Президентнинг такидлашича, вилоят ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари туманларга, туман даражасидаги масъул ходимлар эса алоҳида маҳаллаларга бириктирилади.
Ойлик давомида ҳудудларда кенг кўламли тозалаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Бу жараёнларни мувофиқлаштириш учун Бош вазир раҳбарлигида республика штаби ташкил этилади, ҳудудий штабларга эса ҳокимлар бошчилик қилади.
Шавкат Мирзиёев мазкур ишлар фақат бир ойлик акция билан чекланиб қолмаслиги кераклигини таъкидлади. Унинг топшириғига кўра, бу ташаббус йил давомида давом этадиган умуммиллий ҳаракатга айлантирилади.
Жорий йилда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида нишонланади. Президентнинг таъкидлашича, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси энг аввало маҳаллаларда кўзга ташланиши ва одамлар кайфиятида ўз аксини топиши лозим.
Танловда ғолиб бўлган кўп қаватли уйлардаги квартира эгаларига мол-мулк солиғи бўйича имтиёз берилади. Ҳовли-жойлар эгалари эса ер солиғи бўйича имтиёзга эга бўлади.
Шунингдек, самарали тажрибаларни жорий этган «маҳалла еттилиги» ҳам рағбатлантирилади. Уларнинг иш услублари бошқа ҳудудларда ҳам намуна сифатида оммалаштирилиши режалаштирилган.
Президент вилоят ҳокимларига бир ҳафта муддатда ўз ҳудудидан ўтувчи магистрал автомобиль ва темир йўллар, шунингдек, улар атрофидаги турар жой ва тижорат объектларини тўлиқ хатловдан ўтказишни топширди.
Шундан сўнг икки ҳафта ичида мазкур ҳудудларни намунали қиёфага келтириш бўйича кенг қамровли дастурлар ишлаб чиқилиб, амалий натижаларга эришиш топширилди.
«Маҳалла — халққа энг яқин бошқарув бўғини. Одамларнинг кундалик масалалари шу ернинг ўзида, ортиқча оворагарчиликсиз ҳал бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Наманган вилоятининг Норин туманидаги «Янги Наманган» маҳалласида ташкил этилган ахборот ва хизмат маркази бу борада намуна сифатида кўрсатилди. Марказ орқали атрофдаги саккизта олис маҳалла аҳолисига бир жойнинг ўзида 980 турдаги давлат хизмати тақдим этилмоқда.
Худди шундай ахборот ва хизмат маркази Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги «Қаҳрамон» маҳалласида ҳам Венгриянинг «ақлли қишлоқ» модели асосида ташкил этилмоқда.
Йил якунига қадар Норин ва Ховос туманлари тажрибасини Қўнғирот, Конимех, Бойсун, Қамаши, Қўшработ, Тупроққалъа, Ғиждувон, Фориш, Бешариқ, Жалолқудуқ ҳамда Оҳангарон туманларида жорий этиш топширилди.
Шунингдек, Урганч шаҳридаги «Олимпия» маҳалласида йўлга қўйилган «ақлли маҳалла» тажрибаси ҳам мамлакатнинг ҳар бир вилоятидаги 10 тадан маҳаллага татбиқ этилади.
Эслатиб ўтамиз, Президент аввалроқ маҳаллалардаги бўш ер участкаларини хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун аукцион орқали ажратиш ваколати маҳалла раисларига берилишини маълум қилган эди. Бунда қарорлар ҳар бир ҳудуднинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда қабул қилиниши белгиланган.
Ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган лойиҳалар учун ҳар бир «маҳалла еттилиги»га 10 миллион сўмдан грант ажратилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилиб, маҳалла раиси «ўз ҳудудининг ҳақиқий раҳбари»га айланиши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, бир нафар банк ходимига кўпи билан учта маҳалла бириктирилиши белгиланди.
Бундан ташқари, маҳалла бюджетларига нотурар жой объектларидан тушадиган солиқларнинг 5 фоизи ҳамда санитария қоидаларини бузиш ва ноқонуний қурилиш учун ундирилган жарималарнинг 10 фоизи йўналтирилади. Янги даромад манбалари ҳисобидан 2027 йилга бориб маҳаллалар бюджетлари 2 триллион сўмга етказилиши режалаштирилган. Шунингдек, йил якунида энг яхши натижа кўрсатган 200 та маҳаллага 2 миллиард сўмдан мукофот ажратилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.