Давлат раҳбари 2026 йилда инфратузилмани яхшилаш, одамлар ва тадбиркорлар учун шароит яратиш мақсадида туманларга ўртача 250 миллиард сўмдан, маҳаллаларга эса 5,5 миллиард сўмдан маблағ берилганини таъкидлади.
Таъкидланишича, туман ҳокимлари ва маҳалла раисларининг тушум бўйича ваколатлари кенгайтирилгани натижасида ҳудудда қоладиган қўшимча даромад 2 баробаргача кўпайди.
Туманларда ўртача 22 миллиард сўмдан қўшимча маблағ қолди, маҳалла бюджетига эса ўртача 150−200 миллион сўм тушди.
Таҳлиллар эса айрим маҳаллаларда муаммолар вақтида ҳал этилмаётганини кўрсатмоқда. Шу йилнинг ўзида Халқ қабулхоналари орқали 87 та маҳалланинг ҳар биридан 200 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.
«Бу маҳалла раислари ҳудуди бўйича мастер режа қилишни, бўш ерлар, бино-иншоотларни иқтисодий активга айлантиришни ўйламаётгани, туман, вилоят, республикадан келган раҳбарларга аниқ масала қўя олмаётгани билан ҳам боғлиқ», — деди президент.
Шунингдек, «Ташаббусли бюджет» дастури доирасида 2026 йил 7,5 триллион сўм ажратилган бўлса-да, 2136 та маҳаллада бирорта лойиҳа ғолиб чиқмаган. Давлат раҳбари маҳалладаги ҳамжиҳатлик, дахлдорлик ва ташаббускорлик айнан шундай амалий натижалар билан ўлчанишини таъкидлади.
Йиғилишда маҳаллаларда кичик лойиҳаларни кўпайтириш ва аҳолини ишли қилиш масалалари танқидий таҳлил қилинди. Сўнгги олти ойда банклар томонидан кичик-кичик лойиҳалар учун 18,5 триллион сўм ресурс ажратилди.
Мазкур маблағлар ҳисобидан 110 мингта микролойиҳа амалга оширилиб, 259 минг одам ишли бўлди. Лекин 47 та маҳаллада бор-йўғи 2 тадан микролойиҳа ишга туширилган.
Шавкат Мирзиёев 22 июндаги йиғилишда маҳаллалар учун 300 миллиард сўмлик қўшимча доимий даромад манбалари яратилишини маълум қилганди. Эндиликда уларнинг бюджетларига санитария меъёрларини бузиш ва ноқонуний қурилишлар учун ундириладиган жарималарнинг бир қисми, шунингдек, солиқларнинг бир қисми йўналтирилади. Бу маблағлар йўлларни таъмирлаш, болалар ва спорт майдончалари, истироҳат боғлари барпо этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга сарфланади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.