CERP: Банк сектордаги трансформация жараёнлари давом этаётгани кўрсатилмоқда

CERP: Банк сектордаги трансформация жараёнлари давом этаётгани кўрсатилмоқда

2026 йил II чорагида банк сектори барқарор ривожланиш динамикасини сақлаб қолди. Активлар ўсиш суръати бироз секинлашганига қарамай, депозит базаси ва даромадлилик ошди, муаммоли кредитлар ҳамда долларлашув даражаси пасайди, капиталлашув эса юқори даражада сақланди.

15 июль 2026 й., Тошкент. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2026 йил II чораги якунлари бўйича «Банклар фаоллик индекси» асосида янгиланган банклар рейтингини тақдим этди.

Тадқиқотга республикадаги 34 та тижорат банки киритилди. Натижаларни қиёсий баҳолаш учун 20 та банк йирик банклар, 14 таси эса кичик банклар гуруҳига ажратилди.

Индекс 8 та йўналиш бўйича гуруҳланган 27 та субиндикатор асосида ҳисобланди. Улар молиявий воситачилик ва оммабоплик, капитал етарлилиги, активлар сифати, бошқарув самарадорлиги, даромад олиш салоҳияти ва ликвидлилик каби кўрсаткичларни қамраб олади.

Кўрсаткичлар банк тизими бўйича ўртача қийматлар ҳамда халқаро меъёрлар, жумладан Банк назорати бўйича Базель қўмитаси талаблари билан таққосланади.

Мазкур ёндашув халқаро амалиётга мос бўлиб, етакчи молиявий институтлар томонидан қўлланилади.

2026 йил II чорак якунлари бўйича молиявий натижалар

Активлар ўсиши сақланиб қолмоқда

2026 йил 1 июнь ҳолатига банк тизими активлари 984,4 трлн сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 19% га ошди. Мажбуриятлар ҳажми 18,4% га ўсиб, 838,8 трлн сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, бозор таркибида сезиларли ўзгариш кузатилмади. Давлат иштирокидаги 9 та банк ҳиссасига жами активларнинг 62,7%, кредит портфелининг эса 66,1% тўғри келади.

Депозитлар кредитларга нисбатан тезроқ ўсмоқда

Депозитлар ўсиш суръати кредитлаш динамикасидан юқори бўлиб қолмоқда. Бир йилда кредитлар ҳажми 12%га, депозитлар эса 33%га ошди. Бу банк тизими барқарорлигини мустаҳкамлаш ва юқори ликвидлилик даражасини сақлашга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, хусусий банкларда кредит портфелининг депозитлар билан таъминланганлик даражаси юқорироқ. Давлат банкларида ҳар 100 сўмлик кредитга 57 сўм депозит жалб қилинган бўлса, хусусий банкларда эса ушбу кўрсаткич 103 сўмни ташкил қилган. Бу давлат банкларининг маблағ жалб қилишнинг бошқа манбаларига нисбатан юқорироқ даражада таянишини кўрсатади.


Даромадлилик ва ликвидлик яхшиланди

Банк секторининг молиявий натижалари сезиларли даражада яхшиланди. Соф фойда 66,7%га ўсиб, 8,5 трлн сўмга етди. Бунда банк тизими фоизсиз маржасининг 2,5 баробарга ошиб, 15,8 трлн сўмни ташкил этгани асосий ҳисса қўшди.

Активлар рентабеллиги (ROA) 1,9%дан 2,4%гача, капитал рентабеллиги (ROE) эса 10,3% дан 14,5% гача ошди. Шу билан бирга, юқори ликвидли активлар улуши 4,2 фоиз бандига кўпайиб, 21,6%га етди.

Активлар сифати яхшиланди, айрим хавфлар сақланиб қолмоқда

Муаммоли кредитлар улуши 4,1% дан 3,7% гача пасайди. Бу кредит портфели сифати яхшиланганини кўрсатади. Шу билан бирга, айрим давлат ва хусусий банкларда NPL даражаси нисбатан юқори бўлиб қолмоқда.

Банк операцияларининг долларлашув даражаси ҳам пасайишда давом этди. Хорижий валютадаги кредитлар улуши 41% дан 39% гача, депозитлар улуши эса 24% дан 19% гача камайди.

Капитал монандлик кўрсаткичлари минимал талаблардан 1,5 баробар юқори даражада сақланмоқда.

