«Сурхон» Суперлига ўйинларини ўз уйида ўтказа олмайди: Стадионни қайта тиклаш учун нима қилиш керак?

«Сурхон» Суперлига ўйинларини ўз уйида ўтказа олмайди: Стадионни қайта тиклаш учун нима қилиш керак?

Ўзбекистон профессионал футбол лигасынинг (ЎзПФЛ) майдонлар ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи 22 июль куни Термиз шаҳрида бўлиб, «Сурхон арена» ҳамда унинг захира майдонини кўздан кечирди. Мониторинг хулосасига кўра, ҳар икки майдон ҳам расмий учрашувларни қабул қилишга мутлақо тайёр эмас.

Муаммо нимада ва у қандай юзага келди?

Текширувлар шуни кўрсатдики, ўтган вақт давомида майдон парвардишида қатор жиддий камчиликларга йўл қўйилган. Чим қопламаси ўта сийраклашган, майдонни бегона ўтлар босган ва айрим қисмларда куйиш аломатлари пайдо бўлган. Бу ҳолат трансляция вақтида ҳам яққол кўзга ташланади.

ПФЛ матбуот хизматининг хабар беришича, майдоннинг бундай аҳволга келишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:


  • Агротехник тадбирларнинг кечикиши: Термизнинг иссиқ иқлимидан келиб чиқиб, мавсум якунида қўшимча уруғ сепилиши лозим эди. Аммо клубдаги молиявий қийинчиликлар сабабли бу иш ўз вақтида амалга оширилмаган.

  • Техник ва моддий таъминотдаги узилишлар: Ёқилғи ва зарур ресурслар етишмагани сабабли майдон ўз вақтида ўрилмаган, агрономларга ўғит ва кимёвий воситалар кечиктириб етказиб берилган.

  • Кадрлар танқислиги: Стадионнинг асосий ва захира майдонларини етарлича парварриш қилиш учун ишчи кучи етишмайди.

Шунингдек, баҳор сўнггида етказиб берилган уруғ ва ўғитлар кечиктирилгани ҳамда уруғ нави ҳудуд иқлимига мос келмагани сабабли кутилган натижани бермаган.

Вазиятдан чиқиш йўллари қандай?

«Сурхон» клуби ўз ҳисобидан аренанинг дренаж, суғориш ва ёритиш тизимларини ҳамда электрон реклама щитларини Суперлига талабларига мослаштирган. Аммо майдонни қайта тиклаш учун вақт ва катта меҳнат талаб этилади. Ҳозирда учта вариант мавжуд:


  1. Мавжуд майдонни агротехник йўл билан босқичма-босқич тиклаш (анча мураккаб ва узоқ жараён);

  2. Бошқа ҳудуддан тайёр рулонли чимни олиб келиб ётқизиш (стадионни қисқа вақт ичида фойдаланишга топшириш имконини беради);

  3. Тозадан янги уруғ қадаш (бу ҳолда жамоа фақат келаси мавсумнинг иккинчи ярмидан кейин ўз уйига қайта олади).

Лига масъуллари клублар ва маҳаллий мутасаддиларни майдон парвардишига жиддий эътибор қаратишга чақирди. Ташкилот «Сурхон»нинг молиявий қийинчиликларини тушунган ҳолда, Суперлига талаблари барча учун тенг эканини ва муаммо ҳамкорликда ҳал этилишига ишонч билдирди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.