«Маҳалла еттилиги»га маҳаллий лойиҳалар учун 10 млн сўмдан грант ажратилади

«Маҳалла еттилиги»га маҳаллий лойиҳалар учун 10 млн сўмдан грант ажратилади

«Маҳалла еттилиги»га ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, тозаликни сақлаш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган лойиҳалар учун 10 миллион сўмдан грантлар ажратилади. Бу мақсадлар учун 240 миллиард сўм миқдорида ресурс шакллантирилади, деб хабар берди президент Шавкат Мирзиёев 16 июлдаги йиғилишда.

Маълумот учун, «еттилик» таркибига маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори киради.

Давлат раҳбари маҳалла раислари бундай лойиҳаларни амалга оширишда ташаббускор бўлишлари кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, агар мамлакатдаги 8992 та маҳалланинг ҳар бирида лоақал биттадан лойиҳа ҳаётга татбиқ этилса, жойлардаги вазият сезиларли даражада ўзгаради.

Президент маҳалла раиси «ўз ҳудудининг ҳақиқий бошқарувчиси» бўлиши кераклигини таъкидлади. Эндиликда у ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, профилактика инспектори, солиқ инспектори ҳамда маҳаллага бириктирилган банк ходимининг ҳафталик ва ойлик иш режаларини тасдиқлайди.

Маҳалла раислари, шунингдек, «еттилик» аъзолари олдига аниқ вазифалар қўяди ва уларнинг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб боради.

«Маҳалла еттиликлари»ни услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий муаммоларни ҳал этишга илмий ёндашувни татбиқ этиш мақсадида Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади. Мазкур муассаса «еттилик» аъзоларини ўқитади ҳамда долзарб масалаларнинг илмий асосланган ечимларини ишлаб чиқади.

Битта банк ходимига учтадан кўп бўлмаган маҳалла бириктирилади


Шавкат Мирзиёев, шунингдек, маҳаллаларга бириктирилган банк ходимларининг иш услублари ҳам ўзгаришини эълон қилди.

Банклар ҳар бир маҳалланинг «ўсиш нуқталари»ни аниқлаши, ташаббускор аҳолини топиши ва даромад келтирадиган лойиҳалар сонини кўпайтириши лозим бўлади. Эндиликда битта маҳалла банкирига учтадан кўп бўлмаган маҳалла бириктирилади.

Президент Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги Янгиобод маҳалласини муваффақиятли намуна сифатида келтириб ўтди. У ерда 2 километрли зовур усти тармоғи ёпилиб, ўрнида 110 та хизмат кўрсатиш объекти ташкил этилган. Бунинг эвазига атрофдаги ҳудудларда яшовчи 1225 нафар аҳоли иш ўрни ва даромад манбаига эга бўлди.

Арнасой туманидаги Бахтли маҳалласида эса банк ходими томонидан 20 та хонадонга меҳмон уйлари очиш учун 50 миллион сўмдан кредит ажратилган. Президентнинг таъкидлашича, бу ердаги ҳар бир оила мавсум давомида 100 миллион сўмгача даромад олмоқда. Ушбу лойиҳалар ишга туширилгач, яна 80 та оила ўз хонадонида меҳмон уйлари ташкил этишни бошлаган.

Икки ҳафта муддатда олий таълим муассасаларининг ташаббускор битирувчилари ҳамда замонавий фикрлайдиган ёш мутахассислар орасидан 400 нафар янги маҳалла банкири саралаб олинади. Сўнгра улар бир ой давомида намунали маҳаллалар тажрибасини ўрганади.

Эслатиб ўтамиз, маҳаллалардаги бўш ер майдонларини хусусий боғча, мактаб, шифохона ва спорт объектлари барпо этиш учун аукцион орқали ажратиш режалаштирилмоқда. Давлат раҳбарининг маълум қилишича, бундай ваколат маҳалла раисларига берилади. Бунда қарорлар айнан шу ҳудуднинг реал эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилиниши лозим.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.