Ўзбекистон — Қирғизистон ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон раҳбари бугунги кунда Ўзбекистон — Қирғизистон муносабатлари ҳар қачонгидан ҳам юксак даражага кўтарилганини таъкидлади.

Бу галги ташриф арафасида Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, бизнес форум, ректорлар ва таҳлилий марказлар вакилларининг учрашувлари, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда қатор бошқа тадбирлар муваффақиятли ўтказилгани қайд этилди.
Музокаралар давомида томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирлик, идора ва ҳудудлар, ишбилармон доиралар ва экспертлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олди. Давлатлараро кенгаш тузишга қарор қилинди.
Халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, БМТ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ҳамда бошқа кўп томонлама платформалар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш вазифасидан келиб чиқиб, яқин фурсатда импорт ўрнини фаол босиш асосида ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажмларини ошириш чоралари кўрилади. Шунингдек, икки давлат пойтахтларида савдо уйлари ва ваколатхоналари очилади.
Устувор йўналишларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда энергетика, геология, муҳим минераллар, логистика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Куни кеча бўлиб ўтган бизнес форуми доирасида янги савдо шартномалари ва инвестиция келишувларининг тўплами қабул қилинди.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида белгиланди. Қамбарота ГЭС 1 қурилиши лойиҳаси бўйича битимни имкон қадар тезроқ имзолаб, уни амалий босқичга ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Икки мамлакат ҳудудлари савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиш нуқталари экани таъкидланди. Бу борада жорий йил якунига қадар барча вилоятлар иштирокида биринчи Ҳудудлар форуми ўтказилиши ҳамда уларнинг ўзаро ташрифлари жадвали тасдиқланиши белгилаб олинди.
Маданият, ёшлар, туризм, таълим, илм-фан ва спорт соҳаларидаги фаол алмашинувлар давом эттирилади.
Музокаралар давомида бош вазир ўринбосарларининг савдо-иқтисодий кун тартиби бўйича аниқ таклифларни ўзи ичига олган ахборотлари тингланди.
Якунда Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.