Янгийўлнинг электр ва газ таъминоти бўйича тажрибаси бутун Ўзбекистонга татбиқ этилади — президент

Янгийўлнинг электр ва газ таъминоти бўйича тажрибаси бутун Ўзбекистонга татбиқ этилади — президент

Янгийўл туманида электр ва газ таъминотини барқарорлаштириш бўйича махсус штаб ташкил этилади, унга энергетика вазири Шерзод Ходжаев бошчилик қилади. Бу ҳақда 27 июль куни ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Янгийўл туманидаги вазият жойлардаги энергетика ташкилотлари иши қай тарзда қайта кўриб чиқилиши кераклигига мисол қилиб келтирилди.

Туманда 1400 км электр тармоқлари ва 422 та трансформатор мавжуд. Охирги беш йилда аҳолининг электр энергияси истеъмоли 68 млн кВт/соатдан 102 млн кВт/соатгача ёки 1,5 бараварга ошган.

Лекин бу даврда бор-йўғи 60 та трансформатор ва 240 километр тармоқ янгиланган. Йил бошидан электр йўқотишлари 30 миллион кВт/соатга етган, тармоқларда 37 та авария содир бўлган.

Тўлов интизоми яхши йўлга қўйилмагани сабабли дебитор қарздорлик 43 миллиард сўмга чиқиб кетган. Шунинг 9,4 миллиард сўми нореал қарздорлик ҳисобланади.

Туманда 829 та истеъмолчининг ҳисоблагичи АСКУЭ тизимига мос келмайди, яна 2 мингта ҳисоблагич маълумот юбормайди.

Бундан ташқари, солиққа «нол» ҳисобот топширган 48 та корхона эса олти ойда 871 минг киловатт-соат электр ишлатган.

Газ таъминотида ҳам худди шундай аҳвол кузатилмоқда. 5 мингдан ортиқ газ ҳисоблагич маълумот узатмаётгани оқибатида қарздорлик 188 миллиард сўмга етган.

Янгийўл тумани аҳолиси ва тадбиркорларини электр ҳамда газ билан барқарор таъминлаш бўйича махсус штаб ташкил этилади. Унга энергетика вазири Шерзод Ходжаев бошчилик қилади, туман ҳокими Санъат Жуманиёзов эса унинг ўринбосари бўлади.

Масъуллар икки ҳафтада туманнинг 51 та маҳалласида аҳоли ва тадбиркорларнинг ойлик, чораклик ва йиллик талабини ўрганади. Шу асосда «энергия истеъмоли баланси» шакллантирилади.

Қайси маҳаллада трансформатор ёки газ тақсимлаш қурилмасини янгилаш, қаерда тармоқ тортиш зарурлиги аниқ белгиланади. АСКУЭ ва АСКУГ тизимига мос келмайдиган ҳисоблагичлар алмаштирилиб, маълумот узатмаётган қурилмаларнинг узлуксиз алоқаси таъминланади.

Электр ва газ йўқотишларини 2 карра камайтириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади. Бунда зарур маблағнинг қанчаси тизим корхоналари, қанчаси маҳаллий қўшимча даромад ҳисобидан ажратилиши аниқ кўрсатилади.

Йирик истеъмолчи бўлган корхоналар энергия аудитидан ўтказилиб, уларни тежамкор технологияларга ўтказиш учун банклар томонидан ресурс ажратилади. Барча боғча, мактаб, техникум, шифохона ва поликлиникаларнинг энергия сарфи таҳлил қилиниб, тоифаларга ажратилади.

Кўп қаватли уйларнинг иситиш тизими диагностика қилинади, қарздорликни бартараф этиш бўйича кўчама-кўча иш олиб борилади. Барча ишлар 1 октябргача якунланиб, Янгийўл электр ва газ таъминоти бўйича намунавий туманга айлантирилади.

Президент Янгийўл мисолидаги тизим республикадаги барча туман ва шаҳарларга татбиқ этилишини айтди. Энергетика тизими раҳбарлари ҳар бир вилоятдаги энг оғир биттадан туманга бириктирилади.

Улар ҳокимлар билан биргаликда йил якунигача ўзига бириктирилган ҳудудда янги иш тизимини йўлга қўяди. Ислоҳотлар штаби, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, тармоқ ва банк раҳбарлари ҳам ҳудудларга чиқади.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг электр ва газ билан боғлиқ масалалари ўрганилиб, масъулларга йил якунигача ва келаси йилда амалга оширадиган ишлари аниқ кўрсатилади. Мазкур ишлар учун маблағ манбалари ҳам белгилаб берилади. Электр ва газ ҳисобини юритиш, тармоқдаги йўқотишлар ва дебитор қарздорликни кескин камайтириш имкониятлари жойида кўрсатиб берилади.

Давлат раҳбари вилоят ва туманлардаги электр ҳамда газ таъминоти раҳбарларининг «кўзини очиш», уларни натижа учун ишлаш учун масъулиятини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Аввалроқ йиғилишда Мирзиёев сўнгги йилларда Ўзбекистон энергетикасига 23 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этилгани, тармоқлар ва ускуналарни янгилашга эса 30 триллион сўм йўналтирилганини маълум қилган эди. Шунга қарамай, биргина июнь-июль ойларида 4 000 га яқин авария содир бўлган. Президент соҳанинг асосий муаммоси сифатида бошқарув сифатини атади.

Йиғилишдан олдин энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов деярли тўрт йиллик фаолиятидан сўнг лавозимидан озод этилгани маълум бўлди. Шунингдек, «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари Асроржон Асқаров ҳам ишдан олинди.

Ўзбекистоннинг тўртта энг йирик энергетика компанияси — «Миллий электр тармоқлари», «Иссиқлик электр станциялари», «Трансгаз» ва «Ҳудудгаз» раҳбарлари президентдан йил охиригача синов муддатини олди. Давлат раҳбари натижа бўлмаган тақдирда улар лавозимидан озод этилишини маълум қилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.