Президент энергетика соҳасидаги топшириқлар ижроси ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишди

Президент энергетика соҳасидаги топшириқлар ижроси ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишди

Шавкат Мирзиёевга энергетика тармоғи олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан ахборот берилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, 27 июль куни ёқилғи-энергетика тармоғидаги устувор масалалар бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳадаги бошқарув, электр ва газ таъминоти барқарорлиги, авариялар ҳамда энергия йўқотишларини қисқартириш бўйича қатор топшириқлар берилган эди.

Тақдимотда Энергетика вазирлиги, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва Ўзенергоинспексиянинг янги раҳбарияти мазкур вазифалар ижроси ҳамда келгусидаги режалари ҳақида ҳисобот берди.

Маълум қилинишича, ҳозирда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида электр ва газ таъминотини яхшилаш бўйича махсус штаб фаолият юритмоқда. У ерда аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, электр узилишлари, қувват етишмаслиги, газ босимининг пасайиши, техник шартлар ва қарздорлик билан боғлиқ мурожаатлар жойида ўрганилмоқда.

Янгийўл тажрибаси асосида яна 13 та туманда ҳам шу каби намунавий тизимни йўлга қўйиш, кейинчалик уни бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этиш режалаштирилган.

Президент энергетика соҳасидаги топшириқлар ижроси ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишди
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига улаш учун техник шартларни расмийлаштириш жараёнларининг қонунийлиги ва шаффофлигини таъминлаш, коррупсиявий ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кучайтирилаётгани таъкидланди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида муаммоли тармоқлар ва ускуналарни янгилаш, энергия йўқотишларини камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда авариявий узилишлар сабабларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, соҳа ходимларига топшириқларни электрон тизим орқали етказиш, уларнинг ижросини назорат қилиш ва фаолият самарадорлигини аниқ кўрсаткичлар асосида баҳолаш механизмлари ишлаб чиқилмоқда.

Президент топшириғига кўра, Энергетика вазирлиги тармоқда ягона ва самарали бошқарув тизимини шакллантириш, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарликни тизимли ташкил этиши лозим.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга электр таъминоти барқарорлигини ошириш, инфратузилмани босқичма-босқич модернизация қилиш, авариявий узилишларни камайтириш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш вазифалари юклатилди.

Ўзенергоинспексия эса энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш, техник талабларга риоя этилишини таъминлаш, йўқотишларни қисқартириш ва йирик истеъмолчиларда энергия аудитини жадаллаштириш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, табиий газ етказиб бериш имконияти чекланган маҳаллаларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, суюлтирилган газ таъминотига хусусий секторни кенг жалб қилиш ҳамда соҳадаги жараёнлар мониторингида сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Якунда давлат раҳбари барча чора-тадбирларни манзилли ва аниқ ҳисоб-китоблар асосида амалга ошириш, аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқларини электр ва газ билан барқарор таъминлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.