Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара масалаларини тўлиқ ҳал этади — Садир Жапаров

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара масалаларини тўлиқ ҳал этади — Садир Жапаров

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара масалаларини тўлиқ ҳал этиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги ўтказиш пунктлари сонини 15 тадан 30 тагача ошириш имконини берадиган ҳужжатларни имзолайди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров 30 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи доирасидаги музокаралар чоғида маълум қилди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар «ўз тарихидаги энг яхши даврлардан бирини» бошдан кечираётганини таъкидлади.

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара масалаларини тўлиқ ҳал этади — Садир Жапаров
У етакчиларнинг сиёсий иродаси туфайли Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация қилиш жараёнини якунлашга эришилганини қайд этиб, буни «чин маънода тарихий ютуқ» деб атади.

«Бугун чегара масалаларини тўлиқ ҳал этадиган ва Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари сонини 15 тадан 30 тагача оширадиган шартномалар имзоланишини мамнуният билан қайд этаман. Шу орқали биз чегарадош вилоятлар аҳолисининг орзусини амалга оширдик», — деди Садир Жапаров.

Унинг сўзларига кўра, ўтказиш пунктлари тармоғининг кенгайтирилиши чегарадош ҳудудлар аҳолисига бир-бирлариникига эркинроқ бориб-келиш, қариндошлик ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, бизнес юритиш, таълим олиш ва ҳордиқ чиқариш имконини беради.

«Қолаверса, ўтказиш пунктларининг муваффақиятли фаолият юритиши мамлакатларимизнинг транзит ва транспорт-логистика салоҳиятини оширади. Эндиги вазифамиз — умумий чегарамиз ишонч, савдо, мулоқот ва биргаликдаги барқарор ривожланишнинг бирлаштирувчи майдони бўлиб хизмат қилишини таъминлашдан иборат», — деди Қирғизистон президенти.

У, шунингдек, Андижонда Қирғизистоннинг бош консулхонасини очиш тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилди. Садир Жапаровнинг баҳолашича, бу фуқароларнинг қатнаши, савдо, туризм, маданий-гуманитар алоқалар ва чегарадош ҳудудларни ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратади.

Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома


Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара масалаларини тўлиқ ҳал этади — Садир Жапаров
Ташрифнинг энг муҳим якунларидан бири Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бўлди.

«Бу хавфсизликни биргаликда мустаҳкамлаш, давлатларимиз иқтисодиётини ривожлантириш, халқаро майдонда бир-биримизни қўллаб-қувватлаш ва халқларимиз учун муносиб келажак яратиш бўйича олинган сиёсий мажбуриятдир», — деди Садир Жапаров.

У икки мамлакат ўртасидаги иттифоқчилик тинчлик, тараққиёт, яхши қўшничилик ва келажак авлодлар фаровонлигига қаратилганини таъкидлади.

Янги кун тартибини амалга ошириш учун томонлар Олий давлатлараро кенгашни ташкил этадилар. Қирғизистон президентининг сўзларига кўра, кенгаш эришилган келишувларнинг ижросини назорат қилади ва Қирғизистон-Ўзбекистон иттифоқчилигининг узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилаб беради.

Қамбарота ГЭСи ва темир йўл


Садир Жапаров Қамбарота ГЭС — 1 ва Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилишини стратегик қўшма лойиҳалар сифатида эътироф этди.

Ташриф арафасида қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг 12-йиғилиши, Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес-форуми ва Бизнес кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Қирғизистон президентининг айтишича, ушбу тадбирлар иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш имконини берди.

Садир Жапаров, шунингдек, Қирғизистонда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданияти кунлари, «Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли» китобининг қирғиз тилидаги нашри тақдимоти ҳамда икки мамлакат олий ўқув юртлари ректорларининг учинчи форумини ҳам эслаб ўтди.

«Бу ҳамкорлигимиз ҳукумат даражасидан тортиб ишбилармонлик, маданий, эксперт ва илмий доираларгача кенг қамровли ривожланаётганидан далолат беради», — деди у.

Нутқининг бошида Садир Жапаров Ўзбекистондаги ислоҳотларни ва Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, олиб борилаётган сиёсат намунаси сифатида сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон ЯИМнинг икки баравар ўсганини келтириш мумкин.

Ҳудудларни алмашиш


Ўзбекистон ва Қирғизистон 2022 йилда бир қатор ҳудудий баҳсларга чек қўйиб, чегара ва Андижон (Кампиробод) сув омбори сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолаган эди.

Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома умумий узунлиги 302,29 км бўлган чегара чизиғини, шу жумладан Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг 35 та участкасини белгилаб берди.

Эришилган келишувлар доирасида Андижон сув омборининг 4 957 гектар ҳудуди ҳамда тўғонга хизмат кўрсатиш ва уни қўриқлаш учун яна 19,5 гектар майдон Ўзбекистонга ўтган эди. Қирғизистонга компенсация тариқасида 1 019 гектар яйлов ерлари берилган.

Шунингдек, Андижон сув омборининг чап соҳилида қурилмай қолган Кампиробод канали эвазига компенсация тариқасида «Ғовасой» участкасидаги 12 849 гектар ер майдони Қирғизистонга ўтказилган.

Андижон сув омбори 1983 йилда қурилган. СССР парчалангач, у икки мамлакат ўртасидаги ҳудудий баҳс мавзусига айланган эди. Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида вақти-вақти билан, жумладан, сув ресурслари туфайли низолар келиб чиққан.

Жорий йилнинг июнь ойида илгари Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига тегишли бўлган Чонгара ва Тош-Тоба қишлоқлари чегарани демаркация қилиш доирасида Қирғизистон таркибига ўтгани маълум бўлган эди. Бунинг эвазига Қирғизистон томони Ўзбекистонга чегара ҳудудидан майдони бўйича тенг қийматдаги ер участкаларини топширган. Ушбу қишлоқларда қарийб 2 500 киши истиқомат қилади.

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2024 йилга нисбатан 37 фоизга ошиб, 1,2 млрд долларга етган (2024 йилда 874,7 млн доллар бўлган). Жорий йилнинг январь-июнь ойларида эса ўзаро савдо ҳажми 624,6 млн долларни ташкил этди (+45%).

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.