Йил бошидан буён шаҳарда 140 та янги жойлаштириш объекти ишга туширилди. Улар орасида 31 та меҳмонхона, 83 та хостел, 16 та оилавий меҳмон уйи ва яна 10 та бошқа турдаги жойлаштириш воситалари бор. Шунингдек, 203 та янги туризм корхонаси ташкил этилди. Натижада уларнинг умумий сони 2673 тага етди.
Пойтахтда туризм инфратузилмасини ривожлантириш ишлари давом этмоқда. Ҳозирда Тошкентда умумий узунлиги 27,2 километр бўлган 26 та туристик ва гастрономик кўча фаолият юритмоқда. Уларда 1100 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объекти жойлашган. 315 та корхона сутка давомида ишлаш тартибига ўтган, қарийб 30 та хорижий бренд ўз фаолиятини йўлга қўйган.
Ушбу лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 4,9 мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратилди. Мазкур ҳудудлардан тушаётган солиқ тушумлари эса уч бараварга ошди.
Яқин вақт ичида пойтахтда яна умумий узунлиги 21,8 километр бўлган 18 та савдо, туристик ва гастрономик кўча ҳамда умумий узунлиги 4,6 километр бўлган учта соҳилбўйи сайр ҳудуди очилиши режалаштирилган.
Шунингдек, «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида 2026 йилнинг дастлабки олти ойида Тошкентнинг 1,1 миллиондан ортиқ аҳолиси мамлакат ҳудудлари бўйлаб саёҳат қилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.