Янги Қува маҳалласи мисолида янги тартиб кўрсатиб ўтилди. Ушбу маҳаллада 51 нафар ишсиз фуқаро бор, уларнинг 4 нафари агротехникумни битирган ва хонадонида 10 сотихдан томорқаси мавжуд.
Маҳалла раиси томорқада гул кўчатига ихтисослашган енгил конструкцияли иссиқхона қуриш учун маҳалла банкирига буюртма беради.
Қолган ишсиз аҳоли бўйича ҳам маҳалла раиси ким тадбиркор бўлмоқчи, қайси оила даромадини оширмоқчи, кимга кредит, ускуна ёки ер кераклигини аниқлаб, банкирга аниқ вазифа қўяди.
Янги Қува маҳалласида боғча етишмаслиги сабаб 50 нафар бола қўшни маҳаллага қатнаяпти, ҳудудда эса 70 сотих бўш ер бор. Шу муносабат маҳаллаларда хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун ерни аукционга чиқариш ваколати ҳам маҳалла раисларига берилади, деди президент.
Йиғилишда Шавкат Мирзиёев бандлик лойиҳаларида камбағал оилалар иштирокига ҳам тўхталди. Айрим туманларда амалга оширилаётган лойиҳаларда камбағал оилалар иштироки 15 фоизга ҳам етмаяпти. Қораўзак, Марҳамат, Миришкор, Нуробод ва Термиз туманлари мисолида бу борадаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди.
960 та камбағал оила яшайдиган 32 та маҳаллада бирорта ҳам эҳтиёжманд одам доимий ишга жойлаштирилмаган.
883 та маҳаллада эса банкирлар хонадонбай юриб, лойиҳа қилмаган, тадбиркорлар билан учрашмаган.
Йил бошидан маҳаллада ишни тўғри ташкил қилмаган 152 нафар раҳбар ишдан олинди, яна 700 нафарига интизомий чора кўрилди.
Маҳаллаларда солиқ тушумлари, жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича ҳам масъулларга саволлар қўйилди.
«Маҳалла одамлар учун чинакам ишонч, таянч ва имкониятлар маркази бўлиши зарур», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.