Давлат раҳбари сўнгги ўн йилда энергетика соҳасида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади. Қонун ва қарорлар қабул қилиниб, соҳада хусусий сектор ва хорижий инвесторлар учун йўл очилди.
Президент инвесторлар билан бир неча бор шахсан учрашиб, уларнинг таклифларини эшитганини қайд этди. Ҳар бир йирик лойиҳани амалга ошириш учун шароит яратилиб, зарур кафолатлар берилди.
Натижада энергетика соҳасига 23 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилди, жойларда 9,5 гигаваттли электр станциялари ишга туширилди. Шу тариқа генерация бўйича ички эҳтиёжни тўлиқ қоплайдиган қувватлар яратилди.
Сўнгги йилларда электр ва газ тармоқлари, подстанциялар, трансформаторлар ва газ тақсимлаш қурилмаларини янгилаш учун 30 триллион сўм ажратилди. Бу олдинги 25 йилда йўналтирилган маблағдан 6 карра кўп.
«Очиқ айтиш керак. Энергетикада муаммо маблағда эмас, чунки қанча керак бўлса, топиб беряпмиз. Муаммо тизимнинг бошқарувида!» — деди президент.
Барча ҳудудларда деярли бир хил тармоқ бўлгани билан айрим туманлар яхши ишлаётгани, бошқаларида эса доим авария содир бўлаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу талаб назорат ва интизомнинг ҳар хиллиги билан боғлиқ.
Энергетика вазирлиги ва унинг қуйи бўғинларидаги раҳбарларда ижро ва масъулият етишмаётгани танқид қилинди. Шу боис, одамлар ҳам, тадбиркорлар ҳам тизимга масъул раҳбарларнинг ҳозирги ишидан мутлақо норози.
«Такрор айтаман: тизимдаги ҳар бир раҳбарнинг қилаётган иши, энг аввало, одамларнинг ҳаётида, турмуш тарзида сезилиши, тадбиркорларнинг мушкулини осон қилиши керак», — деди давлат раҳбари.
Ҳар йили ёз ва қишда ўнлаб подстанцияларда авария бўлиб, юзлаб трансформаторлар ёниб кетмоқда. Июнь-июль ойларининг ўзида 4 мингга яқин авария содир бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлар 8−10 соатгача электрсиз қолган.
Сўнгги беш йилда Ширин шаҳри, Янгиҳаёт, Яккасарой ва Оҳангарон туманида электр истеъмоли 2 каррадан зиёд ошган. Бироқ масъуллар ва ҳокимлар тармоқларнинг бундай юкламани кўтара олмаслигини олдиндан ҳисобга олмаган.
Президент ҳар бир узилиш тадбиркорлар ва иқтисодиётга қанча зарар келтиргани ҳисоблаб чиқилмаганини танқид қилди. Ҳокимлар энергия истеъмоли балансини аниқ билмагани учун миллиардлаб маблағ ҳавога кетаётганини кўрсатиб ўтди.
Авволроқ Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов идорага қарийб тўрт йил раҳбарлик қилганидан сўнг лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Шерзод Хўжаев эгаллади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.