Рашад Мамедов Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси бўлди

Рашад Мамедов Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси бўлди

Озарбайжоннинг Ўзбекистонга янги тайинлаган фавқулодда ва мухтор элчиси Рашад Эйниддин ўғли Мамедов ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди, дея хабар бермоқда вазирлик.

У мазкур лавозимда 2012 йилдан буён ишлаб келаётган Гусейн Гулиев ўрнини эгаллади. Яқинда президент Шавкат Мирзиёев унга «Меҳнат шуҳрати» орденини топширганди.

Вазирнинг сўзларига кўра, учрашувда сиёсий мулоқотнинг юқори суръатини юксак даражада давом эттириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт ва логистика соҳасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

«Элчи жанобларининг бой дипломатик тажрибаси Ўзбекистон-Озарбайжон иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорлигимизни янги амалий натижалар билан бойитишга хизмат қилади», — дея қайд этди Саидов.

Рашад Мамедов 1973 йил 31 октябрда Ганжа шаҳрида туғилган. 1995 йилда Боку давлат университетининг ҳуқуқшунослик факултетини, 2004 йилда Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академияси магистратурасини тугатган.

У 2021 йилнинг июль ойидан ҳозиргача Озарбайжоннинг Туркиядаги элчиси бўлиб ишлаб келаётганди. Ундан аввал мамлакатнинг Қозоғистондаги элчиси, Ақтау шаҳридаги бош консули, Россиядаги элчихонаси учинчи, иккинчи котиби каби лавозимларда ишлаган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.