доирасида ўтказилаётган муҳим халқаро тадбирлардан бири сифатида қайд этилди.
Йиғилиш давомида ИҲТ мамлакатлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтириш, қўшма туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш ҳамда Ислом дунёси туризм салоҳиятини халқаро бозорларда кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон ИҲТ доирасида маданий, зиёрат, тарихий, гастрономик, экологик ва ҳунармандчилик туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шунингдек, аъзо давлатлар ўртасидаги туристик алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги қўшма туристик йўналишларни шакллантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Тадбирнинг Тошкент шаҳрида ўтказилиши мамлакат учун алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон бой исломий мероси, қадимий цивилизациялари, буюк алломалари ва тарихий шаҳарлари билан ИҲТ мамлакатлари учун муҳим зиёрат ва маданий туризм марказларидан бири ҳисобланади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.