2026 йил II чорагида йирик банклар фаоллиги рейтинги

Рейтинг таркибидаги ўзгаришлар

2026 йил II чораги якунларига кўра, 20 та йирик банкдан 12 тасининг рейтингдаги ўрни ўзгарди. Шундан 7 та банк ўз позициясини яхшилади, 5 таси пасайди, 8 та банк эса ўз ўрнини сақлаб қолди. Рейтинг динамикаси Индекснинг алоҳида таркибий қисмларидаги ўзгаришлар билан белгиланди.

CERP: Банк сектордаги трансформация жараёнлари давом этаётгани кўрсатилмоқда
Энг катта ижобий ҳисса молиявий оммабоплик ҳисобига тўғри келди. Айни пайтда, айрим ҳолатларда активлар сифати ва ликвидлик банкларнинг юқорилашини чеклади. Дастлабки уч ўрин ўзгаришсиз қолди, асосий ўрин алмашишлар рейтингнинг қуйи учдан икки қисмида кузатилди.

Индекс таркибий қисмлари бўйича асосий ўзгаришлар

Индекснинг ижобий динамикаси асосан молиявий оммабоплик, активлар сифати, молиявий воситачилик ва капитал етарлилиги кўрсаткичларида кузатилди. Шу билан бирга, айрим банкларда активлар сифати, ликвидлилик ва бошқарув самарадорлиги бўйича позициялар пасайиши сақланиб қолди.

Алоҳида йўналишлар бўйича энг сезиларли ўзгаришлар қуйидагича бўлди.

Молиявий оммабоплик бўйича 12 та йирик банкда фаоллик ошди, яна 4 та банк ўз позициясини йўқотди. Энг катта ўсиш «Ҳамкорбанк», «Инфинбанк», «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Туронбанк»да қайд этилди. Уларнинг ҳар бири 2 поғонага юқорилади. «Микрокредитбанк» эса 11 поғонага пасайди.

Молиявий воситачилик бўйича 7 та йирик банк ўз позициясини яхшилади, 9 та банкда эса пасайиш кузатилди. «Ориент Финанс Банк» 10 поғонага, «Туронбанк» 5 поғонага юқорилади. Энг катта пасайиш «Микрокредитбанк»да қайд этилиб, банк 10 поғонага тушди.

Активлар сифати бўйича 9 та йирик банк ўз позициясини мустаҳкамлади, яна 9 та банк эса ўз ўрнини сақлаб қола олмади. Энг катта ўсиш «Ипотекабанк»да қайд этилиб, банк 7 поғонага юқорилади. Шунингдек, «Ўзсаноатқурилишбанк» 3 поғонага кўтарилди. Энг катта пасайиш «Тенге Банк»да 5 поғона, «Анор Банк»да эса 4 поғонани ташкил этди.

Капитал етарлилиги бўйича 8 та йирик банкда ижобий динамика кузатилди, 9 та банк эса ўз позициясини сақлаб қолди. Энг катта ўсиш «Даврбанк» ва «Ипотекабанк»да қайд этилиб, ҳар иккиси 3 поғонага юқорилади. Айни пайтда, «Тенге Банк» 10 поғонага пасайиб, энг катта салбий ўзгаришни кўрсатди.

Бошқарув самарадорлиги бўйича 7 та йирик банк ўз позициясини яхшилади, худди шунча банкда пасайиш кузатилди. Энг катта ўсиш «Ипотекабанк»да қайд этилиб, банк 7 поғонага юқорилади. Энг катта пасайиш «Тенге Банк»да 7 поғона, шунингдек «Инфинбанк»да 4 поғона ва «Даврбанк»да 3 поғонани ташкил этди.

Даромадлилик бўйича натижалар деярли тенг тақсимланди. 5 та йирик банк ўз позициясини яхшилади, 5 та банкда пасайиш кузатилди, яна 10 та банк эса аввалги ўрнини сақлаб қолди. Энг катта ўсиш «Ориент Финанс Банк»да қайд этилиб, банк 2 поғонага юқорилади. Энг сезиларли пасайиш эса «Азия Альянс Банк»да бўлиб, у 2 поғонага тушди.

Ликвидлилик бўйича 3 та йирик банк ўз позициясини яхшилади, 6 та банкда эса фаоллик пасайди. Энг катта ўсиш «Ориент Финанс Банк»да қайд этилиб, банк 9 поғонага юқорилади. «Тенге Банк» ҳам ўз натижасини 3 поғонага яхшилади. Энг катта пасайиш «Асака Банк»да 5 поғона, «Ўзмиллийбанк»да 3 поғона ва «Ипак Йўли Банк»да 2 поғонани ташкил этди.

Банклар фаоллиги динамикаси

Йирик банклар рейтингида биринчи учлик ўзгаришсиз қолди. «Капиталбанк» биринчи, «Ҳамкорбанк» иккинчи, «Азия Альянс Банк» эса учинчи ўринни сақлаб қолди.

Йиғма рейтингда энг юқори ижобий динамикани «Ипотекабанк» намоён этиб, 4 поғонага кўтарилди ва 7-ўринни эгаллади. Бунга активлар сифати, капитал етарлилиги ва бошқарув самарадорлиги кўрсаткичларининг яхшиланиши асосий омил бўлди.

Фаоллик ўсиши суръати бўйича кейинги ўринларни «Даврбанк» ва «Инфинбанк» эгаллаб, ҳар иккиси рейтингда 3 поғонага юқорилади.

«Даврбанк» молиявий оммабоплик, активлар сифати, капитал етарлилиги ва даромадлилик кўрсаткичларини яхшилаб, 5-ўринга чиқди. «Инфинбанк» молиявий оммабоплик, капитал етарлилиги ва активлар сифати бўйича юқори натижалар ҳисобига 6-ўринни эгаллади.

Иккинчи чорак якунларига кўра, «Ипак Йўли Банк» сезиларли пасайиш қайд этиб, 4 поғонага тушди ва умумий рейтингда 8-ўринни эгаллади. Бунга молиявий воситачилик ва ликвидлилик кўрсаткичларининг ёмонлашиши сабаб бўлди.

Фаоллик пасайиши суръати бўйича «Анор Банк», «Халқ банки» ва «Тенге Банк» ажралиб турди. Уларнинг ҳар бири умумий рейтингда 3 поғонага пасайди.

«Анор Банк» молиявий оммабоплик, активлар сифати, бошқарув самарадорлиги ва даромадлилик кўрсаткичларининг пасайиши натижасида 9-ўринни эгаллади.

«Халқ банки» активлар сифати, бошқарув самарадорлиги ва даромадлилик кўрсаткичларининг ёмонлашиши сабабли 10-ўринга тушди.

«Тенге Банк» капитал етарлилиги, бошқарув самарадорлиги ва активлар сифати кўрсаткичларининг пасайиши натижасида 13-ўринни эгаллади.

Трансформация жараёнлари

Айрим банклар учун активлар сифати, ликвидлик, молиявий воситачилик ва бошқарув самарадорлиги чекловчи омил бўлиб қолмоқда.

Молиявий оммабоплик ва капитал етарлилиги бўйича ижобий динамика сақланган шароитда рейтингдаги позицияларни янада мустаҳкамлаш активлар сифати, рентабеллик, рискларни бошқариш ва операцион натижалар барқарорлигига боғлиқ бўлади.

2026 йил II чорагида кичик банклар фаоллиги рейтинги

Йирик банклар рейтингида бўлгани каби, кичик банклар орасида ҳам биринчи учлик ўзгаришсиз қолди. «TBC Банк» биринчи, «Универсал Банк» иккинчи, «AVO Банк» эса учинчи ўринни сақлаб қолди.

CERP: Банк сектордаги трансформация жараёнлари давом этаётгани кўрсатилмоқда
Йиғма рейтингда энг юқори ижобий динамикани «Октобанк» намоён этиб, 3 поғонага юқорилади ва 6-ўринни эгаллади. Банкнинг якуний натижаси даромадлилик, бошқарув самарадорлиги ва молиявий оммабоплик кўрсаткичларининг яхшиланиши ҳисобига ошди.

«Ҳаёт Банк», «ЎзКДБ Банк», «Содерот Банк», «Мадад Инвест Банк», «Опен Банк» ва «Узум Банк» рейтингда бир поғонадан юқорилади. Уларнинг якуний позициялари, аввало, молиявий оммабоплик, активлар сифати, ликвидлик ва капитал етарлилиги кўрсаткичларининг яхшиланиши ҳисобига мустаҳкамланди.

Йиғма рейтингда «Гарант Банк» сезиларли пасайиш қайд этиб, 4 поғонага тушди ва 14-ўринни эгаллади. Бунга молиявий оммабоплик, активлар сифати ва ликвидлик кўрсаткичларининг ёмонлашиши сабаб бўлди.

Пасайиш суръати бўйича кейинги ўринда «Пойтахт Банк» бўлиб, у 3 поғонага тушди ва 9-ўринни эгаллади. «Апекс Банк» ва «Зираат Банк» эса Индекснинг айрим таркибий қисмларидаги ўзгаришлар натижасида бир поғонадан пасайди.

CERP: Банк сектордаги трансформация жараёнлари давом этаётгани кўрсатилмоқда

Жаъфар Хидиров

Банк-молия ва капитал бозорларини ўрганиш шўъбаси

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.